Солиқларни ортиқча тўлашингизнинг учта сабаби

preview

Бухгалтерия ҳисобини тиклаш консалтинг бозорида энг талабгир хизматлардан бири ҳисобланади. Буюртмачилар қайта ҳисоб-китоблардан кейин солиқларни қўшимча тўлашга тўғри келади деб ўйлайдилар. Бироқ ортиқча тўловлар мавжудлиги аниқланадиган ҳолатлар ҳам бўлади. Бухгалтерлар томонидан йўл қўйилган қандай хатоликлар кўпинча солиқларнинг ортиқча тўланишига олиб келиши ва бу ҳолат уларнинг айби билан содир бўлмаслиги ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан «ARKAD AUDIT» консалтинг компанияси директори Наталья ТУРАЛИНОВА сўзлаб берди:

 

1. Пала-партиш (лицензияланмаган дастурий таъминот билан) ишлаш = ортиқча тўлов 700 млн сўм.

– Яқинда шундай вазиятга дуч келдим: савдо компанияси товарларни мамлакат ҳудуди бўйлаб чакана ва улгуржи реализация қилар экан. Бир ойлик айланма – 1 млрд сўмдан ортиқ. Лицензияланмаган дастурдан фойдаланади. Икки нафар бухгалтер товарларнинг асосий омборга келиб тушишини, уларнинг корхона ичида омбордан омборга ўтказилишини, чакана ва улгуржи савдолар ҳисобдан чиқарилишини, савдо бонусларини, чегирмалар ва бошқаларни акс эттиради. Шу билан бирга, электрон ҳисобварақ-фактураларни ва онлайн-кассалардаги сотувларни қўлда тўлдиришади. Лицензияланмаган дастур ҳисобни ва ЭҲАни компьютерда амалга оширишни синхронлашга имкон бермайди.

Товарлар номенклатураси – катта,  контрагентлар сони – кўп. Бухгалтерлар солиқ ҳисоб-китобларини ўз вақтида топшириш учун иккала тизимга маълумотларни киритишга зўрға улгуришади. Ҳисоб маълумотларини таҳлил қилишга вақтлари қолмайди.

Бизнинг маслаҳатчилар ишга киришиб, товар қолдиғининг баҳоси ушбу товарнинг кирим баҳосига мос келмаслигига эътибор қаратдилар. Масалан, товар бирлигининг баҳоси 15 минг сўм, умумий қиймати 15 млн сўм бўлган 1 000 бирликдаги товар келиб тушган, 890 бирлик сотилган. Ҳисобдан чиқариш чакана сотувлар ҳужжатлари орқали акс эттирилади. Маълумотлар ҳужжатда тўғри акс эттирилганига қарамай, бунда фақат сотилган товар миқдори ҳисобдан чиқарилади – бу аниқ лицензияланмаган дастурнинг хатоси. Натижада 110 бирлик товар қолдиғи ҳам 15 млн сўмдан баҳоланади. Ушбу рўйхатга янги етказиб берилган товарлар ҳам киритилади, бунда таҳлил ишларини ўтказмасдан туриб хатони аниқлашнинг имкони бўлмайди.

Бундай хато терминал бўйича реализация тушумини акс эттиришда ҳам юзага келиши мумкин. Ҳужжатни киритишда реализация ҳажми икки баравар ошади. Масалан, бухгалтер 200 млн сўмлик тушумни эътироф этади, дастур ушбу ҳужжатдаги жадвал маълумотларини тўғри сақлаган ҳолда, икки баравар оширилган 400 млн сўмлик проводкани беради.

Маълумки, иш юкламаси кўпайиб кетган бухгалтер ўз вақтида Фойда солиғи ҳисоб-китобини топшириши лозим. Унинг вақт тиғизлиги туфайли ҳамда етарли малакага эга бўлмай туриб, айланма-сальдо қайдномаси кўрсаткичларига таянган ҳолда мавжуд бўлмаган оширилган миқдордаги фойдага солиқ солиб Ҳисоб-китобни топширади.

Лицензияланган дастурий таъминотда бир йиллик ҳисоб тиклангандан кейин қайтариладиган фойда солиғи 700 млн сўмни ташкил этди. Биз фойда солиғини солиқ базасини камайтирган ҳолда қайта топширишда камерал текширув доирасида ДСХОнинг барча сўровларига жавоб қайтардик. Тиклаш бўйича хизматларимиз нархи 60 млн сўм бўлди.

Бизнесда бухгалтерия штатида ҳам дастурий таъминот борасида иқтисод қилмаслик керак деб ўйлайман. Бухгалтер кун давомида бошланғич ҳужжатларни 1С, 1UZ ва ЭҲА тизимига киритиш билан овора бўлади, ҳисоб маълумотларини таҳлил қилишга умуман вақти бўлмайди. Унинг ишлари жуда кўплиги сабабли дастурлардаги узилишлардан суғурталанган бўлиши лозим. Тўпланган ҳисоб маълумотлари нотўғри бўлганда фақат Фойда солиғи ва ҚҚС ҳисоб-китобини топшириш чоғида баланс кўрсаткичлари баҳоланишининг таҳлил назоратини амалга ошира оладиган экспертгина ҳақиқатдагисига яқинлаштирган ҳолда солиқни ҳисоб-китоб қилиши мумкин.

Яна бир мисол – ишлаб чиқариш корхонаси. Компанияда тугалланмаган ишлаб чиқариш мавжуд. Ишлаб чиқариш фаолияти таҳлил қилинганда, биз тайёр маҳсулот таннархи ва тугалланмаган ишлаб чиқаришнинг қолдиқ қийматини ҳисоблаш формуласини чиқардик.

Ишлаб чиқариш цикли қисқа – жами уч кундан иборат. Бу бир ой давомида тахминан омборга 10 марта тайёр маҳсулот келиб тушишини англатади. Дастур маълумотлари бўйича тайёр маҳсулотнинг ҳар бир чиқарилишида таннархни таҳлил қилганимизда, у нима сабабдан турлича эканлиги тушунарсиз бўлди. Ой бошида чиқарилган тайёр маҳсулот таннархи кейингиларидан бир неча баравар қимматроқ бўлди. Йиллик фарқ суммаси 600 млн сўмни ташкил этди. Маълум бўлишича, барча юкхатлардаги тугалланмаган ишлаб чиқаришга тўғри келадиган харажатлар бир ой давомида чиқарилган тайёр маҳсулотларга тақсимланмаган, балки ой охирида тугалланмаган ишлаб чиқариш туркумлари қолдиғига қўшилган. Таннархдаги фарқ шу билан тушунтирилди, у корхонанинг кенг кўламли фаолиятида асосан солиқ ва молиявий ҳисоботга таъсир кўрсатган.

Бу масалада бухгалтернинг вақти тиғизлиги ва/ёки етарли малакага эга эмаслиги таннарх ҳисоб-китоби ноаниқ бўлаётганлигини дарҳол англашига тўсқинлик қилиши тайин. Қайта ҳисоб-китоб қилинганда ва тайёр маҳсулотни ҳисобдан чиқариш усули тўғри танланганда қайтариладиган солиқ суммаси 44 млн сўмни ташкил этди.

 

2. Бухгалтерия ҳисоби сиёсати усулларининг нотўғри танланиши = ортиқча тўлов 480 млн сўм.

Бу бухгалтерлар томонидан йўл қўйиладиган кўп учрайдиган хатоликлардан бири бўлиб, солиқларнинг ортиқча тўланишига олиб келади.

Амалиётдан мисол келтирамиз: улгуржи-чакана савдо компанияси, айланмаси – бир ойда деярли 10 млрд. Товар импорт қилинади ва асосий омборга келиб тушади, у ердан улгуржи сотиш учун юклаб жўнатилади. Товарнинг бир қисми чакана реализация қилиш учун корхонанинг хусусий савдо шохобчаларига ўтказилади.

Импорт номенклатураси кенглигини ҳисобга оладиган бўлсак, айнан бир номдаги товар ўнлаб туркумда келиб тушади, улгуржи ва чакана савдо қилинади, бунда товар ҳаракатини ҳисобга олиш мушкул бўлади. Товарни ўтказишлар дастурда ва қоғозга чиқариладиган ҳужжатда акс эттирилишига ҳамда моддий жавобгар шахс томонидан назорат қилинишига қарамай, компанияда товар қолдиғи ҳолати яхши бўлмайди. Хатоликлар туфайли бошқа турдаги товар қолган ва реализация таннархида ноаниқликлар мавжуд ва ўз-ўзидан солиқ ҳисоб-китобларида ҳам шундай. Ахир товар импорт қилинади, ҳар бир туркумнинг баҳоси хорижий валюта курсига боғлиқ бўлади ва бу ўзгаришлар корхонанинг етказиб беришлар ҳажмида муҳим ҳисобланади.

Бухгалтер FIFO усули бўйича ишлайди, бунда кирувчи ва чиқувчи товар туркумлари бекаму кўст ҳисобга олиниши талаб этилади. У нега айнан ушбу усул танланган деган саволга: «менгача шундай бўлган» дея жавоб қайтаради.

Фикримизча, чакана савдода товарларни устама ҳақ билан ҳисобга олиш усулини қўллаш мақбул бўлади, бироқ бухгалтерларни миқдорий ҳисобга олиш рад этилиши хавотирга солади. Бошланғич ҳужжатлар тўғри расмийлаштирилган тақдирда, улар товар айланмасининг ҳисобланган кўрсаткичлари тўғри эканлигини, инвентаризациялаш эса миқдор бўйича маълумотларни тасдиқлайди. Aveco ҳам қўлланилиши мумкин. Чакана савдода бухгалтерия ҳисоби учун умуман олганда узлуксиз тизим эмас, балки даврий тизимнинг қўлланилиши энг мақбул ечим ҳисобланади.

Ҳисоб маълумотлари тикланганда қайтариладиган солиқ суммаси 480 млн сўмни ташкил қилди.

 

3. Ички ҳисоб ҳужжатларининг ҳақиқатдаги ТМЗ ҳаракатига номувофиқлиги = ортиқча тўлов 280 млн сўм. 

Яна улгуржи-чакана савдо. Товарни асосий омбордан савдо шохобчаларига ўтказиш бўйича товар-транспорт юкхатлари олдиндан берилган буюртмаларга асосан бухгалтерия томонидан расмийлаштирилади. Юклаб жўнатиш чоғида ҳақиқатда товарлар хил-хилига ажратилади. Масалан, муайян номенклатурадаги, бироқ ТТЮда кўрсатилганидан бошқача рангли ламинат юклаб жўнатилди. Ҳар ойда инвентаризация ўтказилади, унда аниқланган номувофиқликлар «ортиқчалик» ёки «камомад» сифатида расмийлаштирилади.

Такрорлаб ўтаман, – факт бўйича бу хил-хилига ажратиш. Сотилмаган ламинат жойида турибди, фақат бошқа рангдагиси... Қоидага кўра, ҳақиқатда озроқ миқдорда камомад мавжуд – талабгир товарни бундай ҳажмда сотишда инсон омили ишга тушади.

Бухгалтер ҳисоб маълумотларидаги ва ҳақиқий товар қолдиқларини қандай тарзда бир-бирига тенглаштиради?  У камомад сифатида расмийлаштирилган бир рангдаги ламинатни ҳисобдан чиқаради ва ортиқча деб ҳисобланган бошқа рангдагисини кирим қилади.

Кейин бухгалтер СКни варақлаб, аниқланган ортиқча миқдорлар жами даромадга киритилишини, қопланмайдиган камомаднинг ҳисобдан чиқарилиши эса чегирилмайдиган харажат ва ҚҚС бўйича айланма ҳисобланишини кўради. Натижада солиқ бўйича қўшимча ҳисоблашлар 280 млн сўм бўлади.

Асосий муаммо бухгалтерия ишида эмас, балки омбор ҳисоби назоратида бўлади. Мазкур ҳолатда нималар содир бўлади? Бухгалтерия аввал юклаб жўнатишни (ТТЮ расмийлаштирган ҳолда) ҳисобдан чиқаради, кейин эса омборда факт бўйича товар юклаб жўнатилади. Аслида аксинча бўлиши керак: аввал – операция, у бўйича – тўғри расмийлаштирилган бошланғич ҳужжат  ва ушбу ҳужжат бўйича – ҳисобда акс эттириш. Назаримизда, бу менежментнинг хатоси бўлиб, у солиқларнинг ўсишига олиб келади.

Иккинчи жиҳат қайтадан саралашни ҳужжатли расмийлаштиришдан иборат. Қўшимча ҳисоблашлар суммасини инобатга олиб, биз ушбу масалада ДСХОда эътирозлар бўлиши мумкин деб тахмин қилдик. Биламизки, СКнинг 14-моддаси нормалари юридик жиҳатдан расмийлаштирув юзасидан иқтисодий мазмуннинг устуворлиги ҳамда модда нафақат солиқ тўловчига қарши, балки унинг фойдасига ҳам ишлаши лозимлиги белгиланган. Бироқ ДСХО ҚҚС айланмаси бўйича хил-хилига ажратишда камомад мавжудлигини эътироф этиши хавфи даражаси анча юқори деб ҳисобладик. Шу боисдан барча савдо шохобчалари бўйича, шунингдек бошланғич ҳужжатларнинг бутун ҳажми бўйича ҳақиқатда реализация қилинган товарни ҳисобдан чиқариш акс эттирилган ҳолатни тўлиқ тиклашимизга тўғри келди.

Ҳақиқатан ҳам, мавжуд товар камомадига қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ солинган. Қайтарилган солиқ суммаси 280 млн сўмни ташкил қилди.

 

Хулоса:

Афсуски, солиқлар бундай ҳажмда қайтарилганда бухгалтерни, қоидага кўра, ишдан бўшатиб юборилади. Бунда компания ҳисобнинг ўзига хос жиҳатларини тушунадиган ва етарли даражада қонун-қоидаларини яхши биладиган ходимдан маҳрум бўлиши мумкин.

Ички назорат усуллари қайта кўриб чиқилиши, компания ичида ҳужжат айланиши тўғри жорий қилиниши, лицензияланган замонавий дастурий таъминотни харид қилиш учун маблағни аямаслик керак. Бизнесда бу қанчалик муҳим ва фойдали эканлигини англаш лозим – бухгалтер юкламасиз ишлаши учун шарт-шароитларни яратиш, унга профессионал ўсишига имкон бериш керак».

Савдо ва овқатланиш Савдо ва овқатланиш Савдо ва овқатланиш /en/publish/doc/text172828_soliqlarni_ortiqcha_tulanishingizning_uchta_sababi