Аудитор сертификатини имтиҳон топширмасдан олиш мумкинми

preview

“Менда қуйидаги халқаро сертификатлар мавжуд: DipIFR, “Молиявий ҳисобот  (F7)”, “Аудит ва турдош хизматлар (F8)”  ва “Молия ва бизнесни бошқариш” бўйича диплом (АССА) доирасида “Бизнес самарадорлигини бошқариш (F5)”. 2023 йилда Тошкент молия институтида “Бухгалтерия ҳисоби ва аудит (тармоқлар бўйича)” йўналиши бўйича иккинчи олий маълумотга эга бўлдим. Бош бухгалтер лавозимида умумий иш стажим – тахминан 5 йил.

Мен малака имтиҳонини топширмасдан аудиторнинг (ички ёки ташқи) малака сертификатини олишим мумкинми?”

Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубияти бўлими бошлиғи Асал ҲОШИМОВА ва “Норма” эксперти Дилором САИДОВА тушунтиришди:

 

Экспертларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган аудит соҳасидаги сертификатлар

 

Сертификат номи

Қўллаш соҳаси

Малака талабларини белгилайдиган НҲҲ

Амал қилиш муддати ва ким томонидан берилади

Аудиторнинг малака сертификати

Аудиторлик ташкилоти таркибида аудиторлик хизматлари кўрсатиш ҳуқуқини беради

“Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонун (3–боб)

Аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари томонидан* – дастлаб 5 йил муддатга берилади.

Сертификатнинг амал қилиши навбатдаги 10 йиллик муддатга ва кейинчалик муддатсиз даврга узайтирилади.

Ички аудитор сертификати

Тадбиркорлик субъектларининг ички аудит хизматида фаолият кўрсатиш ҳуқуқини беради

05.05.2021 й. 280–сон ВМҚ

(тижорат банкларига ва бюджет ташкилотларига татбиқ этилмайди)

Аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари томонидан * – дастлаб 5 йил муддатга берилади.

Сертификатнинг амал қилиши навбатдаги 10 йиллик муддатга ва кейинчалик муддатсиз даврга узайтирилади

Ички аудиторнинг миллий малака сертификати

Вазирликлар ва идораларнинг ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекциясининг ички аудит хизматида фаолият кўрсатиш ҳуқуқини беради

13.02.2023 й. 62–сон ВМҚ

Ўзбекистон аудиторлар палатаси томонидан дастлаб 4 йил муддатга берилади, кейинчалик унинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилади.

* Ҳужжатлар Аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари –Ўзбекистон бухгалтерлар ва аудиторлар миллий уюшмаси (www.naaa.uz) ва Ўзбекистон аудиторлар палатаси (www.auditpalata.uz) томонидан ташкил этилган Бухгалтерлар ва аудиторлар имтиҳон маркази томонидан қабул қилинади (Тошкент ш., 100084, Бодомзор йўли к., 1А уй, тел.: (71) 235-26-88, (71) 235-78-04, (+998 97) 733-03-18).

 

Аудиторнинг малака сертификатини имтиҳонсиз олиш

Талабгорда халқаро бухгалтер сертификати мавжуд бўлган ҳамда у “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 21 ва 22–моддаларида назарда тутилган талабларга риоя этган тақдирда, аудиторнинг малака сертификати унга малака имтиҳонини топширмаган ҳолда дастлабки 5 йиллик муддатга берилади ва белгиланган даврийлик билан узайтирилади .

Бундай бухгалтерларнинг халқаро сертификатлари жумласига қуйидаги сертификатлар киради:

  • “Сертификатланган дипломли бухгалтер (АCCА)”;
  • “Сертификатланган жамоатчи бухгалтер (CРА)”;
  • “Сертификатланган халқаро профессионал бухгалтер (CIPА)”;
  • “Бирлашган дипломли бухгалтерлар (АCА)”;
  • “Молия ва бизнесни бошқариш бўйича диплом (АCCА)”.

Сертификат олиш учун талабгорга қўйиладиган малака талаблари “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 21–моддасида келтириб ўтилган:

  • олий маълумотга;
  • иш стажига эга бўлиш:

– олий маълумотга эга бўлганидан кейин охирги 10 йилдан камида 3 йил бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасида ёки олий таълим ташкилотида “Бухгалтерия ҳисоби” ёхуд “Аудит” фанидан дарс бериш соҳасида иш стажи (шу жумладан ўриндошлик асосида);
– “Бухгалтерия ҳисоби” ва “аудит” ихтисосликлари бўйича магистр дипломига эга бўлган талабгор учун аудиторлик ташкилотида камида 1 йиллик иш стажи (шу жумладан ўриндошлик асосида).

Талабгорнинг иқтисодий ихтисосликлар бўйича илмий даражаси мавжуд бўлган тақдирда, бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасидаги иш стажи талаб этилмайди.

 

Ички аудиторларни сертификатлаш ҳақида

Ички аудит хизмати ходимларини сертификатлаш Ички аудит хизмати ходимларини сертификатлаш тартиби тўғрисида низом билан тартибга солинган. Талабгор қуйидаги ҳужжатлардан бирига эга бўлган тақдирда сертификатни бериш малака имтиҳони топширилмаган ҳолда амалга оширилади :

  • аудиторнинг малака сертификати;
  • халқаро сертификат. Олинган йилдан кейинги йилдан бошлаб, унга белгиланган даврийликда халқаро сертификат доирасида малака оширганлигини тасдиқловчи ҳужжат шарт бўлади;
  • бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандарти (МҲХС) бўйича молиявий ҳисобот” фанини муваффақиятли топширганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
  • камида 10 йил узлуксиз ички аудитор иш стажи.

Ички аудитор сертификатини олиш учун халқаро сертификат жумласига қуйидаги сертификатлар (дипломлар) киради :

  • “Сертификатланган дипломли бухгалтер (АССА)”;
  • “Халқаро молиявий ҳисобот бўйича диплом (DipIFR АССА)”;
  • “Сертификатланган жамоатчи бухгалтер (СРА)”;
  • “Бирлашган дипломли бухгалтерлар (ACA)”;
  • “Дипломли ички аудитор (CIA)”;
  • “Бошқарув ҳисоби бўйича сертификат (CIMA)”;
  • “Молиявий ташкилотлар дипломли аудитори (CFSA)”;
  • “Давлат ташкилотининг дипломли аудитори(CGAP)”;
  • “Хавф-хатарни бошқаришни баҳолаш бўйича дипломли мутахассис (CRMA)”.

Вазирликлар ва идораларнинг ички аудитор миллий малака сертификатини имтиҳон топширмасдан олиш учун халқаро сертификат жумласига Халқаро ички аудиторлар институти томонидан бериладиган сертификатлар (дипломлар) киради :

  • Ички аудитор сертификати (Certified Internal Auditor – CIA);
  • Хавф-хатарни бошқаришни таъминлаш соҳасида сертификат (CRMA);
  • Ички аудит хизмати раҳбарлари малакаси (QIAL)”;
  • Ички аудит амалиётчи мутахассиси (Internal Audit Practitioner)”;
  • “Давлат аудити бўйича дипломли мутахассис” (Certified Government Auditing Professional – CGAP).

 

Эътибор беринг

Аудиторнинг сертификатини бериш (муддатини узайтириш) учун асос бўладиган халқаро сертификатлар рўйхати ички аудит ва ташқи аудит учун фарқ қилади.

Банкларнинг, микромолия ташкилотларининг, ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотларининг ва кредит бюроларининг ички аудитига доир талаблар Марказий банк томонидан белгиланади .

 

Агар сизнинг профессионал  малакангиз малака имтиҳонини топширмасдан аудиторнинг (ташқи ёки ички) сертификатини беришга доир талабларга мувофиқ келса, аудиторларнинг республика жамоат бирлашмасига (Ўзбекистон бухгалтерлар ва аудиторлар миллий уюшмаси (www.naaa.uz) ва Ўзбекистон аудиторлар палатаси (www.auditpalata.uz) зарур ҳужжатларни тақдим этинг .