2023 йил учун фойда солиғи бўйича ҳисобот қандай топширилади

preview

Ҳисоботлар топшириладиган қизғин пайтда Фойда солиғи ҳисоб-китобига янги 2.1 (a) ва 2.1 (б)-иловалар 07011, 07012, 07021 ва 07022-сатрлар билан тўлдирилди. 2023 йил учун фойда солиғи бўйича ҳисоботни топшириб бўлган солиқ тўловчилар қандай йўл тутишлари лозим?

Buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди:

 

Тушунтиришларни ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналга обуна бўлинг.

 

– Агар сиз учун иловаларнинг янги сатрлари муҳим бўлса, яъни сизда уларда акс эттирадиган кўрсаткичлар мавжуд бўлса, шубҳасиз 2023 йил учун фойда солиғи бўйича ҳисоботни қайта топширган маъқул. Ушбу сатрларсиз сиз ҳисоботни мослаштиришингизга, демак, маълумотларни бузиб кўрсатишингизга тўғри келган. Солиқчилар сизга ушбу кўрсаткичлар бўйича ҳали саволлар беришлари эҳтимоли катта. Ахир бежиз шаклдаги камчиликларни ҳисоботлар мавсумида бартараф этишмаяпти – ушбу шакл пухта ишланмаганлиги туфайли бюджет маблағларни тўлиқ олмаяпти. Ҳар қандай ҳолда маълумотларнинг бузиб кўрсатилишида сиз айбингиз йўқлигини исботлашингизга тўғри келади.

Эътибор беринг

Фойда солиғи бўйича ҳисоботни тақдим этиш муддати – 1 март. Ҳали вақт бор. Шу боис, ҳисоботни қайта топшириши керак бўлганлар, уни топширишни режалаштираётганлар шошилмасликлари ва ушбу масалани ҳал қилишни ойнинг сўнгги ҳафтасига қолдиришлари муҳимдир.

Ҳозир нима қилиш мумкин – шаклни тўлдиришга ҳаракат қилиш ва ташкилотингиз бўйича маълумотларни тўлиқ акс эттириш учун сизга қандай сатрлар етишмаётганлигини аниқлаш лозим. Агар сизга керакли сатрлар мавжуд эмаслигини аниқласангиз – Солиқ қўмитасига бундай вазиятда қандай йўл тутиш лозимлиги ҳақида мурожаат қилинг. Солиқчилар мавжуд нарсалар билан қандай уддалаш мумкинлигини тушунтиришлари ёки сизнинг таклиф ва фикр-мулоҳазаларингизни ҳисобга олган ҳолда, шаклни такомиллаштиришлари керак.

Менга маслаҳат юзасидан мурожаат қилган солиқ тўловчилар мисолида, сатрлар қўшилганлигига қарамай, шаклни яна такомиллаштириш лозим, деб ҳисоблайман.

Биринчидан, шаклга тайёр маҳсулотлар ва қайта сотиш учун сотиб олинган товарлар учун сатрлар қўшилган, ишлаб чиқариш учун шунга ўхшаш сатрлар қани? Ишлаб чиқаришда ҳам акс эттириш учун бундай сатрлар талаб қилинадиган талай ҳаётий вазиятлар бўлиши мумкин.

Иккинчидан, айрим катаклар – 2.1 (а)-илованинг 6, 8-устунлари ва 2.1 (б)-илованинг 5, 7-устунлари «Шундан, чегирилмайдиган харажатлар (зарарлар)» тўлдириш учун асоссиз ёпилган. Ёпилган катаклар ишлаб чиқариш таннархи бўйича чегириб ташланмайдиган харажатларни тўлиқ ҳажмда акс эттириш имконини бермайди.

Камчиликлар ҳақида кимдир солиқчиларга хабар беради, деб қўл қовуштириб ўтириш керак эмас. Такрорлайман, амалиёт шаклни ишлаб чиқувчилар тасаввур қилганига қараганда анча мураккаб ва турли-туманлиги маълум бўлди. Сўнгги санага қадар қанчалик вақт кам қолса, вазиятни ўнглаш шунчалик мураккаб бўлади.

2.1 (а) ва 2.1 (б)-иловаларни бутунлай бекор қилиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман. Бугунги кун ҳолатига солиқ солиш мақсадларида таннархни ҳисоб-китоб қилишнинг пухта ишланган услубияти мавжуд эмас ва бу солиқчилар ҳамда солиқ тўловчиларга мураккабликлар туғдирмоқда.

Ҳатто усулни танлашда ҳам концептуал ёндашув мавжуд эмас. Солиқ кодексида алоҳида-алоҳида усулларга оид бирмунча қоидалар ёзилган. Бу ҳақда СКнинг 80-моддасида гап боради. Шу боис айнан алоҳида-алоҳида усулни танлашни тавсия қиламан.

Мутаносиб усулни танлаган бўлсангиз, у ҳолда кейинчалик мураккабликлар юзага келиши мумкинлигини кўзда тутинг. Ҳисоб-китобнинг тўғрилигини исботлаш мураккаб бўлади, сабаби солиқ солиш мақсадларида ушбу усулни қўллаш қоидалари мавжуд эмас.

Агар Солиқ қўмитаси таҳлика-таҳлил ва камерал назорат тизимларини ривожлантириш эҳтиёжини ушбу иловалар билан боғласа, ушбу иловаларни дастлаб тармоқлар мисолида синовдан ўтказиш, шундан сўнг жорий этиш лозим. Бунда апробациядан ўтказиш сўздагина бўлмаслиги керак. Бизга маълумки, ҳисобот шакли 2023 йил бошида жойлаштирилган, муаммолар эса бир йилдан сўнг аниқлана бошланди, сабаби янги 2.1 (а) ва 2.1 (б)-иловалар фақат йил якунлари бўйича тўлдирилади.

 

 

Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2.1 (а)-илованинг янги сатрлари.


Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2.1 (б)-илованинг янги сатрлари.


Мисол учун, 2.1 (а)-илова 6, 8-устунининг ёпиқ катаклари ишлаб чиқариш таннархи бўйича чегириб ташланмайдиган харажатларни тўлиқ ҳажмда акс эттириш имконини бермайди. 

 

 

 

Фойда солиғи Фойда солиғи Фойда солиғи /ru/publish/doc/text196612_2023_yil_uchun_foyda_soligi_buyicha_hisobot_qanday_topshiriladi