Агар солиқнинг бир тури бўйича ортиқча тўлов, бошқаси бўйича қарз ҳосил бўлган бўлса

preview

ДСҚ ортиқча тўланган солиқ суммасини бошқа солиқлар бўйича солиқ қарзини узиш эвазига ҳисобга олишни автоматлаштиради. Ушбу сервис юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган барча солиқларни қамраб олади. Бунда солиқ тўловчида ортиқча тўланган суммаларни ҳисобга олиш ёки қайтариш тўғрисида ариза бериш ҳуқуқи сақланиб қолади. Buxgalter.uz бу қандай ишлашини аниқлаштирди.

 

СКнинг 104-моддасига мувофиқ солиқ бўйича қарзини қоплаш ҳисобига солиқ тўловчи томонидан ортиқча тўланган суммани ҳисобга олиш солиқ органлари томонидан мустақил равишда амалга оширилади.  Бу ҳақдаги қарор ортиқча тўлов аниқланган кундан эътиборан ёки тўланган солиқларни биргаликда ўзаро солиштириш далолатномаси солиқ органи ва солиқ тўловчи томонидан имзоланган кундан эътиборан ёхуд суднинг тегишли қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан 10 кун ичида қабул қилинади. Энди ушбу барча жараён автоматлаштирилади.

2022 йил 1 майдан бошлаб технология юридик шахслар учун жорий этилди ва ҚҚС, ЖШДС ва ижтимоий солиқдан ташқари барча солиқ турларини қамраб олган. Тизим самарали эканлиги маълум бўлди.

Солиқ тўловчининг бир турдаги солиқ қарзи ва бошқа турдаги солиқдан ортиқча тўлови юзага келган куннинг эртасига тизим автоматик тарзда ортиқча тўловни қарзни узиш эвазига ҳисобга олиш тўғрисида хулоса шакллантириб, туман ғазначилик бўлимига 1-5 кунгача муддатда ижро этиш учун юборади. Бу ҳақда солиқ тўловчи my.soliq.uz даги шахсий кабинети орқали хабарнома олади.

Солиқ тўловчида илгаригидек, солиқ органига солиқ қарзини узиш ҳисобига ҳисобга олиш ёки ортиқча тўланган солиқ суммасини қайтариш тўғрисида ёзма равишда мурожаат қилиш ҳуқуқи сақланиб қолади . Бу ҳолда солиқ органи ҳисобга олиш тўғрисидаги қарорни солиқ тўловчининг аризаси олинган кундан эътиборан ёки у ортиқча тўлаган солиқларни биргаликда ўзаро солиштириш далолатномаси имзоланган кундан эътиборан 10 кун ичида қабул қилиши шарт. Агарда солиқ тўловчи ортиқча тўланган солиқни қайтариш тўғрисида ариза берса, унга ариза солиқ органи томонидан олинган кундан бошлаб 15 кун ичида пуллар қайтарилади.

Манбага қаранг.