Автоматлаштириш дастурларини солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш талаблари

preview

Солиқ қўмитаси R-Keeper, JOWi, iiko ва умумий овқатланиш ва чакана савдо корхоналари томонидан фойдаланиладиган бошқа ҳисобга олиш дастурлари виртуал касса сифатида солиқ органлари билан интеграция қилиниши кераклигини тушунтирди. Акс ҳолда ушбу дастурлар фойдаланувчилари СКнинг 227-1-моддасида назарда тутилган жарима остига тушади. Buxgalter.uz тафсилотларни аниқлаштирди.

 

Мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Ҳисобга олиш дастури мувофиқ келиши зарур бўлган талаблар

Чакана савдо ва умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан фойдаланилаётган автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари (ахборот тизимлари, дастурий маҳсулотлари) мажбурий равишда солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиниши ва Давлат реестрига киритилиши лозим . Бундай ҳисобга олиш тизимлари жумласига R-Keeper, JOWi, iiko ва бошқа дастурлар киради.

Бу шуни англатадики, дастур қайта ишланиши ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўлланилиши рухсат этилган онлайн назорат-касса машиналари, виртуал касса ва фискал модулга қўйиладиган техник талабларга мувофиқ келиши  ва виртуал кассаларнинг Давлат реестрига киритилган бўлиши керак. Бунда 2019 йил 23 ноябрдаги 943-сон ВМҚга 3 ва 4-иловаларда белгиланган талабларга мувофиқ келадиган Техник хизмат кўрсатиш маркази ташкил этилиши керак.

Давлат реестрларига қуйидагилар киритилганидан сўнг ҳисобга олиш дастури виртуал касса (виртуал касса ёки онлайн-НКМ қўлланилмаган ҳолда) сифатида фойдаланилиши мумкин:

  • дастурнинг ўзи;
  • мазкур дастурга техник хизмат кўрсатишни таъминлаш маркази.

 

Дастур виртуал кассаларнинг Давлат реестрига қандай киритилади

Ҳисобга олиш дастурини ишлаб чиқувчи Фискал маълумотлар оператори (ФМО) –“Yangi texnologiyalar” ИАМга интеграция қилиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилади ва интеграция қилиш тўғрисида шартнома тузади.

Интеграция қилиш якунланганидан сўнг ишлаб чиқувчи:

  • ФМОдан интеграция қилиш натижаси бўйича хулоса;
  • «Киберхавфсизлик маркази» ДУК хулосасини олади.

Ижобий хулосалар мавжуд бўлган тақдирда кейинги босқичга ўтиш – Солиқ қўмитасига ҳисобга олиш дастурини виртуал кассаларнинг Давлат реестрига киритиш учун мурожаат қилиш мумкин. Аризага қуйидагиларни илова қилиш лозим:

  1. Ҳисобга олиш дастурининг қолип намунаси;
  2. Дастурнинг мувофиқлик сертификати;
  3. Давлат реестрига киритиш учун ариза;
  4. Шакллантирилган чек намунаси;
  5. Дастурнинг техник паспорти;
  6. Фойдаланишга доир ҳужжатлар (фойдаланувчи учун қўлланма ва солиқ инспекторининг йўриқномаси);
  7. Ариза берувчининг эҳтиёт қисмларни тақдим этиш тўғрисида кафолат хати;
  8. «Киберхавфсизлик маркази» ДУК хулосаси;
  9. ФМО хулосаси;
  10. Дастурга муаллифлик ҳуқуқи (патент).

Агар ариза рад этилса, солиқ тўловчи камчиликлар бартараф этилганидан сўнг, Давлат реестрига киритиш тўғрисида ариза билан такроран мурожаат қилиши мумкин.

 

ТХКМ қандай қилиб ТХКМни Давлат реестрига киритади

ТХКМ Онлайн назорат-касса машиналари, виртуал касса ва фискал модулга техник хизмат кўрсатиш марказларининг давлат реестрини юритиш нормаларига ҳамда уларга қўйиладиган алоҳида талабларга мувофиқ келиши керак .

Бунинг учун ТХКМ мажбуриятларини бажарадиган ташкилот Солиқ қўмитасига қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда давлат реестрига киритиш тўғрисида ариза йўллаши лозим:

  1. ишлаб чиқувчи ёки унинг ваколатли вакили билан тузилган шартнома нусхаси;
  2. ТХКМ фаолиятни амалга оширадиган жой бўйича кўчмас мулк ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар;
  3. call-марказ мавжудлиги тўғрисида маълумотнома;
  4. дастурга хизмат кўрсатиш бўйича малака сертификатига эга мутахассислар тўғрисида маълумотлар.

Сўнгра ТХКМ ва ФМО ўртасида фискал модуль билан таъминлаш тўғрисида шартнома тузилади. ТХКМнинг малакали мутахассиси ФМОнинг ахборот тизимига киритилади ва унга тизимга кириш имконияти берилади. Шунингдек, ТХКМнинг сўровига кўра унга фискал модуль тақдим этилади.

Эътибор беринг
Бунда, ўз автоматлаштирилган ҳисоб юритиш комплексларини виртуал касса сифатида Давлат реестрига киритишда (киритгандан кейин) тадбиркорлик субъектлари ва техник хизмат кўрсатиш марказлари томонидан рўйхатга олинган виртуал касса сонидан келиб чиқиб, ваколатли органнинг депозит ҳисоб-рақамига захира суммасини қўйиш талаби татбиқ этилмайди .

 

Умумий овқатланиш ёки чакана савдо корхонасида виртуал кассага мувофиқ келадиган версиядаги ҳисобга олиш дастури ўрнатилганидан сўнг тадбиркор ушбу дастурнинг чекини бериши етарли бўлади. Агар тадбиркор онлайн-НКТ ёрдамида чек ҳам урса, бу ҳолда айланмадан олинадиган солиқ ва ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботида сумма икки марта акс эттирилади.

 

Солиқ қўмитасининг тушунтиришларидан иккита муаммо аниқ кўринади:

  1. Дастурлар рўйхати ёки улар жумласига киритиш учун мезонлар анча аниқ бўлиши керак. Олинган тушунтиришлардан интеграция қилиш фақат умумий овқатланиш ва чакана савдо корхоналарининг маъмурий жараёнларини автоматлаштириш дастурлари учун кераклиги тушунарсиз. Ёки фойдаланилаётган 1С ёки 1Uz бухгалтерия ҳисоби дастурлари ва бошқаларни интеграция қилиш керакми?
  2. Ушбу дастурлардан фойдаланиш мажбурий бўлмаган шароитларда СКнинг 227-1-моддаси бўйича жарима санкцияларини қўллашдан мантиқ йўқ. Бундай амалиёт тадбиркорларда амалиётга ахборот технологияларини жорий этиш истагини сўндиради. Автоматлаштирилган ҳисобга олиш дастурларини қўллашга асосланган илғор тажрибани жорий этиш билан тадбиркор блокнотга ёзиб эскича тарзда ишлайдиган тадбиркорларда бўлмаган мажбуриятлар ва муаммоларни ўз зиммасига олаётганлиги маълум бўлмоқда.

Яқин вақтда регулятор мақбул ечимни топади, деб умид қиламиз.

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади