Ортиқча ушлаб қолинган ЖШДС норезидентга қандай қайтарилади

preview

“Норезидентга 2022 йил май–июнь ойлари учун 20% ставка бўйича ЖШДС ушлаб қолинган ҳолда иш ҳақи ҳисобланди. Июль ойида ЎРҚ-785-сон Қонуни қабул қилинди, унда 2022 йил 1 майдан бошлаб жисмоний шахслар – норезидентлар учун ЖШДСнинг янги ставкаси тасдиқланди – 12%. Биз ортиқча ушланган солиқни қандай тартибда қайта ҳисоблашимиз ва норезидентга қайтаришимиз керак?  Бу ЖШДС бўйича ҳисоботда қандай акс эттирилади?”.

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволларга “Assistance In Tax” солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори  Радмила КАРИМОВА жавоб берди:

 

– 2022 йил 1 майдан бошлаб норезидентларнинг меҳнат даромадлари бўйича ЖШДСнинг 12% миқдорида янги ставкаси тасдиқланди .

Корхоналар май–июнь ойлари давомида норезидентларнинг даромадларидан 20% ставка бўйича ЖШДС ушлаб қолишган.

Учта эҳтимолий вазиятларни кўриб чиқамиз.

 

1-вазият. Норезидент билан шартнома бекор қилинган

Бу ҳолда СКнинг 12-бобида белгиланган солиқ тўловчига ортиқча тўланган солиқни қайтариш тартибига амал қилинг.

Умумий қоидага биноан ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқ суммаси солиқ тўловчининг солиқ қарзи бўлмаган тақдирда қайтарилиши ёхуд ушбу солиқ бўйича келгуси тўловлар ҳисобига ҳисобга олиниши лозим .

Ортиқча тўланган солиқ суммаси солиқ тўловчига унинг ёзма аризасига биноан солиқ органи томонидан бундай ариза олинган кундан эътиборан 15 кун ичида қайтарилади .

Экспертнинг фикрига кўра, кўриб чиқилаётган ҳолатда жисмоний шахс даромад тўлаган корхона ҳисобга қўйилган жойдаги солиқ органига ёзма ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Агар жисмоний шахс Ўзбекистонда турмаса, аризани почта орқали жўнатиш мумкин .

Солиқни қайтариш учун аризани солиқ органига корхонанинг ўзи – солиқ агенти ҳам тақдим этиши мумкин .

Аризада жисмоний шахснинг шахсга доир маълумотларидан ташқари, иш берувчи билан тузилган шартнома маълумотларини ҳам кўрсатишни, шунингдек – қайтарилиши лозим бўлган сумма кўрсатилган ҳолда солиқ ушлаб қолинганлиги тўғрисидаги ҳужжатларни илова қилишни тавсия қиламиз.

Қайтарилганлиги тўғрисида тасдиқномани олгандан сўнг, норезидентга даромад тўлаган корхона 2022 йил май ва июнь ойлари учун ЖШДС ҳисоб-китобини қайта топшириши лозим.

Қайта ҳисоб-китобдан кейин корхона ортиқча тўланган солиқ суммасини жисмоний шахсга унинг картасига ёки банк ҳисобварағига қайтаради.

 

2-вазият. Норезидент билан шартнома давом этади

Бу вазиятда корхона 2022 йил май–июнь ойлари учун ортиқча ушлаб қолинган солиқ суммасини жисмоний шахснинг ёзма аризаси асосида қайтаради. Буни солиқ даври доирасида амалга ошириш мумкин .

Ортиқча ушлаб қолинган солиқ суммаси келгуси тўловлар ҳисобига корхона томонидан қайтариш учун ариза олинган кундан эътиборан 3 ой мобайнида қайтарилади.

Мисол
Норезидентга ортиқча ушлаб қолинган солиқни қайтариш
Корхона норезидент билан 2022 йилнинг майидан августигача бўлган даврга шартнома тузди. Шартнома бўйича даромаднинг ҳар ойлик суммаси сўм эквивалентида – 15 000 минг сўм. Май-июнь ойларида 20% (15 000 х 2 х 20% = 6 000 минг сўм) ставка бўйича солиқ ушлаб қолинди. Норезидент 2 ой учун: 30 000 – 6 000 = 24 000 минг сўм олди.

2022 йил июль ойида ставка ўзгариши сабабли норезидент корхона бухгалтериясига ортиқча ушланган солиқни қайтариш тўғрисида ариза берди.

2022 йил май-июль ойлари учун ЖШДС ҳисоб-китоби:

  • 15 000 х 3 х 12% = 5 400 минг сўм.

ЖШДС бўйича ортиқча тўлов суммаси:

  • 6 000 – 5 400 = 600 минг сўм.

Корхона июль учун норезидентга 15 000 минг сўм тўлайди ва 600 минг сўм ортиқча ушлаб қолинган солиқни бюджетга ЖШДС бўйича келгуси тўловларни камайтириш ҳисобига қайтаради.

Агар корхона бўйича жами солиқлар суммаси уни 600 минг сўмга камайтириш учун етарли бўлмаса, август ойи учун норезидент даромадларидан олинадиган солиқни камайтирган ҳолда қайтариш суммасини ҳисобга олиш мумкин. Шунда август учун солиқ суммаси қуйидагини ташкил этади:

  • 15 000 х 12% – 600 = 1 200 минг сўм.

Норезидент август ойи учун қуйидагини олади:

  • 15 000 – 1 200 = 13 800 минг сўм.

Бу вазиятда май-июнь учун ЖШДС бўйича ҳисоботни қайта топшириш зарурати йўқ, барча тузатишлар жорий ҳисобот ойи учун ҳисоботда акс эттирилади.

 

3-вазият. Норезидент резидентга айланади

Агар норезидент СКнинг 30-моддасига мувофиқ резидентга айланса, ортиқча тўланган солиқ суммасини унга яшаш жойи (турган жойи) бўйича солиқ органи - жами йиллик даромад тўғрисида декларацияни беришда қайтаради .

Бу вазиятда ЖШДС декларация бериладиган бутун солиқ даври учун қайта ҳисобланади. Декларацияга мазкур солиқ даврида Ўзбекистоннинг резиденти мақомини тасдиқлайдиган ҳужжатлар илова қилиниши керак.