Полезное для бухгалтера в ноябре:
Кўп марта айланадиган идишлар ҳужжатларда ва ҳисобда қандай акс эттирилади
«Корхона кабель ва сим маҳсулотларини биржа орқали бюджет ташкилотлари ва корпоратив буюртмачиларга реализация қилади. Лотлар бўйича тузилган шартномаларда идишларнинг қиймати товарларнинг қийматига киритилиши белгиланган. Бу ҳолда ҳисобварақ-фактуралар қандай расмийлаштирилади? Товар қийматини идишларнинг қийматини чегирган ҳолда, уларни эса алоҳида сатрда кўрсатиш керакми? Ёки идишларнинг қийматини товарни етказиб бериш билан боғлиқ материалларга сарф-харажатлар сифатида тан олиш керакми?».
Ушбу саволга buxgalter.uz илтимосига кўра МВ Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаш департаментининг билвосита солиқлар ва божхона тўловлари услубияти бўлими бошлиғи Баҳодир БОЙҚОБИЛОВ жавоб берди:
– Тузилган шартномаларда идишларнинг қиймати товарларнинг қийматига киритилиши кўрсатилгани боис, харидор уларни қайтариши кераклиги назарда тутилмаган.
ЭҲФда идишлар ва уларнинг қийматини алоҳида сатрда кўрсатиш кераклиги масаласини харидор билан келишиб ҳал қилинг, сабаби бу унга идишларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш учун зарур бўлиши мумкин.
Идишларни етказиб берувчиларингиздан уларнинг қийматини ажратиб кўрсатмай олсангиз, корхонангиз идишларни олинадиган товарларнинг умумий қийматида ҳисобга олиши лозим.
Идишларни уларнинг қийматини ажратиб кўрсатиган ҳолда 1060-счётда алоҳида ҳисобга олишингиз, товарларни сотаётганда эса идишларнинг қийматини реализация қилиш бўйича харажатларга (9410-счёт) ҳисобдан чиқаришингиз мумкин .