Нима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланилади

preview

“СКнинг 467-моддасига мувофиқ ташкилотимиз аҳолиси сони 100 минг нафар ва ундан кўп бўлган шаҳарда фаолият кўрсатувчи дорихона сифатида айланмадан олинадиган солиқни 3% ставка бўйича тўлашга ҳақли. Аммо 2024 йилнинг январь ойи учун айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисоботнинг “Товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромад” сатрида 4% ставка қўлланилади.

Солиқ кодексида назарда тутилган ставкадан фойдаланиш учун нима қилиш керак?”

Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни СҚнинг Айланмадан олинадиган солиқ маъмуриятчилиги бошқармаси бошлиғи Нуриддин ОТАМУРОДОВ шарҳлаб берди:

 

Муҳим тушунтиришларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китоби чеклар ва ЭҲФ маълумотлари асосида шакллантирилади. МХИКга алоҳида эътибор бериш лозим. Солиқ тўловчининг саволида келтирилган ҳолатга ўхшаш вазиятлар ҳисобварақ-фактуралар ва онлайн-НКТ чекларида нотўғри МХИК кўрсатилганлиги натижасида содир бўлади. Ҳисобот тўғри шакллантирилиши учун онлайн-НКТ ва ҳисобварақ-фактуралар тизимидан келиб тушадиган маълумотларни янгилаш лозим.

 

Ҳисобварақ-фактуралардан келиб тушадиган маълумотларни қандай тузатиш мумкин

Илгари танланган МХИКларни товарларга мувофиқ келадиганларига алмаштириш лозим.

Бунинг учун мавжуд ҳисобварақ-фактурани тузатилган ҳисобварақ-фактура тақдим этган ҳолда ноллаштириш керак. Сўнгра тўғри МХИКни кўрсатган ҳолда янги ҳисобварақ-фактура тақдим этиш лозим.

 

Онлайн-НКТ чекларидан келиб тушадиган маълумотларни қандай тузатиш мумкин

Йўриқномага риоя қилинг:

1. My3.soliq.uzдаги шахсий кабинетда “Юридик шахсларнинг онлайн назорат-касса техникасига доир ахборот” интерактив хизматини танланг;

2. Чекларга тузатиш киритиш учун функционалдан фойдаланинг ва нотўғри МХИКни тўғрисига тузатинг;

3. “Чеклар бўйича ҳисобот” менюсини танланг ва “Кундалик ҳисобот” бўлимига ўтинг;

4. “Ҳисоботни янгилаш”га босинг;

5. Очилган ойна шаклини тўлдиринг: фискал модуль рақамини кўрсатинг ва “2024 йил январь” даврини танланг. “Ҳисоботни янгилаш”га босинг.

 

Ушбу ҳаракатлардан кейин солиқ ҳисоботининг маълумотлари автоматик тарзда янгиланади.

Агар сиз СТИР бўйича бериладиган имтиёз ҳуқуқига эга бўлсангиз ва у айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобини шакллантиришда қўлланилмаса, вазиятни тузатиш учун my3.soliq.uz функционали орқали имтиёзлардан фойдаланиш тўғрисида мурожаат беринг.