Оилавий корхонани ташкил этиш: қадамма-қадам йўриқнома

preview

“Оилавий корхона очишни режалаштирмоқдамиз. Бунинг учун нималар зарурлигини тушунтириб беришингизни сўраймиз”.

Buxgalter.uz ўқувчилари учун қадамма-қадам йўриқномани юрист Икром АБДУЛҚОДИРОВ тайёрлади:

 

1-қадам: фаолияти, номи ва устав фонди, солиқ солиш ва ҳоказоларга нисбатан қонунчилик талабларини ўрганамиз.

Оилавий корхоналарнинг фаолияти “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонун билан регламентланади. Унинг 4-моддасига асосан оилавий корхона - бу ихтиёрий асосда, оила аъзоларининг умумий мол-мулки ёки айрим аъзоларига тегишли мол-мулки негизида товарлар ишлаб чиқариш  ва реализация қилиш ёки хизматлар кўрсатиш мақсадида ташкил этиладиган кичик тадбиркорлик субъектидир.

Бўлғуси оилавий корхонангиз  фаолият турини Кичик тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган ташкилотларнинг таснифлагичи ёрдамида аниқланг.

Шуни назарда тутинг: оилавий корхона қуйидагиларни амалга ошириши мумкин эмас :

  • акциз солиғи тўланадиган маҳсулотни ишлаб чиқариш ;
  • ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солинадиган фойдали қазилмаларни кавлаб олиш ;
  • саноат тусидаги фаолиятни кўп квартирали уйнинг турар жойларида амалга ошириш;
  • оилавий корхона томонидан ўз фаолиятида заҳарли ва радиоактив моддалар ва материаллардан, босим остида ишлайдиган асбоб-ускуналар, инсон ва атроф-муҳит учун юқори даражада хавфли бўлган бошқа асбоб-ускуналардан фойдаланиш .

Оилавий корхона, ҳар қандай бошқа корхона каби,  фаолиятнинг айрим турларини фақат лицензия мавжуд бўлганда амалга ошириши мумкин .

Корхона номини “Фирма номлари тўғрисида”ги Қонун талабларини ҳисобга олган ҳолда танланг. Оилавий корхона тўлиқ фирма номига эга бўлиши лозим ва қисқартирилган фирма номига эга бўлишга ҳақли.

Эътибор беринг
Оилавий корхонанинг тўлиқ фирма номи унинг тўлиқ номини ва “oilaviy korxona” деган сўзларни ўз ичига олиши керак. Оилавий корхонанинг қисқартирилган фирма номи унинг қисқартирилган номини ва “oilaviy korxona” деган сўзларни ёки “ОК” аббревиатурасини ўз ичига олиши керак .

Оилавий корхонанинг устав фонди пул маблағлари, қимматли қоғозлар, бошқа мол-мулк, шу жумладан, пул билан баҳоланадиган мулкий ҳуқуқлар ёки ўзга шахсга ўтказиладиган бошқа ҳуқуқлар ҳисобидан шакллантирилади. Шуни назарда тутинг: ягона уй (квартира) оилавий корхонанинг устав фондига киритилиши мумкин эмас .

Агар сиз лицензияланадиган фаолиятни режалаштирсангиз, оилавий корхона устав фондининг энг кам миқдори лицензия талабларида белгиланиши мумкин.

 

Оилавий корхона иштирокчиларини аниқлаш чоғида ЎРҚ-327-сон Қонуннинг 5-моддасига амал қилинг. Фақат муомалага лаёқатли, меҳнатга қобилиятли ёшга тўлган шахслар оилавий корхона иштирокчилари бўлиши мумкин. Айнан:

  • оила бошлиғи, унинг хотини (эри), болалари ва набиралари, ота-онаси, бошқа қариндошлари (болалари ва набираларининг эрлари (хотинлари), туғишган ҳамда ўгай ака-ука ва опа-сингиллари, уларнинг эрлари (хотинлари) ҳамда болалари, тоға ва амаки ҳамда амма ва холалари).

Оилавий корхона иштирокчиларининг энг кам сони - 2 кишидан оз бўлмаслиги керак.

Бир оилавий корхона иштирокчиси бир вақтнинг ўзида бошқа оилавий корхона иштирокчиси бўлиши мумкин эмас.

 

Жойлашган ери (почта манзили)

ФКнинг 46-моддаси талабларидан келиб чиқиб, юридик шахс рўйхатдан ўтказишда почта манзилига эга бўлиши лозим ҳамда кейинчалик унинг ўзгарганлиги тўғрисида ваколатли давлат органларини хабардор этиши шарт.

Оилавий корхона иштирокчиларига мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосда тегишли бўлган турар жойлар ва яшаш учун мўлжалланмаган жойлар, шу жумладан, ишлаб чиқариш, хўжалик бинолари ва бошқа иморатлар оилавий корхона фаолияти амалга ошириладиган жой бўлиши мумкин .

Эътибор беринг
Оилавий корхона иштирокчиларига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жойларни улардан оилавий корхона фаолиятида фойдаланиш мақсадида яшаш учун мўлжалланмаган жойларга айлантириш керак эмас. Фақат фаолиятнинг айрим турлари учун ушбу қоидадан истисно назарда тутилган .

 

Солиқ солиш ва фойда олиш

Оилавий корхона қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда солиқлар, йиғимлар ва бошқа тўловлар тўлайди . Оилавий корхоналар учун солиқ солишнинг ҳеч қандай алоҳида шартлари белгиланмаган.

Улар айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар бўлиши мумкин, агар СКда бундай солиқ тўловчилар учун белгиланган мезонларга мувофиқ келса ёки фойда солиғи ва ҚҚС тўловчилар бўлиши мумкин.

Оилавий корхонанинг фойдаси солиқлар, йиғимлар ва бошқа тўловлар тўланганидан кейин ва дивиденддан олинадиган солиқ ушлаб қолинишини ҳисобга олган ҳолда унинг иштирокчилари тасарруфига ўтади .

Эътибор беринг

Юридик ҳужжатлар намуналари ва солиқлар ва ҳисобот, касса ва банк операциялари, ҳисоб ва фаолиятнинг бошқа масалалари бўйича батафсил тушунтиришларни сиз Buxgalter.PRO да – “Микробизнес” (12 ойга 1 МҲЭКМ) ва “Кичик бизнес” (12 ойга 2 МҲЭКМ)да топасиз.

Батафсил билиш учун қўллаб-қувватлаш хизмати билан боғланинг (+998 (78) 150-11-72).

 

2-қадам: давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатларни тайёрлаймиз

Оилавий корхонани рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатлар тўпламини тайёрланг, буни лотин ёзувида амалга ошириш мақсадга мувофиқдир.

Оилавий корхонанинг таъсис ҳужжати - бу унинг барча иштирокчилари томонидан тузиладиган таъсис шартномаси . У қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • оилавий корхона бошлиғининг ва бошқа иштирокчиларининг Ф.И.О. ҳамда яшаш жойи (манзили);
  • устав фондининг миқдори;
  • иштирокчилар томонидан унинг устав фондига киритиладиган мол-мулкни белгилаш тартиби;
  • фирма номи ва жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар;
  • иштирокчилар ўртасида тадбиркорлик фаолиятидан олинган фойдани, шунингдек оилавий корхона тугатилганда мол-мулкни тақсимлаш тартиби;
  • иштирокчиларнинг оилавий корхона фойдаланишига берилаётган мол-мулки рўйхати;
  • оилавий корхонанинг мол-мулкига доир йирик битимнинг миқдори (яъни қандай битим йирик битим ҳисобланади);
  • иштирокчиларнинг умумий йиғилиши томонидан қарорлар қабул қилиш тартиби;
  • иштирокчилар муҳим деб ҳисоблайдиган бошқа шартлар.

Таъсис шартномаси оилавий корхонанинг барча иштирокчилари томонидан имзоланади.

Юридик ва жисмоний шахслар билан ўзаро муносабатларда оилавий корхона номидан унинг бошлиғи иш кўради . Оилавий корхона иштирокчиларидан бири унинг бошлиғи бўлиши мумкин, унга қолган барча иштирокчилар бир овоздан иш муомаласида ўз номларидан иштирок этиш ҳуқуқини беради.

Корхона бошлиғини тайинлашни оилавий корхона иштирокчиларининг умумий йиғилиши баённомаси билан расмийлаштиринг .

Эътибор беринг
Оилавий корхонани рўйхатдан ўтказишда иштирокчилар ўртасидаги қариндошликни тасдиқловчи ҳужжатлар талаб қилиниши мумкин (никоҳ гувоҳномаси, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва ҳ.к.).

 

3-қадам: давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш

Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали - онлайн ёки шахсан бориб рўйхатдан ўтиш мумкин .

Буни онлайн тарзда қандай амалга оширишни кўриб чиқамиз.

I босқич: сўровни шакллантириш

  1. My.gov.uz да “Янги тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказиш” давлат хизматини танланг.

Ариза берувчи фирма номини сўровни шакллантириш жараёнида мавжуд фирма номларидан (лотин ёзувида) танлайди. Яъни, агар бундай фирма номи қандайдир бошқа фирмага тегишли бўлса, тизим бу ҳақда хабар беради. Тегишинча, ундан фойдаланиш имконияти йўқ. Агарда фирма номи бўш бўлса, тизим уни сиз учун 60 календарь кунга банд қилиб туради. Агар 60 кунда корхонангиз давлат рўйхатидан ўтказилмаса, сиз томондан банд қилинган фирма номи яна бўш бўлади.

Сўровга давлат тилидаги таъсис шартномаси электрон ҳужжат шаклида ёки Pdf форматида илова қилиниши керак.

Эътибор беринг
Рўйхатдан ўтказувчи органга юбориладиган ҳар бир алоҳида ҳужжат сўровга ҳақиқийлигининг барча аутентик белгиларининг сақланишини таъминлайдиган алоҳида файл шаклида илова қилиниши керак (яхши сифатдаги сканер - бир дюймда камида 200 та нуқта). Битта файлнинг ўлчами 10 Мбдан ошмаслиги керак.

Бундан ташқари, иккита ва ундан ортиқ таъсисчилари бўлган юридик шахсларнинг сўровлари таъсисчилар таркибига кириш тўғрисида ҳар бир таъсисчининг розилигини ўз ичига олиши керак. Бунинг учун ҳар бир таъсисчи унинг электрон почтасига йўлланган хабарномани тасдиқлаши, шунингдек Ягона идентификация тизими (OneID) орқали идентификациядан ўтиши керак (бундан Ўзбекистон фуқароси ҳисобланмайдиган шахслар мустасно).

Ўзбекистон фуқароси ҳисобланмайдиган шахслар мажбурий тартибда шахсий ЭРИси билан аризани имзолашлари керак.

 

II босқич: давлат божини тўлаш

Сўровни шакллантириш якунлангач, ариза берувчи давлат божини тўлайди, унинг ставкаси тасдиқланган миқдорлар бўйича автоматик тарзда аниқланади .

Тўловни қуйидаги тарзда амалга ошириш мумкин:

  • интернет орқали - банк картаси ва уланган “СМС-хабар” хизмати ёрдамида;
  • банк кассаси орқали - нақд ёки нақдсиз ҳисоб-китоб бўйича - тизим томонидан шакллантирилган сўровнинг ноёб рақамини кўрсатган ҳолда;
  • ҳисобварақдан банк ўтказмаси ёрдамида нақдсиз ҳисоб-китоб бўйича.
Эътибор беринг
Тўланган давлат божи қайтарилмайди, қонунчиликда белгиланган тартибда ортиқча тўланган суммаларни қайтариш бундан мустасно.

Давлат божи тўланган пайтдан бошлаб шакллантирилган сўровнома рўйхатдан ўтказувчи орган масъул ходимининг шахсий кабинетига хабарнома юборадиган тизим томонидан сақланади.

III босқич: субъектни рўйхатдан ўтказиш ва гувоҳномани шакллантириш

Кейинчалик тизим белгиланган муддатларда ариза берувчи томонидан тақдим этилан маълумотларни солиштиради ва улар давлат органида мавжуд маълумотларга мувофиқ бўлганда:

  • Тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестрига ёзув киритиш йўли билан давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширади;
  • тегишли шакл бўйича рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани шакллантиради;
  • рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани, таъсис ҳужжатларини электрон ҳужжатлар репозиторийсида сақлайди;
  • электрон ҳужжатлар репозиторийсида давлат рўйхатидан ўтказишга, қайта рўйхатдан ўтказишга рад этишни шакллантиради ва сақлайди.

Рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномада, таъсис ҳужжатларида рўйхатдан ўтказувчи орган масъул ходимининг ЭРИси ва QR-код (матрицали штрих код), шунингдек идентификация рақамлари бўлиши керак.

Ариза берувчи  ЯИДХПдаги электрон ҳужжатлар репозиторийсида сақланаётган ўзининг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномасини, таъсис ҳужжатларини эркин олиш, шунингдек уларнинг нусхаларини қоғозда чоп этиш ҳуқуқига эга.