2024 йил учун мол-мулк солиғи бўйича бўнак тўловлари маълумотномасини қайта топшириш мумкинми

preview

«Солиқ органлари омборхоналаримиз 1 кв. метр учун белгиланган энг кам қийматдан арзон турадиган ҳужжатни қабул қилмади. Янги баҳолашни ўтказишга вақт қолмади, белгиланган энг кам қийматдан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилган мол-мулк солиғи тўғрисидаги маълумотномани топширдик.

Энди солиқчиларнинг талабларига мувофиқ баҳолашдан ўтиш ва маълумотномани қайта топшириш мантиқан тўғри бўладими?»

Вазиятни buxgalter.uz илтимосига кўра солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА ҳамда «Credo Max Estimation» МЧЖнинг баҳолаш бўйича олий тоифали мутахассиси Ҳусан Ғаниев изоҳлашди:

 

Телеграм-каналидаги мақолаларимизни кузатиб боринг.

 

Гулнора ЭРГАШЕВА:

– Агар объектнинг 1 кв. метри қиймати Солиқ кодексининг 412-моддасида белгиланган энг кам қийматдан паст бўлса, солиқ тўловчи кўчмас мулк объектлари қийматини мустақил баҳолашни амалга оширишга ҳақли. Бунда мустақил баҳолаш натижалари, шу жумладан солиқ тўловчи томонидан ўтган икки йилда ўтказилган мустақил баҳолаш натижалари солиқ базаси сифатида эътироф этилади .

Солиқ даври мобайнида мўлжалланаётган солиқ базаси ўзгарган тақдирда солиқ тўловчи солиқ суммаси тўғрисида аниқлаштирилган маълумотнома тақдим этишга ҳақли. Бунда солиқ даврининг қолган қисми учун бўнак тўловларга солиқнинг ўзгариш суммасига тенг улушларда тузатиш киритилади . Бироқ солиқ органлари янги баҳолаш натижалари ва қайта топширилган маълумотномани қандай қабул қилишини олдиндан айтиш қийин. Ҳозирча  солиқ тўловчиларнинг бундай ташаббуслари натижалари билан амалда тўқнашмадим.

Бу йил мустақил баҳолаш натижаларини қабул қилишдан бош тортишнинг кенг тарқалган сабабларидан бири – баҳоловчиларнинг ҳужжатларида солиқ солиш эмас, балки баҳолашнинг бошқа мақсади кўрсатилгани бўлди. Аммо норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қайси жойида бу рад этиш учун сабаб бўлиши мумкинлиги кўрсатилган?

 

Солиқ органларининг баҳолаш натижаларини қабул қилмаслигининг яна бир кенг тарқалган сабаби – бу муддатлар. Солиқ кодексининг 412-моддасида солиқ тўловчи томонидан ўтган икки йилда ўтказилган мустақил баҳолаш натижалари солиқ базаси сифатида эътироф этилиши кўрсатилган. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳеч бир жойида бу 2 йилни қандай ҳисоблаб чиқариш кераклиги айтилмаган. Буни йил бўйича, ойлик асосда ёки кунлар бўйича ҳам ҳисоблаб чиқариш мумкин. Фақат маълумотномаларни фаол топшириш даврида Солиқ қўмитаси ҳар ой учун ҳисоблаш зарурлигини тушунтирди – яъни баҳоловчиларнинг хулосаси 24 ой давомида долзарб. Аммо бу шундай қарор қабул қилганларнинг позицияси. Ва бу тўғри деб ким айтди?..

Саволдан келиб чиқиб солиқ тўловчининг вазиятида нимани тавсия қилишим мумкин: баҳолашни ўтказинг, Солиқ кодексининг 417-моддаси асосида маълумотномани қайта топширинг. Агар солиқчилар уни қабул қилмаса, сиз уларнинг қарори устидан шикоят қилишга ҳақлисиз ёки ҳеч бўлмаганда сизда келгуси йил учун баҳолаш ҳақида тайёр ҳисобот бўлади.

 

Ҳусан Ғаниев:

– Бизда ваколатли органлардан услубий йўриқномалар пайдо бўлиши керак, уларда терминология ва солиқ тўловчи томонидан профессионал баҳоловчиларнинг ҳисоботини солиқ органларига тақдим этиш билан боғлиқ тартиб-таомил масалалари ҳал қилиниши аниқ мустаҳкамлаб қўйилади. Ўз навбатида, ушбу услубий йўриқномаларга мувофиқ баҳоловчиларнинг профессионал ҳамжамияти ўз мутахассислари (профессионал баҳоловчилар) учун солиққа тортиладиган мол-мулкни мустақил баҳолаш ва тегишли қиймат тури ҳисоб-китобларининг тўғрилиги тўғрисида ҳисобот шакли бўйича тавсиялар ишлаб чиқиши керак.

Бундай услубий тавсиялар Солиқ қўмитаси вакиллари, солиқ тўловчилар ва профессионал баҳоловчилар ўртасидаги муҳокама натижасида қабул қилиниши керак.

Ушбу ҳужжатсиз қабул қилинадиган қарорларга кўплаб саволлар пайдо бўлади. Мисол учун, баҳолаш натижаларида бошқа мақсад кўрсатилганлиги сабабли баҳолаш натижалари қабул қилинмади. Демак, баҳолаш ташкилоти баҳолаш ҳақидаги ҳисоботда баҳолаш мақсадига тузатиш киритиши ҳамда баҳолаш Солиқ кодексининг 412-моддасида назарда тутилган мақсадларда ўтказилганини кўрсатиши етарли бўладими?

Яна бир мисол: март ойида баҳолаш ўша йилнинг 1 январь санасида амалга оширилиши мумкин (мустақил баҳолашни ўтказишнинг қонун билан тасдиқланган услубий жиҳатларига мувофиқ), ушбу муносабат билан савол туғилади: солиқ органи СКнинг 412-моддасини қўллаш учун (2 йил) қайси санани қабул қилади? Баҳолаш санаси сифатида кўрсатилган сананими ёки мустақил баҳоловчининг ҳисоботи берилган сананими?

Бундай норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмагунча (ёки Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритилмагунча) солиқ солиш мақсадларида мустақил баҳолаш натижаларини қўллаш билан боғлиқ ҳар қандай қарорлар мунозарали бўлиб, кўплаб саволларни туғдиради. Энг муҳими, келгусида бундай ҳолат Солиқ қўмитаси ва солиқ тўловчилар ўртасида ҳам, Солиқ қўмитаси ва баҳолаш ташкилотлари ўртасида ҳам судлашишга олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, баҳоловчиларнинг экспертлар ҳамжамияти ўртасида баҳолаш ҳисоботларини тўғри экспертизадан ўтказиш кўплаб ноаниқликлар туфайли жуда қийин бўлади.

 

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади