Полезное для бухгалтера в ноябре:
Консалтинг харажатларини капиталлаштириш мумкинми
«Корхона инвестиция лойиҳалари доирасида қурилиш ишларини амалга оширади. Тўғридан-тўғри харажатлардан ташқари қурилиш сметасида консалтинг харажатлари назарда тутилган, қурилиш бўйича мутахассислар ҳам жалб қилинади. Пудратчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларга мувофиқ харажатлар 0810-счётига киритилади. Бир нечта объектлар қурилмоқда.
1. Консалтинг харажатлари объектнинг бошланғич нархига киритиладими?
2. Агар шундай бўлса, бу харажатлар турли объектлар ўртасида қандай тақсимланади? Бажарилган ишлар далолатномасида қурилиш ишлари, қурилиш сметаларини тайёрлаш бўйича ишлар умумий сумма билан кўрсатилган».
Саволларга Иқтисодиёт ва молия вазирлиги қошидаги Ўқув маркази директори ўринбосари Шарофитдин Ҳайдаров жавоб берди:
Мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга аъзо бўлинг.
– 1. Саволингиздан келиб чиқадики, қурилаётган кўчмас мулк объектларидан ташкилотнинг шахсий эҳтиёжлари учун фойдаланасиз. Бу қурилиш тугагандан сўнг, агар улар ташкилотингизнинг ҳисоб сиёсатида белгиланган мезонларга жавоб берса, улар асосий воситалар таркибига ўтказилишини англатади.
Корхонанинг ўзида тайёрланган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати деб мазкур асосий воситаларни барпо этиш (қуриш, қуриб битказиш) бўйича ҳақиқий харажатлар суммаси тан олинади.
Қурилиш даврида қурилиш учун олинган кредитлар бўйича ҳисобланган фоизлар барпо этилган асосий воситаларнинг бошланғич қийматига киритилади .
Консалтинг харажатлари қурилиш сметасига киритилганлиги сабабли улар объектларни қуриш билан бевосита боғлиқ ва асосий воситаларнинг бошланғич қийматига киритилади.
2. Агар консалтинг харажатлари бир нечта кўчмас мулк объектларига тегишли бўлса, уларни ушбу объектларга тақсимлаш керак. Тақсимлаш базасини ўзингиз мустақил белгилашингиз ва ташкилотнинг ҳисоб сиёсатида мустаҳкамлаб қўйишингиз мумкин. Мисол учун, ушбу харажатларни ушбу объектлар майдонига мутаносиб равишда тақсимлаш мумкин.