Қатъий белгиланган суммада солиқ тўловчи дивидендан олинадиган даромадга солиқ тўлайдими

preview

“МЧЖ – айланмадан олинадиган солиқ тўловчи. 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб қатъий белгиланган суммадаги солиқни тўлашга ўтдик. Ягона таъсисчи (жисмоний шахс) 2022 йил якунлари бўйича фойдани дивидендларни тўлашга йўналтириш тўғрисида қарор қабул қилди. СКнинг 470-1-моддаси 7-қисмига асосан қатъий белгиланган суммадаги солиқнинг солиқ тўловчисидан дивидендлар тарзида олинадиган даромадларга солиқ солинмайди. Фойда 2022 йил якунлари бўйича тақсимланишини ҳисобга олган ҳолда, биз дивидендлар тарзида олинадиган даромадлардан олинадиган солиқни ушлаб қолишимиз керакми?”. 

Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтирди:

 

– 2023 йилдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар ихтиёрий равишда қатъий белгиланган суммадаги солиқ тўлашга ўтишга ҳақли. Жами йиллик даромади қуйидагича бўлган тақдирда :

  • 500 млн сўмдан ошмаганда
    – солиқ йилига 20 млн сўмга тенг;
  • 500 млн сўмдан сўмдан юқори бўлганда – солиқ йилига 30 млн сўмга тенг.

Бунда қатъий белгиланган суммадаги солиқнинг солиқ тўловчисидан дивидендлар тарзида олинадиган даромадларга фойда солиғи ва ЖШДС солинмайди .

Қатъий белгиланган суммадаги солиқнинг солиқ тўловчилари мазкур солиқ бўйича ва дивидендлар тарзидаги даромадларга тааллуқли қисм бўйича солиқ ҳисоботларини тақдим этишмайди .

2022 йил учун фойдани тақсимлашда дивидендлар тарзида олинадиган даромадларга солиқни ҳисоблаш ва тўлашга келсак биз қуйидаги фикрдамиз:

1) 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб сиз СКнинг 4-моддасини ҳисобга олган ҳолда СКнинг 470-1-моддаси 7-8-қисмлари нормаларини қўллаш ҳуқуқига эгасиз. Хусусан:

  • солиқ солиш солиқ мажбуриятлари юзага келган пайтда амалда бўлган қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади;
  • солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган муносабатларга нисбатан қўлланилади;
  • солиқлар ва йиғимлар ставкаларининг ўзгартирилишини назарда тутувчи солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари, агар уларда кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, улар расман эълон қилинган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан эътиборан амалга киритилади;
  • солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари, агар ҳужжатларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради;

2)  дивидендлар тарзида олинадиган даромадлардан олинадиган солиқ бўйича, айтайлик, “касса усули” қўлланилади. Яъни уни тўлаш бўйича мажбурият дивидендлар ҳақиқатда тўланган санада юзага келади .

Шу боис, ихтиёрий равишда қатъий белгиланган суммадаги солиқни тўлашга ўтган айланмадан олинадиган солиқ тўловчиларга таъсисчининг 2023 йил “санаси қўйилган” қарори асосида 2022 йил якунлари бўйича фойдани тақсимлашда ҳисобланадиган ва тўланадиган дивидендлар тарзидаги  даромадлардан олинадиган солиқни ҳисоблаш ва тўлаш мажбурияти – СКнинг 470-1-моддаси 7-8-қисмлари нормалари кучга кирган пайтда – юзага келмайди.