Босим жуда тушиб кетганда газ ҳажми бўйича АГТКСда солиқ оқибатлари юзага келадими

preview

«Корхона - ҚҚС ва фойда солиғи тўловчиси. Фаолият тури – АГТКС (автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари) орқали метанни реализация қилиш. Газ таъминоти ташкилоти «Автопилот» электрон ҳисобга олиш ускунасининг қайдларига мувофиқ ҳар ойнинг охирида корхонамиз томонидан қабул қилинган табиий газни қабул қилиш-топшириш далолатномасини (қоғозда) тузади. Далолатномага «Расходомер ИСО» дастурий комплексига мувофиқ газ ҳажмини тиклаш далолатномаси илова қилинади. Ушбу далолатномада босим жуда тушиб кетганда тикланган газ ҳажми акс эттирилади.

Босим жуда тушиб кетганда ҳосил бўлган газ ҳажми корхона томонидан ҳақиқатда олинмаган ва ҳисобга олиш ускуналарида қайд этилмаган ва тегишинча реализация қилинмаган. Газ таъминоти ташкилоти тузган ЭҲФда ҳақиқатда олинган газ ҳажми ва тикланган газ ҳажми қўшилиб, битта рақам билан акс эттирилмоқда. Бухгалтерияда истеъмолчиларга реализация қилинган газ ҳажми реализация сифатида акс эттирилмоқда. Босим жуда тушиб кетганда ҳосил бўлган газ ҳажми эса корхона харажатларига ҳисобдан чиқарилмоқда ҳамда   чегирилмайдиган харажатлар сифатида фойда солиғи солинмоқда.

Босим жуда тушиб кетганда ҳосил бўлган газ ҳажмини бухгалтерияда қандай тўғри акс эттириш мумкин ва бунда қандай солиқ оқибатлари юзага келади? Ушбу ҳажмга ҚҚС ва акциз солиғи солинадими? Ушбу ҳажм Фойда солиғи ҳисоб-китобининг қайси иловасида акс эттирилиши керак?»

Вuxgalter.uz илтимосига биноан саволга Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Солиқ ва божхона сиёсати бошқармаси бошлиғи Умид ҲАМРОЕВ жавоб берди:

 

Мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Сизнинг ҳолатингизда босимни тиклаш учун газ ҳажми газ таъминотининг технологик хусусиятларига асосланганми ёки булар газ таъминоти тизими ишидаги камчиликларми, шуни аниқлаш керак.

Агар бу табиий технологик жараён бўлса, газ таъминоти ташкилоти билан тузилган шартномада бу харажат кимнинг – газ таъминоти ташкилоти ёки сизнинг ташкилотингиз зиммасида бўлиши белгилаб олиниши лозим.

Агар шартнома бўйича харажат сизнинг ташкилотингиз зиммасида бўлса, ушбу харажат зарурий ва иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги ҳужжатлар билан тасдиқланиши, технологик регламент, технологик йўқотишлар меъёри ва бошқалар бўлиши керак. Шунда меъёрлар доирасидаги ушбу газга оид харажатларни фойда солиғини ҳисоблашда чегириладиган харажатларга киритиш мумкин бўлади.

Бошқа ҳолатларда (газ таъминоти тизимида камчиликлар бўлганда, шартномага шартлар киритилмаганда ва технологик йўқотишлар лозим даражада ҳужжатлар билан расмийлаштирилмаганда) ташкилотингиз томонидан тўланадиган босимни тиклаш учун жами газга оид харажатлар иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламайдиган харажатлар ва белгиланган меъёрлардан ортиқча йўқотишлар сифатида чегирилмайдиган харажатларга киритилиши лозим.

Табиий ва суюлтирилган газга харажатлар I–III чорак учун Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2-илованинг 0103-сатрида ҳамда бир йил учун Ҳисоб-китобга 2-илованинг 0303-сатрида акс эттирилади. Харажатларнинг чегирилмайдиган қисми ушбу сатрларнинг 4-устунида акс эттирилади.

Технологик регламент, харажатлар меъёри, газ таъминоти ташкилоти билан тузилган шартнома шартлари тасдиқланмайдиган газга оид харажатлар сизнинг ташкилотингизнинг ўз эҳтиёжлари учун харажат сифатида малакаланади.

Мазкур ҳолатда харид қилишда тўланган, бундай газнинг ҳажмига тўғри келадиган ҚҚС ҳисобга қабул қилинмайди . Ўз эҳтиёжлари учун фойдаланилган газ ҳажмига ҳам акциз солиғи солинади .