Қачон ҳисобварақ-фактурани расмийлаштирмаса ҳам бўлади

20.08.2020

Вазирлар Маҳкамасининг 14.08.2020 йилдаги 489-сон қарори билан узоқ кутилган, ҳисобварақ-фактураларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартибини регламентловчи низом тасдиқланди. Buxgalter.uz портали молия вазирининг ўринбосари Дилшод  СУЛТОНОВдан ушбу ҳужжатни шарҳлаб беришни илтимос қилди:

- Товарларни (хизматларни) реализация қилишда юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар сотиб олувчиларга ҳисобварақ-фактурани тақдим этиши шарт (Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 3-банди 1-хатбоши, кейинги ўринларда - Низом).

Эътибор беринг: товарларни (хизматларни) сотиб олувчи фақат электрон шаклда қабул қилинган ҳисобварақ-фактураларда акс эттирилган ҚҚС суммасини ҳисобга олишга ҳақли (Низомнинг 10-банди).

Қуйидаги ҳолларда ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш шарт эмас (Низомнинг 3-банди):

  • сотилган товарлар (хизматлар) учун тўловлар нақд пулда ёки жисмоний шахсларнинг пластик карталари орқали амалга оширилганда НКМ ёки виртуал касса чеки тақдим этилганда;
  • аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларни амалга оширишда расмийлаштириладиган, қатъий ҳисобот бериладиган бланкалар ҳисобланадиган шакл бўйича квитанция тақдим этилганда. Квитанциялар солиқ органларида рўйхатдан ўтказилган ҳолда фақат:

- назорат-касса техникаси таъмирлашга топширилганда;

- савдо шохобчасида (хизмат кўрсатиш жойида) электр энергияси вақтинча мавжуд бўлмаган ҳолларда қўлланилади;

  • товарлар экспорти бўйича БЮД расмийлаштирилганда;
  • банк операциялари мижознинг шахсий ҳисобварағидан кўчирма ҳужжат бериш билан расмийлаштирилганда;
  • товарлар текинга оммавий тарқатилганда;
  • ҳар қандай транспорт воситаси орқали йўловчиларни ташишда йўл чипталари (шу жумладан, электрон) расмийлаштирилганда;
  • кўрсатилган коммунал хизматлар, алоқа хизматлари учун банк орқали - бухгалтерия ҳисобини юритишда асос бўлиб хизмат қилувчи бирламчи ҳужжатлар қўллаган ҳолда тўловлар амалга оширилганда.

 

Эътибор беринг
Мазкур ҳолларда етказиб берувчи ҳар календарь ой якуни билан бир марта умумлаштирилган ҳолда бир томонлама электрон ҳисобварақ-фактурани шакллантиради. ЭҲФ кейинги ойнинг 5-кунига қадар, календарь ойнинг охирги кунидаги сана билан шакллантирилади. Агарда ҳисобварақ-фактуралар сотиб олувчининг талабига асосан тақдим этилган бўлса, уларнинг суммаси умумлаштирган ҳолда бир томонлама шакллантирилган ЭҲФга киритилмайди.

 

Товарлар экспортида БЮД маълумотлари ЭҲФ тизимида божхона органлари билан ахборот алмашиш воситасида акс эттирилади. Шу боис экспортга товарларни реализация қилиш ҳам умумлаштирилган ҳолда бир томонлама ЭҲФда акс эттирилмайди.

БЮД расмийлаштирилмайдиган товарлар (хизматлар) экспорти бўйича экспорт қилувчи ҳисобварақ-фактурани ўзи шакллантиради. Бунда сотиб олувчининг номига “норезидент” сўзи қўшиб ёзилади.

Илгари амал қилган қоидалар (Юридик шахслар томонидан миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом) бўйича корпоратив карта билан ҳисоб-китоб қилишда ҳисобварақ-фактура ёзиш шарт эди. Янги ҳисобварақ-фактуралар тўғрисидаги янги Низомга асосан буни фақат сотиб олувчи талабига кўра бажариш зарур (Низомнинг 5-банди).

 

Эътибор беринг
Товарлар (хизматлар) корпоратив банк карталари орқали тўловни қабул қилган ҳолда реализация қилинганда ҳисобварақ-фактура сотиб олувчининг талабига кўра реализация қилинган календарь ойнинг охирги санасига қадар товарлар (хизматлар) амалда реализация қилинган сана билан тақдим этилиши шарт (Низомнинг 5-банди).

 

Корпоратив карта орқали сотиб олинадиган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш онлайн НКМ ва виртуал касса чеклари асосида ҳам амалга оширилиши мумкин. Бунинг учун уларни солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали қайд этиш ва ҳисобварақ-фактуралар реестрига киритиш зарур (Низомнинг 9-банди).

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал