Корпоратив карта орқали ҳақ тўлашда чек йўқ: нима қилиш керак

preview

“Ходим товар учун корпоратив карта орқали ҳақ тўлашда НКМ чекини олиб келмади. Агар онлайн-НКМ чекини олишнинг имкони бўлмаса, бухгалтер харажат суммасини карта сақловчисининг иш ҳақидан ушлаб қолиши мумкинми?”

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга “Норма” эксперти Ольга БУСАРОВА жавоб берди:

 

Экспертларнинг жавобларини ўтказиб юборманг – бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Агар харид учун пластик карта, шу жумладан корпоратив карта орқали ҳақ тўланган бўлса, харидор иккита чек олади :

  • терминал чеки. Ушбу чекда қайси картадан қанча пул ечилганлиги ҳақида ахборот мавжуд. Бу ерда товар номи, ҚҚС ҳақида ахборот, МХИК мавжуд эмас;
  • НКМ чеки. Ушбу чекда барча сотиб олинган товарлар, уларнинг сони, нархи, ҚҚС санаб ўтилган. Шунингдек, ушбу чекда QR-код мавжуд.

Агар корпоратив карта сақловчиси НКМ чекини тақдим этмаган бўлса, у ҳолда: қандай товар ва қандай нархда сотиб олинганлиги бўйича ҳаққоний маълумотлар мавжуд эмас. Бу ҳолда корхона раҳбарияти:

  • суммани карта сақловчисининг иш ҳақидан ушлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли. Бунда Меҳнат кодексининг нормасига риоя қилиш лозим: ҳар бир тўлов чоғида иш ҳақидан ушлаб қолинган маблағларнинг умумий суммаси ходимга ҳисобланган иш ҳақининг 50 фоизидан ошиши мумкин эмас ;
  • агар ҳисоботда кўрсатилган товар сотиб олинганлиги юзасидан шубҳа бўлмаса, карта сақловчисининг бўнак ҳисоботини ҳисобга қабул қилиши мумкин. Аммо корхонада ушбу харид бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш имкони бўлмайди.

Ҳисоб сиёсатида шунга ўхшаш вазиятларда бухгалтернинг ҳаракатлари тартибини ёзишни ва ушбу тартиб билан карта сақловчисини таништиришни тавсия қиламиз.

 

Агар карта директор номига расмийлаштирилган бўлса, бироқ ундаги маблағларни ходим сарфласа

Директор сақловчиси сифатида кўрсатилган карта кўп ҳолларда фойдаланиш учун бошқа мутахассисларга берилади. Бу ҳолда кимни жазолаш керак?

Бу ҳолда бир нечта картага эга бўлишни тавсия қиламиз, бу тақиқланмаган. Юзага келган вазиятда эса карта сақловчиси, сизнинг вазиятингизда директор, амалга оширилган харажатлар тўғрисида ҳисобот бериши ва бундай қарор қабул қилинган тақдирда, ҳужжатлар (НКМ чеки) билан тасдиқланмаган харажатни қоплаб бериши керак .

Агар корпоратив карта орқали тўловни амалга оширишда касса чеки беришмаса, нима қилиш керак – алоҳида мақолада ўқинг.