ДСҚ хабари олинган тақдирда чекдаги МХИКни тузатиш зарурми

preview

Солиқ қўмитаси хатлар йўлламоқда, унда солиқ тўловчиларга онлайн-НКМ ва виртуал кассалар чекларида МХИК кўрсатилмаганлиги ёки хато кўрсатилганлиги тўғрисида хабар беради. 

Солиқ маслаҳатчиси Рустам СОБИРОВ buxgalter.uz илтимосига биноан МХИК билан боғлиқ вазиятни шарҳлаб берди. Мутахассиснинг фикрига кўра, солиқ органларининг ўзи муаммони ҳал қилишга ёрдам бериши мумкин:

 

– Солиқчилар хатда онлайн-НКМ чекларида нотўғри кўрсатилган МХИК учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантиради. Бироқ унда хатога йўл қўйилгани шубҳасиздир. Хатнинг мазмунига кўра, унда ҳавола СКнинг 233-моддасига эмас, балки нотўғри МХИКлар акс эттирилганлиги учун жавобгарликни назарда тутувчи СКнинг 223-моддасига бўлиши керак. Ушбу норма 2022 йил 1 июлдан кучга киради .

12 августдан бошлаб яна битта норма амал қилишни бошлайди: хато МХИК билан чеклар чоп этувчи онлайн-НКМ тасарруфида бўлган ТХКМни реестрдан чиқариб ташлаш .

Давом этаётган МХИК кодларини инвентаризациядан ўтказиш жараёни тадбиркорлар учун хавф туғдиради. Бундай жиддий жазолаш шаклларини қўллашни бошлашдан олдин инвентаризацияни якунлаш тўғри бўларди, деб ҳисоблайман.

Янги нормалар ушбу огоҳлантирувчи хатларга қанчалик эътиборли ва масъулиятли бўлиш зарурлигини кўрсатади.

Сизнинг онлайн-НКМга киритилган товарлар тўғрисидаги маълумотларни қайта текшириб чиқинг: уларда Маҳсулот (товар ва хизмат)ларнинг ягона электрон миллий каталогининг (tasnif.soliq.uz) жорий версиясига мувофиқ келадиган МХИК кодлари бўлиши керак.

 

МХИКлар инвентаризацияси

Яна бир бор ДСҚ эътиборини классификаторда МХИК доим ўзгариб туриши туфайли тадбиркорларда юзага  келаётган муаммоларга қаратмоқчиман.

Tasnif.soliq.uz сайтининг расмий ахборотига кўра, МХИКнинг қуйидаги янгиланган кодлари жорий этилган:

  • 2022 йил 7 мартдан бошлаб - дори воситалари ва тиббиёт мақсадидаги буюмлар учун;
  • 2022 йил 7 апрелдан бошлаб - цемент учун;
  • 2022 йил 1 июндан бошлаб - буғдой, гиламлар ва гилам маҳсулотлари учун.

Шубҳасиз, инвентаризация ҳали дастлабки босқичда, у ҳатто бозорда тақдим этилган товар ва хизматларнинг ярмини ҳам қамраб олмаган. Тадбиркорларнинг ушбу ўзгартиришларга улгуришлари қийин бўлмоқда. Ахир ўзгартиришларни кузатиб бориш - бу ишнинг ярми, ушбу янги МХИКларни онлайн-НКМ ва виртуал касса хотирасига киритиш лозим. Бу эса, амалиётнинг кўрсатишича, тадбиркор ҳар доим ҳам мутахассисларнинг ёрдамисиз бажара оладиган вазифа эмас.

 

Солиқ идораси вазиятни ўнглашда қандай ёрдам бериши мумкин

Солиқ маъмуриятчилиги нуқтаи назаридан, агар ДСҚ нафақат онлайн-НКМ чекларида, балки ЭҲФда ҳам МХИК мониторинги ва қўлланиши тизимини автоматлаштиришни давом эттирганида, айни муддао бўларди.

ДСҚнинг ахборот тизимлари ЭҲФ ва чекларда нотўғри кўрсатилган МХИКларни аниқлайди. Ушбу  тизим аниқланган нотўғри МХИКни тўғрисига алмаштиришга нима халақит беради? Назаримда, буни техник жиҳатдан амалга ошириш мумкин. МХИКга автоматик равишда тузатиш киритиш билан боғлиқ ҳолатда, солиқ тўловчига дастур таклиф қилаётган алмаштиришга розилик ёки норозиликни билдириш имкониятини бериш зарур.

Онлайн-НКМ чеки ва ҳисобварақ-фактураларни шакллантириш чоғида МХИКдаги хато тўғрисида огоҳлантирувчи функционал ҳам фойдали бўлади. Бу хатони чек берилгунча ёки ҳисобварақ-фактура жўнатилгунча тузатиш имконини беради.

Дўконга барча товарлар электрон ҳисобварақ-фактуралар билан бирга келади. Нима учун дўконлар ҳануз ҳисобварақ-фактуралардаги товарлар тўғрисидаги  маълумотларни онлайн-НКМ ёки виртуал кассага қўлда олиб ўтказишлари керак? ЭҲФ ҳам, онлайн-НКМ ҳам солиқ органларининг ягона ахборот тизимида ишлайди. Демак, шундай қилиш мумкинки, онлайн-НКМ товарлари тўғрисидаги маълумотлар базаси ҳисобварақ-фактуралар маълумотлари асосида автоматик тарзда шакллансин.

Бироқ бу ҳозирча фақат таклиф. 1 июлдан эса хатолар реал жаримага сабаб бўлади. Биз бунга тайёр эмаслигимизни тан олишимиз лозим, сабаби талай саволларга ҳали жавоб йўқ.

Вазиятни кўриб чиқамиз. Бугун товарларнинг муайян гуруҳи учун МХИКда ўзгаришларни эълон қилишди, деб фараз қилайлик. Дарҳол савол туғилади:

    1) Онлайн-НКМга янги МХИКларни киритиш учун савдони тўхтатиш керакми? Ёки буни савдони тўхтатмасдан ва жарима санкциялари тарзидаги оқибатларсиз муайян вақт давомида амалга ошириш мумкинми?

    2) МХИКдаги номувофиқликлар билан қандай йўл тутиш зарур? Товар эски МХИК билан олинган, уни янги МХИК билан сотиш керакми? Ёки қай тарзда?

    3) Агар МХИК ойнинг ўртасида ўзгартирилган бўлса, янги МХИКлар жорий этилгунга қадар, ойнинг дастлабки саналарида берилган чекларга тузатиш киритиш зарурми?

Ушбу саволларга ҳозирча жавоб йўқ. Тез кунларда бу саволлар жуда кескин бўлади. Кейинчалик низоли жиҳатлар бўлмаслиги учун давлат регулятори ягона қоидаларни ишлаб чиқиб, тасдиқлаши керак.

Ҳатто ҳозир ДСҚ йўллаётган хат бўйича ҳозирча расмий жавоб олинмаган саволлар туғилмоқда.

Хатнинг матнидан шундай хулоса қилиш мумкинки, 2-3 ой учун хатда айтилган чекларни топиб, тузатиш киритиш зарур. Бироқ чеклар сони юзлаб ёки минглаб бўлса, бу улкан иш ҳажмидир. Ҳар бир чекка алоҳида тузатиш киритиш лозим... ДСҚнинг олдинги давр учун чекларга тузатиш киритиш тўғрисидаги талабининг тўғрилиги менда шубҳа уйғотмоқда. Мен ҳақманми ёки йўқ?

Ушбу тузатишнинг амалий мазмунидан келиб чиқиш мумкинми? Агар тўланган солиқ суммаси хато кўрсатилган ёки кўрсатилмаган МХИКга боғлиқ бўлса - ҳа, тузатиш киритиш лозим албатта. Агар боғлиқ бўлмаса-чи? Тузатиш киритиш нима беради? Менимча, кейинги чекларда ушбу хатолар бўлмаслиги учун чора кўриш етарли.

Рўйхатда телефон рақамлари келтирилган. Мен бир соатдан кўп вақт сарфлаб, саволимга жавоб олиш учун ҳеч бирига қўнғироқ қилиб тушолмадим. Шунингдек, 1198 рақамига қўнғироқ қилиб ҳам жавоб ололмадим. Ушбу хизмат операторлари хатда кўрсатилган телефон рақамларига қўнғироқ қилишни тавсия қилишди.

Яна битта мулоҳаза. Эскирган кодлар классификатор ва ахборот тизимларидан ўчириб юборилиши керак эмас. Шунчаки улар амал қилиш муддати белгиси билан бўлиши керак. Бу солиқ органлари ва солиқ тўловчилар ўз позицияларини ҳимоя қилишлари керак бўлган низоли вазиятларда асқотиши мумкин.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади