Шаффоф қурилиш: давлат дастурлари доирасида қурилиш ва реконструкция қилишни назорат қилиш учун янги меъёрлар

preview

Президентнинг 29.04.2024 йилдаги ПҚ-165-сон қарори давлат дастурларига мувофиқ объектларни қуриш ёки реконструкция қилиш учун янги тартибни белгилайди. Кўп нарсалар рақамлаштирилади.

 

Материалларимизни телеграм-каналда кузатиб боринг.

 

Қурилиш вазирлиги ҳузурида лойиҳа офиси ташкил этилмоқда. У инфратузилмани ривожлантириш ёки бюджет ҳисобидан молиялаштириладиган давлат дастурларига асосан  қуриладиган ёки реконструкция қилинадиган объектлар учун лойиҳа-смета ҳужжатларини келишади. Бу қиймати 10 млрд сўмдан юқори бўлган лойиҳаларга тааллуқлидир. Лойиҳа офиси қурилиш материаллари ва ишларнинг қиймати сунъий равишда қимматлашмаслигини, бинолар функционал ва энергия самарадорлик асосида қурилишини кузатиб боради ва бошқа вазифаларни бажаради.

2024 йил 1 июлдан бошлаб давлат дастурлари доирасида қуриладиган ёки реконструкция қилинадиган объектларнинг смета қиймати “Қурилиш ресурслари миллий классификатори” электрон платформаси маълумотлари асосида шакллантирилади. Қиймати 10 млрд сўмдан ортиқ бўлган лойиҳалар бўйича жалб қилинадиган ёрдамчи пудрат ташкилотлари эса автомобиль йўллари ва йўл иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашда “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилиши керак. Тендер таклифлари тизимга унда назарда тутилган форматда киритилади.

2024 йил 1 октябрдан бошлаб қурилиши тугалланган объектлар “Шаффоф қурилиш” тизимининг “Қурилишда давлат назорати” электрон платформаси орқали расмийлаштирилади.

2025 йил 1 январдан бошлаб лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш ва объектларни фойдаланишга қабул қилишда қурилиш харажатларини баҳолашнинг “ҳажм” услубига (ҳажм ва сифат кўрсаткичларини ҳисобга олишга) ўтилади.

Бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қурилиш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари бўйича техник назорат хизматини кўрсатишга аутсорсинг асосида тадбиркорлик субъектларини жалб қилишга рухсат берилди. Меъёр келгуси 2025 йилдан ишга туширилади.