УФга қўшимча ҳисса қўшишга эълонни нотўғри тўлдиришнинг оқибатлари

preview

“2022 йилда УФни кўпайтирдик. Уставга ўзгартиришлар киритиш учун хизмат кўрсатувчи банкдан маълумотнома олдик. Унда шакллантирилган сумма бухгалтерия ҳисобига нисбатан 100 минг сўм кам акс эттирилган. Маълум бўлишича, 2021 йилда таъсисчи банк ҳисобварағига “УФни тўлдириш учун” формулировкаси ўрнига “ҳисобварақни тўлдириш учун” хато формулировкаси билан пул киритган экан. Бухгалтерия ҳисобида эса ушбу сумма УФга ҳисса сифатида акс эттирилган. 2022 йилда УФ банк маълумотномасида кўрсатилган суммага қайта рўйхатдан ўтказилди. Таъсисчи қўшилган маблағни олиб кетмоқчи эмас. 

Бухгалтерия ҳисобидаги хатони қандай тўғрилаш мумкин? Буни жорий сана билан амалга ошириш мумкинми? Ушбу операция қандай оқибатларга сабаб бўлади?” 

Вазиятни “Норма” эксперти Азизахон ТОШХЎЖАЕВА тушунтирди:

 

1. Агар ушбу 100 минг сўмни таъсисчи ҳисобварақни тўлдириш учун бепул киритган бўлса, тузатиш бухгалтерия ўтказмасини беринг:

  • Дт 6630  “Устав капиталини кўпайтириш бўйича муассисларнинг улушлари”; 
  • Кт 9390Бошқа операцион даромадлар”.

Тузатиш ўтказмаси хато аниқланган ҳисобот даврида амалга оширилади. Шу боис бухгалтерия ҳисобида сиз хатони жорий сана билан тузатасиз. 2021 йил учун молиявий ҳисоботни – қайта топширмайсиз.

2. Банк ҳисобварағига бепул келиб тушган пуллар – бу корхонанинг даромади. У фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ базасини аниқлашда жами даромад таркибига киритилади .

Пуллар 2021 йилда келиб тушганлиги боис, корхона ўша даврда даромад олган. 2021 йил учун солиқ суммасини қайта ҳисоблаб чиқаринг ва аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этинг .