Ходимга квартирани қандай сотиш мумкин: бухгалтерия ҳисоби ва солиқ оқибатлари

preview

Вазият: корхонанинг балансида асосий воситалар таркибида хизмат турар жойлари сифатида фойдаланилган квартиралар ҳисобда туради. Уларни ходимларга қолдиқ қиймати бўйича сотиш режалаштирилмоқда. Бундай хўжалик операциясини ҳисобда қандай акс эттириш ва у битим томонлари учун қандай солиқ оқибатларига эга бўлиши тўғрисида Молия вазирлиги Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубиёти департаменти бўлим бошлиғи Асал ХАШИМОВА гапириб берди:

 

- Корхонада квартиранинг бухгалтерия ҳисоби ундан кейинчалик фойдаланиш мақсадидан келиб чиқиб белгиланади. Шу боис, бошланғич ҳисоб ҳужжатларидан ташқари, корхона раҳбарининг квартиранинг мақсади тўғрисидаги буйруғини, ходимларга фойдаланишга қабул қилиш-топшириш далолатномаларини расмийлаштириш зарур.

Уни ходимларга тақдим этиш шартларидан (тўлов эвазига ёки текин) қатъи назар, хизмат турар жойи сифатида фойдаланилаётган квартиранинг қиймати бухгалтерия ҳисобида асосий воситалар объекти сифатида акс эттирилади. Алоҳида ҳисоб юритиш учун асосий воситалар ҳисобини юритиш счётлари гуруҳида алоҳида счёт 0100 очиш мумкин.

Уни сақлаш харажатлари (шу жумладан - амортизация ва барча турдаги таъмирлаш) бошқа операция харажатлари (9430-счёт) сифатида давр харажатлари таркибига киритилади.

Агар корхона аввалбошдан квартирани кейинчалик ходимга сотиш учун харид қилган бўлса, у АВни тан олиш мезонларига тўғри келмайди . Унинг қиймати мазкур ҳолда товарларни ҳисобга олиш счётларида (2990-счёт) акс эттирилади.

Реализация қилиш қандай расмийлаштирилади

Агар корхона квартирани ходимига реализация қилса, кўчмас мулкни олди-сотди шартномаси расмийлаштирилади . Агар сотиш нархи бозор нархидан фарқ қилса, қўшимча солиқ оқибатлари юзага келиши мумкин.

Квартирани реализация қилишдан олдин битимни амалга ошириш учун иштирокчиларнинг (акциядорларнинг) розилиги талаб қилиниши мумкин, агар жамият уставида бу назарда тутилган бўлса. Қонунчиликка асосан агар квартирани сотиш ёки сотиб олиш бўйича битим йирик битим ҳисобланса (масалан, квартира-апартаментлар), иштирокчилар (акциядорлар)нинг қарори зарур бўлади. Қонунчилик талаблари бузилган ҳолда тузилган йирик битим жамият ёки унинг иштирокчиси даъвоси бўйича суд қарорига кўра ҳақиқий эмас,  деб топилиши мумкин  .

 

Бухгалтерия ҳисоби

Асосий воситаларнинг чиқарилишида қуйидаги формула бўйича молиявий натижа (МН) аниқланади :

МН = РТ – ҚҚ – ҚҚС – ЧХ + ҚС,

бунда:

РТ - реализация қилишдан олинган тушум;

ҚҚ - қолдиқ қиймат (бошланғич (тиклаш) қиймати жамланган эскириш айирилган ҳолда);

ҚҚС - қўшилган қиймат солиғи (тўловчилар учун);

ЧХ - чиқарилиши бўйича харажатлар;

ҚС - қайта баҳолаш сальдоси.

Мисол
Бухгалтерия ҳисобида асосий воситани реализация қилишни акс эттириш
ҚҚС тўловчиси бўлган корхонанинг асосий воситалари таркибида қуйидаги кўрсаткичлар билан квартира ҳисобда туради:
  • бошланғич қиймати - 389 193,6 минг сўм;
  • жамланган эскириш - 21 393,0 минг сўм;
  • қайта баҳолаш сальдоси - 85 289,0 минг сўм.
Корхона ушбу квартирани ўз ходимига қолдиқ қиймат бўйича 367 800,6 минг сўмга (389 193,6 – 21 393,0) ҚҚС билан сотади.

Квартиранинг бозор қиймати баҳолаш ташкилотининг маълумотларига кўра унинг қолдиқ қийматига (ҚҚС ҳисоблаш билан) мос келади.

ҚҚС: 367 800,6 х 15% = 55 170,09 минг сўм.

Реализация қилишнинг умумий қиймати: 367 800,6 + 55 170,09 = 422,970,69 минг сўм.

Асосий воситанинг чиқарилишидан молиявий натижа: 422 970,69 – (389 193,6 – 21 393,0) – 55 170,09 + 85 289,0 = 85 289,0 минг сўм.
Бухгалтерия ҳисоби: 

Хўжалик муомаласи

Сумма, минг сўм

Дебет

Кредит

Квартира реализация қилинди

367 800,6

4010

9210

ҚҚС ҳисобланди

55 170,09

4010

6410

Бошланғич (тиклаш) қиймати ҳисобдан чиқарилди

389 193,6

9210

0120

Жамланган эскириш ҳисобдан чиқарилди

21 393,0

0220

9210

Қайта баҳолаш сальдоси ҳисобдан чиқарилди

85 289,0

8510

9210

Асосий воситанинг чиқарилишидан олинган фойда акс эттирилди

85 289,0

9210

9310

Квартира учун пул маблағлари олинди

422 970,69

5110

4010

 

Солиқ оқибатлари

ҚҚС

Товарга бўлган мулк ҳуқуқини, уларга асосий воситалар ҳам киради, пуллик асосда ўтказиш - бу ҚҚС солинадиган реализация қилиш бўйича айланма .

Кўчмас мол-мулк объекти реализация қилинган тақдирда, кўчмас мол-мулкни бошқа шахс тасарруфига ўтказиш тўғрисидаги шартноманинг тарафлари томонидан имзоланган қабул қилиб олиш-топшириш далолатномаси бўйича харидорга кўчмас мол-мулк берилган сана айланма амалга оширилган сана деб ҳисобланади .

Солиқ базаси - битим тарафлари томонидан қўлланилган нархдан келиб чиққан ҳолда реализация қилинадиган товарларнинг қиймати . Агар битимнинг нархи товарларнинг бозор қийматидан паст ёки юқори бўлса, солиқ органлари солиқ базасига тузатиш киритишга ҳақли .

Олиб сотиш учун жисмоний шахслардан олинган уй-жой кўчмас мулк объектлари реализация қилинган тақдирда, солиқ базаси солиқ суммасини ўз ичига оладиган, реализация қилиш нархи ва сотиб олиш қиймати ўртасидаги ижобий фарқ сифатида аниқланади .

 

Фойда солиғи

Квартирани сотишда фойда солиғи бўйича оқибатлар у АВ ёки товар ҳисобланишига боғлиқ.

Агар у - асосий восита бўлса, чиқарилишидан фойда ёки зарар юзага келади. АВ чиқарилишидан фойда жами даромад таркибига киритилади , зарар эса солиқ базасини аниқлашда ҳисобга олинади .

Агар квартира - товар бўлса, уни реализация қилишдан олинган фойда (зарар) солиқ базаси кўрсаткичида акс эттирилади .

Сиз фойда солиғи ҳисоб-китобида квартирани сотишдан кўрилган зарарни чегириб ташлашга ҳақлисиз, агар корхона унинг иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлашини асослаб бера олса . Акс ҳолда зарар чегирилмайдиган харажат бўлади.

 

Айланмадан олинадиган солиқ

Айланмадан олинадиган солиқ бўйича оқибатлар яна квартира асосий восита ёки товар ҳисобланишига боғлиқ.

Агар у - асосий восита бўлса, чиқарилишидан фойда ёки зарар юзага келади. Фойда - жами даромад таркибига киритилади, зарар солиқ базасини аниқлашда ҳисобга олинмайди .

Агар квартира - товар бўлса, сотиш нархи жами даромад таркибига киритилади .

 

ЖШДС

Жисмоний шахс учун квартирани сотиш нархи ҳамда унинг сотиб олиш (таннархи) қиймати ўртасидаги салбий қиймат - бу моддий наф тарзидаги даромад .

Жисмоний шахс томонидан юридик шахсдан товарлар (хизматлар)ни олишда уларнинг қиймати сотиб олиш нархидан (таннархидан) келиб чиққан ҳолда акциз солиғи ва ҚҚС ҳисобга олинган ҳолда аниқланади .

Жисмоний шахсларнинг даромадларидан олинадиган солиқни корхона тўлов манбаи сифатида ушлаб қолади . Агар у ушлаб қолинмаган бўлса, корхона бюджетга солиқ суммаси ва у билан боғлиқ пеняни ўтказиши шарт .

 

Мол-мулк солиғи

Асосий воситани реализация қилиш чиқарилиш ойидан бошлаб мол-мулк солиғи бўйича солиқ базасини камайтиради . Бу ҳолда сиз бўнак тўловлари тўғрисида аниқлаштирилган маълумотнома тақдим этишга ҳақлисиз, унинг асосида қолган қисми учун бўнак тўловларга солиқнинг ўзгариш суммасига тенг улушларда тузатиш киритилади .

 

Ер солиғи

Кўп квартирали уйлар эгаллаган ер участкалари ер солиғи солиш объекти сифатида ҳисобланмайди . Бироқ агар ушбу участкалар хўжалик фаолиятини амалга ошириш учун фойдаланилса, улар солиқ солиш объектлари ҳисобланади .