Даромад 500 млндан ошганда қатъий белгиланган солиқ қайси ойдан бошлаб қайта ҳисоблаб чиқилади

preview

“Айланмадан олинадиган солиқ тўловчи бўлган корхона – февраль ойидан бошлаб солиқни қатъий белгиланган миқдорда тўлашга ўтди. Август ойининг охирида жами даромад йил бошидан 500 млн сўмдан ошди. Солиқ органи талабнома юбориб, унда январь ойидан бошлаб солиқ суммасини жами даромад 500 млн сўмдан ортиқ бўлганда қўлланиладиган солиқ ставкасидан келиб чиққан ҳолда қайта ҳисоблаб чиққан. ДСҚ ва ДСБга мурожаат қилинганида, сумма бутун йил учун – қўшимча солиқ ҳисоблаш сифатида қайта ҳисоблаб чиқилиши ҳақида оғзаки жавоб олди. Ваҳоланки, СКнинг 470-1-моддасида қайси ойда ошиш содир бўлган бўлса, ўша ойдан бошлаб қайта ҳисоблаб чиқилади, дейилган”.

Август ойида 500 млн сўмлик чегарадан ошганда қатъий белгиланган солиқни қандай ҳисоблаб чиқариш кераклигини buxgalter.uz илтимосига биноан Солиқ қўмитасининг Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси бошлиғи Гулнора НИЗАМУТДИНОВА тушунтирди:

 

Солиқ қўмитаси ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мутахассисларининг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Солиқ тўловчи Солиқ кодексининг қоидалари ва солиқ органларининг ёзма кўрсатмаларига амал қилиши керак. Агар солиқ тўловчи солиқ органининг ёзма кўрсатмасига рози бўлмаса, у унинг устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга . Оғзаки жавоблар солиқлар ҳисоб-китоби бўйича қарор қабул қилиш учун етарли асос бўлиши мумкин эмас.

СКнинг 470-1-моддаси 4-қисми сизда тушунмовчиликка сабаб бўлган: “Агар солиқ даври давомида қатъий белгиланган суммадаги солиқ тўловчининг жами даромади беш юз миллион сўмдан ошса, у ҳолда қатъий белгиланган суммадаги солиқ суммаси бундай ошиш рўй берган ойдан бошлаб жорий солиқ даврининг охирига қадар жами даромади беш юз миллион сўмдан ортиқ бўлган солиқ тўловчилар учун белгиланган солиқ ставкасидан келиб чиққан ҳолда қайта ҳисоблаб чиқилади”.

Тушунтириб ўтамиз: “солиқ суммаси ошиш рўй берган ойдан бошлаб қайта ҳисоблаб чиқилади” ибораси ўтган ойлар учун қўшимча солиқ суммасини ҳисоблаш керак эмаслигини кўрсатади. Тегишинча, тўлиқ ўтказилмаган солиқ учун пеня юзага келмайди. Сизнинг вазиятингизда солиқ суммасини жами даромаднинг ошиши рўй берган ойдан – август ойидан бошлаб қайта ҳисоблаб чиқиш (ошириш) лозим. Солиқ ставкаси 30 млн сўм бўлганда солиқнинг йиллик суммасини қолган 5 ойга (август–декабрь) тақсимлаш керак. Сиз февраль ойидан бошлаб (11 ой) қатъий белгиланган солиқда эканлигингизни эътиборга олган ҳолда, ҳисоб-китоб бундай бўлади:

1. Даромади 500 млн сўмдан ортиқ бўлган корхона учун солиқнинг йиллик суммаси – йилига 30 млн сўм.

Сизнинг корхонангиз учун февраль-декабрь ойлари учун қатъий белгиланган солиқ суммаси қуйидагини ташкил этади:

30 000 000 сўм : 12 ой х 11 ой = 27 500 000 сўм;

2. Илгари солиқ йилига 20 млн сўм ҳисобида тўланган – ойига 1 666 666,67 сўм.

Тегишинча, февраль-июль ойлари учун бюджетга:

1 666 666,67 сўм х 6 ой = 10 000 000 сўм ўтказилган;

3. Август–декабрь ойлари учун ҳар ойда қуйидаги солиқ тўланиши лозим:

(27 500 000 – 10 000 000) : 5 ой = 3 500 000 сўм.

 

Кўрсатилган иборани шундай тушуниш, хусусан, қатъий белгиланган суммада айланмадан олинадиган солиққа ўтишда ҳисобот йили учун солиқнинг камроқ суммасини тўлаш учун қасддан тушумнинг камроқ суммасини кўрсатадиган виждонсиз солиқ тўловчиларга солиқнинг йиллик суммасини “мақбуллаштириш”га имкон бермайди.

Сиз яна шундай ёзасиз: “Август ойининг охирида январь ойини ҳисобга олган ҳолда айланма 500 млн сўмдан ошади” – бу тўғри. СКнинг 470-1-моддаси 4-қисмида солиқ даври мобайнидаги жами даромад суммаси ҳақида айтилган. Фаолият кўрсатаётган корхона учун солиқ даври январь ойидан бошланади. Яъни, корхона қайси ойдан қатъий белгиланган солиқни тўлашга ўтганидан қатъи назар, ставкани жами йиллик даромад ҳисоб-китобидан танлаш керак.