Бинони реконструкция қилишдаги ТМБ қандай ҳисобга олинади

preview

Кўпинча корхоналар асосий восита сифатида фойдаланиш учун бино сотиб олишади, бироқ бундан олдин уни тўлиқ ёки қисман реконструкция қилишади. Реконструкция айрим элементларни (дераза, эшик, профнастил) алмаштириш каби, бинонинг анча қисмини демонтаж қилиш ва қайта қуришни ҳам назарда тутиши мумкин.

Режалаштирилган реконструкция кўламига боғлиқ ҳолда сотиб олишда бинони ва демонтаж қилиш натижасида бўшайдиган моддий бойликларни қандай кирим қилишни buxgalter.uz илтимосига биноан “TRI-S-AUDIT” аудиторлик компанияси директори Светлана ГОЛОСОВА тушунтирди: 

 

1. Агар бино реконструкциядан кейин фойдаланишга киритиш мақсадида сотиб олинган бўлса

– Бу ҳолда уни асосий воситалар счётига кирим қилмаслик лозим. Унинг қийматини ва уни реконструкция қилиш бўйича барча харажатлар-даромадларни 0810 “Тугалланмаган қурилиш” счётида ҳисобга олинг.

Ишни бошлашдан олдин ташкилот раҳбарининг буйруғи билан тегишли мутахассислар, бухгалтерия ходимлари ва моддий жавобгар шахслардан иборат комиссия тузилади.

Комиссия ҳисобдан чиқаришга тақдим этилган асосий воситаларнинг юқори турувчи ташкилот ёки корхона мол-мулки мулкдори томонидан тасдиқланган қурилиш (кенгайтириш, реконструкция қилиш, модернизация қилиш) режасига мувофиқ келишини текширади. Комиссия:

    1) реконструкция ва демонтаж қилиш натижасида олинган ТМБдан кейинчалик фойдаланиш имкониятини аниқлайди;

    2) кейинчалик фойдаланишга яроқли бўлган материалларнинг олиб қўйилишини назорат қилади;

    3) уларнинг сони (вазни)ни аниқлайди, баҳолайди, уларнинг омборга жойлаштирилишини назорат қилади.

Қисмларга бўлинган ва демонтаж қилинган бинонинг кейинчалик фойдаланишга яроқли бўлган барча деталлари ва материаллари фойдаланиш мумкин бўлган нарх бўйича тегишли счётлар бўйича кирим қилинади. У ҳам комиссия томонидан аниқланади. Яроқсиз узеллар, деталлар, материаллар, рангли ва қимматбаҳо металлар иккиламчи хом ашё (темир-терсак, қийқинди ёки ўтин) сифатида кирим қилинади. Улар корхонанинг хоҳиши бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишлатилиши мумкин.

Иш натижалари бўйича комиссия асосий воситаларни тугатиш тўғрисида далолатнома (АВ-4-сон шакл) тузади , у комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланади ва ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади.

Тугатиш тўғрисида далолатнома 2 нусхада тузилади, биринчи нусхаси бухгалтерияга берилади, иккинчи нусхаси асосий воситалар объектларининг сақланиши учун жавобгар бўлган шахсда қолиб, ҳисобдан чиқариш натижасида қолган моддий бойликлар ёки темир-терсакни омборга топшириш ва сотиш учун асос бўлади.

Ушбу далолатнома асосида АВни тугатиш билан боғлиқ харажатлар ва уларни тугатишдан моддий бойликларнинг келиб тушиши тўғрисида маълумотнома расмийлаштирилади . Мазкур маълумотнома кирим ордери сифатида фойдаланилади, материаллар омборга топширилади.

Бинонинг айрим конструкцияларини демонтаж қилишда олинган материалларни баҳолаш учун инвентарь баҳолаш усулини қўллаш мумкин. Одатда у инвентаризация натижасида аниқланган ортиқча (ҳисобга олинмаган) материалларга нисбатан қўлланилади. Бундай активларнинг таннархи аниқлаш санасида жорий нархидан келиб чиқиб аниқланади. Жорий қиймат – бу маълум бир санада амалда бўлган бозор нархлари бўйича ТМЗнинг қиймати .

Шунингдек, ушбу активларни холис баҳолаш имконини берадиган бошқа усулни танлаш мумкин.

Бинонинг реконструкция қилинаётган қисмини қўшимча қуриш харажатлари 0810 “Тугалланмаган қурилиш” счётида жамланади. Кирим қилинган ТМЗ бўйича даромадлар реконструкция харажатлари суммасини камайтиради:

  • Дт 1000Материалларни ҳисобга олувчи счётлар”;
  • Кт 0810 “Тугалланмаган қурилиш”.

 

2. Агар мавжуд бино реконструкция қилинса

Реконструкция даврида уни фойдаланишдан 0890 “Бошқа капитал қўйилмалар” счётига чиқариш мақсадга мувофиқ бўлади.

Бу:

    1) реконструкциядан кейин бино қийматини тўғри баҳолаш;

    2) ушбу даврда амортизация ҳисобламаслик имконини беради .

 

3. Агар бино тўлиқ бузилса ва қайтадан қурилса

Агар сиз асосий воситалар таркибига киритилган бинони тўлиқ бузиб, унинг ўрнида янгисини қурсангиз, бухгалтерия ўтказмалари бундай бўлади:

Хўжалик операциясининг мазмуни

Счётлар корреспонденцияси

Дебет

Кредит

Бинонинг чиқиб кетиши - тугатилиши акс эттирилди

9210 “Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши”

0120 “Бинолар, иншоотлар ва узатувчи мосламалар”

Тугатилаётган бинонинг ҳисобланган эскиришини ҳисобдан чиқариш

0220 “Бино, иншоот ва узатувчи мосламаларнинг эскириши”

9210 “Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши”

Тугатилаётган бинони қўшимча баҳолаш суммасини ҳисобдан чиқариш (8510-счёти бўйича сальдо)

8510 “Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар”

9210 “Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши”

Тугатиш бўйича харажатлар суммаси акс эттирилади

 

9210 “Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши”

Ҳисобга олувчи счётлар:

  • материалларни (1010–1090);
  • меҳнат ҳақи бўйича ходим билан ҳисоблашишларни  (6700);
  • суғурта ва мақсадли давлат жамғармаларига тўловлар бўйича қарзни  (6500);
  • бошқа тегишли счётлар

Бинони тугатиш чоғида материаллар, эҳтиёт қисмлар ва бошқа активларниг келиб тушиши

1000 “Материалларни ҳисобга олувчи счётлар”

9210 “Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши”

Бинони тугатиш чоғида зарарни акс эттириш

9430 “Бошқа операцион харажатлар”

9210 “Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши”

Бинони тугатиш чоғида фойдани акс эттириш

9210 “Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши”

9310 “Асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан фойда”

Бинони реконструкция қилиш билан боғлиқ барча харажатлар акс эттирилди

0890 “Бошқа капитал қўйилмалар”

Материалларни ҳисобга олувчи счётлар  (1010–1090),  

6010 “Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар”

Реконструкция ишлари якунлангач, бино фойдаланишга киритилди

0120 “Бинолар, иншоотлар ва узатувчи мосламалар”

0890 “Бошқа капитал қўйилмалар”