Чет эл ташкилоти ишлаш учун Ўзбекистон корхонасига ўз ходимларини берса

preview

“Норезидент бўлган компания Ўзбекистоннинг юридик шахсига ходимларни беришга доир шартнома тузди. Шартномага биноан унинг ходимлари Ўзбекистонда 120 кун бўлади. СКнинг 36-моддаси 11-қисмининг учинчи мезонига риоя қилинмаяпти (ходимларни беришдан олинган даромад солиқ даври учун 10%дан ошади). ДМни ҳисобга қўйиш керакми ёки СКнинг 36-моддаси 3-қисми 2-бандини қўллаш керакми (камида 183 кун хизматлар кўрсатиш)?”.

 Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга “Assistance In Tax” солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Радмила КАРИМОВА жавоб берди:

 

– Чет эл юридик шахси Ўзбекистондаги тадбиркорлик фаолиятини тўлиқ ёки қисман қайси доимий фаолият жойида амалга ошираётган бўлса, ўша жой чет эл юридик шахсининг республикадаги доимий муассасаси деб эътироф этилади. Мазкур тушунчада муҳим жиҳат тадбиркорлик фаолияти, яъни – даромад олишга қаратилган фаолият ҳисобланади.

СКнинг 36-моддаси 11-қисмига мувофиқ чет эл юридик шахси томонидан ходимларни Ўзбекистонда ишлаш учун бошқа ташкилотга бериш, қуйидаги шартлар бир вақтда бажарилган тақдирда, ушбу чет эл компанияси учун доимий муассасани ташкил этишга олиб келмайди:

1) ходимлар қайси юридик шахсга берилган бўлса, ўша юридик шахс номидан ва унинг манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилса;

2) ходимларни берган юридик шахс ушбу ходимларнинг иш натижалари учун жавобгар бўлмаса;

3) юридик шахснинг ходимларни беришдан олган даромади унинг ушбу ходимларни бериш юзасидан солиқ даврида қилган харажатлари умумий суммасининг 10%идан ошмаса.

Яъни – чет эл ташкилоти Ўзбекистонга талаб қилинган малакага эга бўлган мутахассисларни юборишдан ташқари, бошқа қандайдир хизматларни кўрсатиш мажбуриятларини ўз зиммасига олмайди. Бунда юборилаётган ходимлар юбораётган ташкилотнинг штатида қолади. Чет эл ташкилоти юборилаётган мутахассислар томонидан мазкур бошқа ташкилот манфаатларини кўзлаб, ишларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан жавобгарликни ҳам ўз зиммасига қабул қилмайди.

Ходимларни бериш бўйича хизматларни кўрсатиш ҳолати қуйидагилар билан тасдиқланади:

1) ходимлар берилганлиги тўғрисида далолатномалар (ёки бошқа ҳужжатлар) (бошқа хизматлар кўрсатилганлиги тўғрисида далолатномалар эмас);

2) чет эл ташкилотининг берилган мутахассисларнинг фаолияти билан боғлиқ харажатларини (уларнинг иш ҳақи, яшаш жойларини ижарага олиш, хизмат сафари ва шунга ўхшаш бошқа харажатлар бўйича) компенсация қилишни назарда тутувчи  тақдим этилган ва тўланган счётлар.

Кўриб чиқилаётган ҳолатда, агар СКнинг 36-моддаси 11-қисми 3-бандида назарда тутилган шарт бажарилмаса, яъни тўлов суммаси ҳақиқий харажатлардан 10%дан кўпроқ ошса, чет эл компаниясида хизматлар кўрсатишдан олинган даромад, яъни – тадбиркорлик фаолияти юзага келади. Агар бундай фаолият исталган кетма-кетликдаги 12 ойлик давр мобайнида камида 183 кун давом этса, бу доимий муассасанинг ташкил этилишига олиб келади .

Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади