• beta

Нега юридик шахслар иштирокидаги кўчмас мулк ижара шартномаларини рўйхатдан ўтказиш маънога эга эмас эди

29.07.2019

Жорий йилнинг 1 январидан 25 июлига қадар кўчмас мулк ижара шартномалари уларни ким тузганидан қатъи назар солиқ хизматида рўйхатдан ўтказилиши лозим эди (Кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартиби тўғрисида низом (рўйхат рақами 3077-1, 24.07.2019 й.)). Бу на давлат учун, на бизнес учун зарур бўлган яна битта маъмурий тартиб-таомил эди.

Турли субъектларда ижара шартномаларини рўйхатдан ўтказиш қанчалик зарурлигини кўриб чиқамиз.

1.Ижарага берувчи ва ижарага олувчи – юридик шахслар. Ушбу вазиятда шартномаларни рўйхатдан ўтказиш ҳеч қандай маънога эга эмас, сабаби уларнинг муносабатлари шаффоф – шартнома, ҳисобварақ-фактура ва ҳ.к. мавжуд. Айтайлик, олди-сотди шартномаларини рўйхатдан ўтказиш ҳеч кимнинг ҳаёлига келмайдику...

2. Ижарага берувчи – юридик шахс, ижарага олувчи – жисмоний шахс. Мазкур вазиятда солиқ солиш мақсадида ижара тўловининг энг кам ставкасини белгилаган ҳолда давлат ўз манфаатларини ҳимоя қилади. Бинобарин, даромадлар устидан назоратни таъминлаш учун ижара шартномасини рўйхатдан ўтказиш ҳам шарт эмас.

3. Ижарага берувчи – жисмоний шахс, ижарага олувчи юридик шахс. Бу ерда ижарага олувчи-юридик шахс солиқ агенти ҳисобланади. У ижарага берувчига тўланадиган даромадлардан ЖШДСни ушлаб қолиши шарт. Шундай экан, солиқ солинадиган даромадларни назорат қилишда муаммо йўқ.

Боз устига, юридик шахслар иштирокидаги кўчмас мулк ижара шартномаларини мажбурий рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги норма бир вақтнинг ўзида иккита кодекс – Фуқаролик (574-модда учинчи қисми, 603-модда иккинчи қисми) ва Уй-жой (86-модда иккинчи қисми) кодексларига зид эди.

Қонун қарор топди - 2019 йил 25 июлдан бошлаб юридик шахслар ижара шартномаларини солиқ органларида рўйхатдан ўтказишлари зарур эмас. Кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартиби тўғрисида низомга (рўйхат рақами 3077-1, 24.07.2019 й.) тегишли тузатишлар киритилди.

4. Ижарага берувчи ва ижарага олувчи – жисмоний шахслар. Бу вазиятда даромадларни назорат қилиш ҳаммасидан мураккаб. Айнан шу боис қонунчиликда бундай шартномаларни солиқ органларида мажбурий рўйхатдан ўтказиш назарда тутилади.

Жисмоний шахслар бир-бирларига қандайдир даромадларни тўлашда солиқ агентлари ҳисобланмайди. Бундай шартномаларга нисбатан уларни рўйхатдан ўтказмасдан солиқ солиш маъмуриятчилигини амалга оширишнинг имконияти йўқ.

2019 йил январь ойигача бу шартномаларни нотариус рўйхатдан ўтказган. Рўйхатдан ўтказиш солиқ органларига берилганлиги тўғри қадам бўлди:

  • ушбу тартиб-таомилга талаб этиладиган вақт камайди;
  • солиқ ходимлари рўйхатдан ўтказиш билан бир вақтда жисмоний шахс маълумотларини маълумотлар базасига киритади ва солиқ ҳисоблайди.

 

Гулнора Эргашева, солиқ консультанти.


Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг