Электрон ҳисобварақ-фактурада қайси сана асосий бўлади?

preview

Ҳисобварақ-фактура санасиюзасидан  савол  тегишли ҳисобот даврларида даромад ва харажатни тан олиш, солиқ солиш учун ниҳоятда муҳим. Бироқ ЭҲФ тизимининг техник хусусиятлари бунга аниқ жавоб бермайди.

Хўш, қайси сана ҳал қилувчи бўлади?

  1. Ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган сана;
  2. Ҳисобварақ-фактурани электрон тизимда шакллантириш санаси (ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган санага тўғри келмаслиги мумкин);
  3. Харидор томонидан ҳисобварақ-фактура қабул қилинган (имзоланган) сана.

Масалан, ойлик хизматлар кўрсатувчи (коммунал, алоқа, интернет ва ҳоказо) ва ўз мижозларига ой охирида катта миқдорда ҳисобварақ-фактуралар шакллантирадиган корхона бухгалтери қандай йўл тутиши керак?

У ойнинг 25-санасидан бошлаб ЭҲФ оператори тизимида 30 ёки 31-сана билан ҳисобварақ-фактураларни шакллантиришни бошласа керак.

Уларни тахминан кейинги ойнинг 5-санасигача шакллантиради, бироқ, уларга яна 30 ёки 31-санани қўяди;

Шундан кейин у мижозлар-хизматлар харидорлари қачон  барча ҳисобварақ-фактураларни имзолаб бўлишларини кутади. 

Келтирилган схемадан кўрамизки, ЭҲФ операторлари орқали шакллантирилган ва жўнатилган барча ҳисобварақ-фактуралар ЭҲФ тизими – роуминг-оператори маълумотлар базасида айнан акс этади. Айни пайтда ЭҲФ тизими шундай ишлайдики, унга кўра даромад тизимда ҳисобварақ-фактура шакллантирилган санада тан олинади. Яъни – ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган 31-санада эмас, балки у тизимда шакллантирилган санада:

  • ҳисобварақ-фактураларнинг биринчи қисми 25-сана билан ўтади;
  • қолгани – кейинги ойнинг 5-санасида.

Шундан кейин, агар харидор бир қатор сабабларга кўра (унга қўнғироқ қилиб туша олишмаган, унда керак пайтда электр энергияси ёки интернет-уланиш бўлмаган, ЭРИдан фойдаланиш муддати ўтган, янгисини эса ҳали олишмаган ва ҳоказо) ЭҲФни ўз вақтида имзоламаса, солиқлар бўйича ҳисобот топшириш пайтида ҳисобварақ-фактура имзоланмаган ҳолда қолади.

Буларнинг барчаси икки тараф – ҳам сотувчи, ҳам харидорнинг солиқ солиш базасини бузиб кўрсатиши мумкин, шунингдек солиқ ҳисоботининг нотўғри шаклланишига олиб келиши мумкин. Бузиб кўрсатиш эса бюджетга зарар келтириши мумкин, сабаби кўрсатилган вазиятда солиқ тегишли ҳисобот даврида эмас, балки кейингисида келиб тушиши мумкин.

Бошқа мисол келтириш ҳам мумкин: қандайдир сабаб билан 2019 йил 25 сентябрь санасида хизматлар кўрсатиш юзасидан ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришмади. Корхона ўз хатосини тузатмоқчи:

  • уни ЭҲФ тизимида кўрсатиш;
  • солиқлар бўйича қайта ҳисоб-китобларни топшириш.

Агар амалдаги ЭҲФ тизими – роуминг-оператори маълумотлар базаси мазкур ҳисобварақ-фактурани “25 сентябрь” санаси билан киритиш имконини бермаса, корхона солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этишига тўғри келади.  ЭҲФда ишлашнинг техник хусусиятлари туфайли бухгалтер бу ҳисобварақ-фактурани жорий кун санаси – уни тизимда шакллантириш санасида кўрсатади.

ЭҲФ тизими – роуминг-оператори маълумотлар базаси бундай вазиятда:

1. Ҳисобварақ-фактурани шакллантириш ва унга 25 сентябрь санасини қўйиш имконини бериши;

2. Уни ёпилган ўтган даврга қўшимча реестрда қайд қилиши;

3. Камерал бўлимга ўтган ҳисобот даври – сентябрь ойи учун солиқларни қўшимча ҳисоблаш амалга оширилганлиги ҳақида хабардор қилиши керак. Яъни – бундай корхона солиқлар бўйича қайта ҳисоб-китоб топшириш лозимлигини кўрсатиши даркор.

Муаммони қандай ҳал қилиш мумкин?

Қонунчилик даражасида мазкур масалани тартибга солувчи тартибни белгилашни таклиф қиламиз:

  1. Харидор учун тақдим этилган ҳисобварақ-фактурани қабул қилиши ва имзолаши ёки рад этиши шарт бўлган  муддатни белгилаш. У реализация амалга оширилган ой тугагач, 20 кундан ошиши керак эмас.
  2. ЭҲФ санасини роуминг-оператори маълумотлар базасида ҳисобварақ-фактура шакллантирилган ва акс эттирилган санани эмас, балки ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган санани белгилаш.

Мисол учун, ҳисобварақ-фактурага 31 октябрь санаси қўйилган, ЭҲФ тизимида 1 ноябрь куни шакллантирилган, харидор уни 5 ноябрда имзолаган. Роуминг-оператори маълумотлар базасида ва ҚҚС ҳисоб-китобига сотиб олиш ва сотиш реестрида бундай ҳисобварақ-фактура 31 октябрь санаси билан акс эттирилиши керак.

 

Эътибор беринг
Ҳар қандай ҳолатда «ЭҲФ тизими ↔ сотиб олиш ва сотиш реестри↔ ҚҚС ҳисоб-китоби» занжирида кўрсаткичлар тўғри келмаслиги мумкин ва тўғри келмайди ҳам, ҳатто ҳисобварақ-фактура санаси юзасидан масала ҳал қилинган тақдирда ҳам.

Улар чакана савдо, чипталарни реализация қилиш, воситачилик ҳақи, суғурта полислари, лизинг, норезидентлар хизматлари, банк кўчирмалари, таннархдан паст реализация қилиш ва ҳоказо ҳисобига тўғри келмайди.

Шу боис ЭҲФ тизими (роуминг-оператори маълумотлар базаси) ўзининг биринчи босқичида сотиш ҳажмларини бутунлай қамраб олиш ва даврлар бўйича тўлиқ тўғри келишига даъвогарлик қилмаган.  Фикримизча, бу ҚҚС занжирининг умумий муфассал ҳисобига ўтишнинг босқичларидан, шунингдек – камерал назорат механизмларидан бири.