Чет эллик директор учун ЖШДСни тўламаса бўладими

preview

“Ташкилот директори – чет эл фуқароси, масофадан туриб ишлайди, Ўзбекистонга тез-тез келмайди. У билан меҳнат шартномаси тузилган ва ишлаш учун рухсатнома олинган.

Агар у резидентлик сертификатини тақдим этса, биз ЖШДСни тўламасак бўладими?”

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга “Assistance In Tax” солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Радмила КАРИМОВА жавоб берди:

 

Мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Меҳнат шартномаси бўйича олинадиган даромадларга солиқ солиш иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги халқаро шартноманинг 14-“Мустақил шахсий хизматлар” (ёки “Ёлланиб ишлаш”) моддасида назарда тутилган.

Қоидага кўра, мазкур модда билан фақат ёлланиб ишлаш Ўзбекистонда амалга оширилмаган тақдирда даромадга солиқ солмаслик ҳуқуқи белгиланган. Сизнинг вазиятингизда иш Ўзбекистонда амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, резидентлик сертификати мавжуд бўлган тақдирда, 14-моддада белгиланган учта шарт бир вақтда бажарилганда норезидентни Ўзбекистонда солиқ солишдан озод қилиш мумкин бўларди, айнан:

  • ушбу жисмоний шахс ҳар қандай 12 ойлик давр доирасида жами 183 кундан ошмайдиган давр  мобайнида Ўзбекистонда турса;
  • иш ҳақини Ўзбекистоннинг норезиденти бўлган корхона (ёлловчи) тўласа;
  • иш ҳақини Ўзбекистонда ёлловчида мавжуд бўлган доимий бўлмаган ваколатхона (муассаса) ёки доимий бўлмаган база тўласа.

Сизнинг вазиятингизда шартлардан бири бажарилмаяпти, айнан: иш ҳақини Ўзбекистоннинг резиденти бўлган корхона тўлаяпти.

Сизнинг корхонангиз солиқ агенти сифатида ЖШДСни ушлаб қолиши ва чет эллик директорнинг даромадларидан ижтимоий солиқни тўлаши керак.