Нима учун Ўзбекистоннинг солиқ резидентлари ўз резидентликларини тасдиқлай олишмайди

preview

“Бизнинг корхонамиз Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти сертификатини олди. Агар ушбу ҳужжатдаги QR-код сканер қилинса, резидентлик тўғрисидаги худди шу хат чиқади. Аммо хорижий ҳамкор мазкур сертификатни текшириш мумкин бўлган интернет-ресурсга ҳавола беришимизни сўраяпти. Биз бундай ҳаволани тақдим этолмаймиз. Ҳамкор бизни қандай текшириши мумкинлиги юзасидан ДСҚда жавоб беришмади”.

Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни “Assistance In Tax” солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Радмила КАРИМОВА шарҳлаб берди:

Эътибор беринг
Муҳим тушунтиришлардан ҳеч бирини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг ТГ-каналимизга обуна бўлинг!

 

– Ҳозирги вақтда Ўзбекистон компанияларининг солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (резидентлик сертификатлари) QR-код қўйилган ҳолда электрон шаклда берилади. QR-кодни сканерлашда, ҳақиқатан, ҳужжатнинг асли акс эттирилади. Бунда унинг ҳақиқийлигини фақатгина QR-код асосида аниқлашнинг имкони йўқ.

Чет давлатлардан келиб тушган резидентлик сертификатларининг ҳақиқийлиги қуйидагилар билан тасдиқланади :

– ҳужжатда консуллик легаллаштириш амалга оширилганлиги ёки апостиль мавжудлиги;

– мазкур ҳужжатни берган ваколатли органнинг интернет-ресурсига ҳавола.

Чет давлатларнинг қонунчилиги билан шунга ўхшаш талаблар белгиланиши мумкин.

Ўзбекистонда резидентлик сертификатини бериш бўйича дастурни ишлаб чиқувчилар ушбу муаммога имкон қадар тезроқ эътибор қаратишлари лозим, деб ҳисоблайман.

Эътибор беринг
Сертификатни техник жиҳатдан тасдиқлаш имконияти мавжуд эмаслиги туфайли Ўзбекистоннинг резидентларига чет давлатларда иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида халқаро шартномаларни қўллашни рад этишлари мумкин.

QR-кодни сканер қилганда ҳужжатнинг ўзи эмас, балки регулятор томонидан унинг ҳақиқийлиги тасдиқланган ахборот юкланиши керак.