Электрон ҳисобварақ-фактурага ўтишда зиддиятлар ва муаммоли масалалар

preview

Бухгалтерлар “Ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида электрон шаклдаги ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги Низомда зиддиятлар мавжуд, деб ҳисоблайдилар. Уларни батафсил кўриб чиқамиз.

1. Жисмоний шахсларга товарлар ва хизматларни реализация қилиш чоғида ЭҲФни расмийлаштириш керакми?

522-сон Низомнинг 3-бандида белгиланишича, товарлар (ишлар, хизматлар) нақд пулда ва терминалдан фойдаланган ҳолда реализация қилинганда электрон ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш зарур эмас. Харидорга бу ҳолда НКМ чеки ёки терминал чеки тақдим этилади.

Бунда Низомнинг 18-бандига асосан товарларни (ишлар, хизматларни) тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмайдиган жисмоний шахсларга реализация қилишда товарларни (ишлар, хизматларни) сотувчи томонидан шакллантирилган ЭҲФ унинг электрон рақамли имзоси билан бир томонлама тасдиқланади.

Зиддият: 3-банд – жисмоний шахсларга реализация қилишда ЭҲФ тўлдирилмайди, 18-банд – ЭҲФ ҳар ҳолда тўлдирилади.

Нима қилиш керак?
СК лойиҳасининг 50-моддасида қуйидагиларда ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш зарур эмас: товарларни экспорт қилиш чоғида, шунингдек, агар Ўзбекистон Республикаси уларни реализация қилиш жойи, деб эътироф этилмаса; товарларни (хизматларни) реализация қилиш чоғида агар сотувчи томонидан харидорга касса чеки ёки белгиланган шаклдаги бошқа ҳужжат тақдим этилса. 2020 йил 1 январгача 522-сон Низомга тегишли ўзгартиришлар киритиб, зиддиятларни бартараф этиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

2. Корпоратив пластик карта орқали реализация қилишда қандай йўл тутиш керак, онлайн- НКМ ёрдам берадими?

Бугунги кунда КПК орқали тўловни амалга ошириш билан товарларни (хизматларни) реализация қилиш чоғида мажбурий тартибда ҳисобварақ-фактура ёзиш лозим . Шу боис, 2020 йил 1 январдан бошлаб 522-сон Низом нормалари бу мажбуриятни бекор қилади, дейиш мумкин эмас.

Нима қилиш керак?
  • Терминал орқали тўловни амалга ошириш билан товарларни (хизматларни) реализация қилиш чоғида терминал чекида бирламчи ҳужжатнинг (ҳисобварақ-фактура) зарур реквизитлари бўлишини техник жиҳатдан назарда тутиш зарур.
  • Бундай чек харидор учун ҚҚС бўйича ҳисобга олишни қўллаш ва уни сотиб олиш реестрида акс эттириш учун асос бўлади.

Бу вазифани келгуси йилда ҳал қилишда онлайн-НКМ ёрдам беради, уларнинг  чекларида барча зарур реквизитлар назарда тутилган :

  • чекнинг тартиб рақами;
  • онлайн-НКМнинг завод рақами ёки виртуал кассанинг серия рақами;
  • тадбиркорлик субъектининг номи, СТИР;
  • пулли ҳисоб-китоблар амалга ошириладиган манзил;
  • товар/хизмат номи;
  • маркировка қилинадиган товарлар учун маркировка коди;
  • товар/хизмат миқдори;
  • товар/хизмат нархи (қиймати);
  • товар/хизматнинг ҚҚС ставкаси ва унинг суммаси;
  • тўлов шакли: нақд, пластик карта ёки аралаш;
  • тўловнинг жами суммаси;
  • тўлов санаси ва вақти;
  • фискал модулнинг такрорланмайдиган рақами;
  • фискал белги;
  • чекнинг ҳақиқийлигини текшириш учун камида 30х30 мм ўлчамдаги QR-код.

Бир томондан – КПК орқали товарларни (хизматларни) реализация қилиш чоғида ҳисобварақ-фактура харидорга керак бўлмайди, сабаби у НКМ чекини такрорлайди.

Бошқа томондан – бу ҳисобварақ-фактура сотувчига керак, чунки онлайн-НКМ чекининг юқорида кўрсатилган реквизитларида харидор тўғрисидаги маълумотлар мавжуд эмас. Сотувчи бундай вазиятда унинг ҳисоб маълумотлари – СТИР, номи, манзили, ҚҚС тўловчининг рўйхатга олиш кодини қандай билиши мумкин?  Сотувчига бу маълумотлар ўзининг ҳисобида ҳамда ҚҚС ҳисоб-китобига сотиш реестрида КПК орқали товарларни (хизматларни) реализация қилишни тўғри акс эттириш  учун зарур.

Мисол учун, юридик шахс вакили дўконга келиб, КПК орқали товарлар харид қилди. Кассанинг ҳисоб тизими реализацияни “харид терминал орқали амалга оширилди” белгиси билан қайд этади. Қачон чакана савдо корхонаси ҚҚС ҳисоб-китобига сотиш реестрини шакллантирса, бу сумма, бошқалар қаторида, “терминал орқали” позициясида – реализациянинг умумий суммасида ойнинг сўнгги санасида акс этади.

Бунда берилган ҳисобварақ-фактуранинг ҳисобда икки марта акс этиши хавфи бор:

  • биринчи марта – дўкон кассаси маълумотларига кўра  реализациянинг умумий суммасида;
  • иккинчи марта – электрон ҳисобварақ-фактуралар тизимида шакллантирилган ҳисобварақ-фактура кўринишида.

Яъни бундай корхонанинг бухгалтерия хизмати ҳар бир ҳисобот ойида:

  • таҳлил қилиши ва ҳисобот маълумотларини бузиб кўрсатмаслиги учун терминал орқали умумий тушумдан КПК бўйича ҳисобварақ-фактураларни айириб ташлаши лозим. Бу маълумотлар ҳисобварақ-фактурани ҚҚС ҳисоб-китобига сотиб олиш реестрида акс эттирган харидор кўрсаткичлари билан тўғри келиши керак.
Нима қилиш керак?
Муаммони техник жиҳатдан ҳал қилиш мумкин, деб ҳисоблаймиз. Солиқ тўловчи ҳисоби юритиладиган асосий реквизит – бу СТИР. Агар техник жиҳатдан пластик карталар улардан фойдаланиш пайтида ўқиладиган СТИР реквизитини ўз ичига олади, деб фараз қилсак, у бўйича КПК билан харидорнинг қолган барча ҳисоб маълумотларини: номи, манзили, банк реквизитлари, ҚҚС тўловчининг рўйхатга олиш кодини аниқлаш мумкин бўлади.

2020 йил 1 январдан бошлаб бу масала  дарҳол ҳал қилинмайди. Шу боис, КПК орқали реализация қилиш чоғида бир қанча вақт ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришга тўғри келади.

Татьяна ЛИМАРЕВА