ҚҚС суммаси ўрнини қоплашнинг янги тартиби бўйича аризаларнинг учдан бирида «тафовутлар” мавжуд

preview

Солиқ қўмитаси янги тартиб бўйича ҳудудлар кесимида ҚҚСни қайтариш тафсилотларини эълон қилди. Эслатиб ўтамиз: қоплашнинг янги шартлари Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августдаги “Қўшилган қиймат солиғи ҳамда чет эл юридик шахслари билан боғлиқ солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш тўғрисида”ги 489-сон қарори билан белгиланган.

ҚҚСнинг салбий фарқ суммасини қоплаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

1. ҚҚС тўловчиси ҳисобга олинган жойдаги давлат солиқ бошқармасига, йирик солиқ тўловчилар эса Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясига фарқ ўрнини қоплаш учун ариза юборади.  

2. Йирик солиқ тўловчилар, дипломатик ваколатхоналар, банк кафолатига эга шахсларга, экспортчи корхоналарга, маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчилари (“ноль” ставка) ва солиқ мониторинги иштирокчилари учун аризани кўриб чиқиш жараёни 7 кундан кўп бўлмаган муддатни талаб этади. Қолган қўшилган қиймат солиғи тўловчилари учун - 60 кундан кўп бўлмаган муддат.

Аризани қандай тўғри жўнатиш, уни тўлдириш чоғида нималарни инобатга олиш ва қандай ҳужжатларни илова қилиш ҳақида солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВАнинг материалида ўқинг.

1 августдан 20 сентябрга қадар умумий миқдори 3 трлн сўмдан зиёд бўлган 2 398 та ариза келиб тушди.  Аризалар сони бўйича Хоразм вилояти етакчилик қилмоқда, иккинчи ўринда – Тошкент шаҳри.

Жами кўриб чиқилган ҳужжатлар сони 1 502 та, умумий миқдори 1 726,2 млрд сўм  бўлган 719 та ариза қаноатлантириш учун Молия вазирлигига юборилди. Aниқланган камчиликлар туфайли аризаларнинг 33%дан ортиғи мурожаатчиларнинг ўзларига қайтарилди. Бунда тадбиркорлик субъектлари хато ва камчиликларини тузатиб, ҚҚС суммасини қоплаш учун қайта ариза юбориш ҳуқуқига эга.

Манба

ДСҚ Матбуот хизмати материаллари асосида