Фойда солиғи ҳисоб-китобида жисмоний шахсга бино ижараси учун тўлов қандай акс эттирилади

preview

“Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2-иловада жисмоний шахсга бино ижараси шартномаси бўйича тўланган суммаларни қандай тўғри акс эттириш мумкин?”.

Саволга buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА жавоб берди:

 

– Бир қарашда, ушбу суммани Ҳисоб-китобга 2-илованинг 0111-“ Оператив ижара бўйича харажатлар” сатрида акс эттириш мумкин. Ақалли, мен расмий тушунтиришлар ва йўриқномаларда ҳеч қаерда ушбу хулоса нотўғри эканлиги ҳақида кўрсатма топмадим.

Аммо, агар амалиётда шундай йўл тутилса, сизга хат келиши эҳтимоли катта бўлади. Мен шахсан мижозга ёрдам бериш чоғида бундай вазиятга дуч келганман.

Дастлаб бухгалтер мустақил равишда вазиятни тушунишга ҳаракат қилди. Текширувдан олдинги таҳлил якунлари бўйича хабарномадан қандай йўл тутишни тушунмади ва ёрдам юзасидан солиқчиларга мурожаат қилди. Мана шу ерда энг қизиғи ойдинлашди...

Солиқ органи вакили солиқ тўловчи томонидан 0111-сатрда кўрсатилган харажатлар учун 01351-01360-сатрлардан бирини ажратишни тавсия қилди. Унга 2-иловада ёзилмаган бошқа харажатларни, шу жумладан 0111-сатрдаги ушбу суммани ҳам ёзиш мумкин. Бухгалтерга бундай ечим ажиб туюлди, у тавсияга риоя қилишни рад этди ва натижада камерал текширувни “ишлаб олди”.

Мен масалага киришиб, сабабини аниқлашни бошлаганимда, автокамерал формуласи 2-илованинг 0111-сатри маълумотлари оператив ижара учун МХИК мажбурий тартибда кўрсатилиши керак бўлган ҳисобварақ-фактура билан солиштириладиган тарзда созланганлиги маълум бўлди. Жисмоний шахсдан бино ижарага олинадиган вазиятларда ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилмайди. Шу боис дастур 0111-сатрда кўрсатилган суммани “ҳаводан” олинган асосланмаган сумма сифатида аниқлайди ва унга қўшимча солиқ ҳисоблайди. 01351-01360-сатрларда ҳисобварақ-фактураларга боғланиш йўқ, шу сабабли у ерда жисмоний шахсга ижара учун тўлов харажатларини муаммосиз акс эттириш мумкин.

Солиқ тўловчи эътироз қилишга ҳаракат қилганда солиқчилардан ажиб жавоб олди. Улар солиқчиларнинг тавсияларига риоя қилаётган ва камерал текширув билан боғлиқ муаммоларга эга бўлмаган бошқа солиқ тўловчиларни мисол қилиб кўрсатишди.

Биз мижоз билан камерал текширув натижалари бўйича талабнома чиқмагунча ҳеч қандай чораларни кўрмасликка қарор қилдик. Бухгалтер ўз позициясини текширувдан олдинги таҳлил натижалари бўйича асослади. Ҳисоб-китобга 2-иловада сумма тўғри акс эттирилган, ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобида ҳам у мавжуд, шартнома ҳам e-ijaraда барча қоидалар бўйича рўйхатдан ўтказилган.

 

Муаммони қандай ҳал қилиш керак

Агар масалага жиддий ёндашилса, солиқ органлари солиқ ҳисоботи шакллари ва автокамерал назорат формулаларини уларни амалий қўллаш натижалари бўйича такомиллаштиришлари керак. Аммо ушбу иш ҳар доим пайсалга солинмоқда...

Мен, масалан, ушбу муаммони қандай ҳал қилиш мумкинлиги юзасидан бир нечта йўлни кўраяпман:

  1. Энг содда вариант – солиқ органлари бу борада расмий тушунтириш беришлари, уни расмий йўриқномаларда ёзишлари керак. Шунда ижара учун жисмоний шахсларга тўловларга эга солиқ тўловчилар ушбу маълумотларни 0111-сатрда эмас, балки  01351–01360-сатрларда акс эттирадилар ва бунда ўз ҳаракатларига шубҳа қилмайдилар.
  2. Шунингдек, формулани шундай тарзда созлаш мумкинки, бунда у 0111-сатрни таҳлил қилган ҳолда, мажбурий тартибда е-ijara маълумотлари асосида дастлаб ижара шартномаси юридик ёки жисмоний шахс билан тузилганлигини аниқлайди, шундан сўнг эса хулоса чиқаради.
  3. Ниҳоят, Ҳисоб-китобга 2-иловада: а) 0111-сатрни фақат юридик шахсларга тўлов суммаларини акс эттириш учун қолдириш; жисмоний шахсларга ижара учун тўлов учун яна битта сатрни қўшиш; в) шундан келиб чиққан ҳолда формулани қайта кўриб чиқиш мумкин.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади