ЎРҚ-1143-сонли «экологик» ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга нисбатан санкциялар қанчага оширилди

preview

Иссиқхона ва ишлаб чиқариш биноларида мазут, резина ва бошқа моддаларни ёқиш, дарахт ва буталарни ноқонуний кесиш, буташ, бузиш ва кўчириб ўтказиш, сувни ифлослантириш, дарё қирғоқларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш тартибини бузиш ва бошқа шу каби ҳуқуқбузарликлар учун янги жарималар белгиланди. Шу билан бирга, жарима тўлаш зарарни қоплаш заруратидан озод қилмайди.

Масалан, ташкилот ўз ҳудудидаги бута ёки дарахтларни ноқонуний равишда кесган. У зарарнинг 5-10 баравари миқдорида жарима тўлайди (ўсимлик турига қараб), шунингдек, зарарнинг ўзини ҳам қоплайди.

Buxgalter.uz сайтида янги жарималарни кўриб чиқамиз:

Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

Эътибор беринг

Материаллардан нусха кўчириш ва улардан фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола ёки таҳририятнинг ёзма рухсати мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади.

 

04.05.2026 йилдаги ЎРҚ-1143-сон Қонун билан МЖтК ва «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунга экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик ва жисмоний шахсларнинг жавобгарлигини кучайтирадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Тузатишлар расмий эълон қилинган кундан бошлаб 3 ой ўтгач – 5 августдан бошлаб кучга киради.

 

«Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра:

  • Маъмурий ёки жиноий жавобгарлик, табиий ресурслардан фойдаланганлик учун тўлов ва атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун компенсация тўловларини тўлаш, шунингдек, юридик шахсларга нисбатан молиявий санкцияларни қўллаш қонунбузарларни атроф-муҳитга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятидан озод қилмайди.

Юридик шахслар учун молиявий санкцияларнинг ўзи эса қуйидагича:

  • дарё қирғоқларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини олиб бориш тартибини бузганлик учун –атроф-муҳитга етказилган зарар суммасининг 3 баравари миқдорида жарима;
  • сувни ифлослантирганлик, шунингдек, оқова сувларни сув ҳавзаларига оқизишга рухсат бериш шартлари талабларини бузганлик учун – зарар суммасининг 10 баравари миқдорида;
  • дарахтлар ва буталарни ноқонуний кесиш, буташ, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки кўчириб ўтказиш учун – зарар суммасининг 5 баравари миқдорида;
  • юридик шахсларга тегишли ёки бириктирилган ҳудудда дарахтларни муҳофаза қилиш ва сақлаш бўйича қонунда белгиланган чораларни кўрмаганлик учун – етказилган зарарнинг 5 баравари миқдорида;
  • дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини қонунга хилоф равишда кесиш, буташ, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки кўчириб ўтказиш учун – зарар суммасининг 10 баравари миқдорида;
  • атмосферага рухсат этилган даражадан ортиқ ифлослантирувчи моддалар чиқарганлик учун, қуйидаги юридик шахсларга:

– атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш даражаси бўйича IV тоифага, атроф-табиий муҳитни ифлослантирганлик ва чиқиндиларни жойлаштирганлик учун компенсация тўловларининг 2 баравари миқдорида жарима қўлланилади,

– III тоифага – 4 баравар,

– II тоифага – 6 баравар,

– I тоифага – 10 баравар;

Эслатиб ўтамиз

I-IV таъсир тоифасига тегишли фаолият турлари Рўйхатда белгиланган:

  • майдони 500 квадрат метр ва ундан ортиқ бўлган қурилиш майдонида, унга туташ ҳудудларда ва чиқиш йўлларида ҳаводан чанг ва қумни тозалаш бўйича мажбурий талабларни бузганлик, ушбу ҳудудларда атмосферага рухсат этилган меъёрлардан ортиқ ифлослантирувчи моддалар чиқарилишига йўл қўйганлик учун – атроф-муҳитни ифлослантирганлик ва чиқиндиларни жойлаштирганлик учун компенсация тўловлари суммасининг 3 баравари миқдорида жарима;
  • ёқилғини, ёқилғи сифатида ишлатиладиган моддаларни ёки ёқилғи ҳисобланмайдиган моддалар, материаллар аралашмасини ва чиқиндиларни ёқиш учун мўлжалланмаган жойларда ва (ёки) иншоотларда очиқ оловда ёқиш, шунингдек, шиналар, битум, мазут, плёнка, синтетик картон, резина, жун толаси ва таркибида шунга ўхшаш компонентлар бўлган чиқиндиларни ёқилғи сифатида иссиқхоналарда, ишлаб чиқариш биноларида, чиқинди ёқиш заводларида ёки бошқа иншоотларда ёқиш учун – компенсация тўловлари суммасининг 5 баравари миқдорида жарима;
  • саноат, маиший ва бошқа чиқиндиларни тўплаш, ташиш, жойлаштириш, зарарсизлантириш, сақлаш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва сотишда табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузганлик учун – компенсация тўловларининг 5 баравари миқдорида жарима.

 

Бунда:

  • агар юридик шахс ўз айбини тан олса, санкцияларни Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси қўллайди, агар тан олмаса, масала судда ҳал қилинади;
  • молиявий санкциялар қўлланилган худди шу ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо қўлланилмайди;
  • «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонундан 5 августдан бошлаб давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо турларини қонунга хилоф равишда кесиш ва йўқ қилиш учун санкцияларнинг бошқача миқдорини назарда тутувчи 49-2-модда чиқариб ташланади.

 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришларга кўра:

  • Ёқилғини, ёқилғи сифатида ишлатиладиган моддаларни ёки моддалар аралашмасини, ёқилғи ҳисобланмайдиган материалларни ва чиқиндиларни ёқиш учун мўлжалланмаган жойларда ва (ёки) иншоотларда очиқ оловда ёқиш, шунингдек шиналарни, битумни, мазутни, плёнкани, синтетик картонни, резинани, жун толасини ва таркибида шунга ўхшаш компонентлар бўлган чиқиндиларни ёқилғи сифатида иссиқхоналарда, ишлаб чиқариш биноларида, чиқинди ёқиш заводларида ёки бошқа иншоотларда ёқиш учун жарималар қўлланилади:

фуқароларга БҲМнинг 15-25 баравари (6,18-10,3 млн сўм), мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 25-50 баравари (10,3-20,6 млн сўм) миқдорида жарима солинади.

Маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этганлик учун:

– фуқаролар учун – БҲМнинг 25-50 баравари (10,3-20,6 млн сўм), мансабдор шахслар учун – БҲМнинг 50-70 баравари (20,6-28,84 млн сўм) миқдорида жарима қўлланилади.

Эслатиб ўтамиз

2026 йил 1 апрелдан бошлаб экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун юридик шахсларга нисбатан рўйхат бўйича –Президентнинг 18.11.2025 йилдаги ПФ-217-сон Фармонига мувофиқ молиявий санкциялар қўлланилади.

Бундан ҳам олдин – 1 мартдан I ва II тоифадаги корхоналарга 5 баравар миқдорида компенсация тўловларини қўллаш тартиби кучга кирди ва у қуйидаги вазиятларда қўлланилади :

1) фон мониторинги станцияларини белгиланган муддатда ўрнатмаганда;

2) уларни Миллий экология қўмитасининг Миллий экомониторинг маркази билан интеграция қилмаганда.

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text214967_urq-1143-sonli_ekologik_huquqbuzarliklar_uchun_yuridik_shahslarga_nisbatan_sankciyalar_qanchaga_oshirildi