Курсдаги фарқ: солиқчилар ҳисоботларни қайта топширишга ундашса, нима қилиш керак

preview

Молиявий ҳисоботнинг 2-сон шакли 22-сон БҲМСга мувофиқ ҳисоблаб чиқарилган. Фойда солиғи ҳисоб-китобида курсдаги фарқ СКнинг 320-моддасига мувофиқ акс эттирилган. Ушбу ҳисоботларда курсдаги фарқнинг қийматлари мос келмаётганлиги автокамерални қаноатлантирмаяпти ва солиқ тўловчи аниқланган фарққа қўшимча фойда солиғи ҳисоблаш талаби билан хабарнома олмоқда. Солиқ инспектори дастур фақат қайта топширилган ҳисоб-китобларни эътиборга олиши ҳақида огоҳлантирди. Нима қилиш лозим? Ҳисоб-китобни қайта топшириш – бу маълумотларни мослаштириш ва бузиб кўрсатишни англатади.

Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди:

Мутахассиснинг муҳим тушунтиришини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Молиявий ҳисобот ва Фойда солиғи ҳисоб-китобида курсдаги фарқ кўрсаткичлари ўртасида аксарият ҳолларда фарқ бўлади. Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ ҳисоби ушбу ҳолатда фарқ қилади.

СКнинг 138-моддасига мувофиқ хабарномани олгандан сўнг солиқ тўловчида иккита йўл бор – аниқланган тафовутларнинг асосномасини ёки аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш. Талабнинг бажарилмаслиги – камерал солиқ текширувини тайинлаш учун асос саналади.

Кўриб чиқилаётган вазиятда ҳолатдан чиқишнинг тўғри йўли – солиқ органларига аниқланган тафовутларнинг асосномасини юбориш. Молиявий ҳисоботнинг 2-сон шакли учун ҳисоб-китоблар 22-сон БҲМСга мувофиқ амалга оширилган, фойда солиғи бўйича ҳисобот учун эса курсдаги фарқ СКнинг 320-моддаси қоидалари бўйича ҳисоблаб чиқарилган, деб тўғридан-тўғри ёзинг.

Тақдим этилган аниқланган тафовутларнинг асосномасига тўлиқ ёки қисман рози бўлганда, солиқ органи сизга илгари йўлланган талабномани бекор қилиш тўғрисида хабарнома ёки солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиш тўғрисида аниқлаштирилган талабнома юборади.

Агар солиқ тўловчи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини (шу жумладан – аниқлаштирилган талабномадан кейин) ёки аниқланган тафовутларнинг асосномасини тақдим этмаса, солиқ органи солиқ аудитини тайинлашга ҳақли. Агар тақдим этилган асосномани солиқчилар етарли эмас деб ҳисоблашса ҳам шундай натижа бўлади.

Амалиётда солиқ тўловчилар биринчи хабарномадан сўнг, гарчи илгари топширилган ҳисоботларда хато мавжуд эмаслигини билсалар-да, солиқчиларнинг талаблари бўйича бориб, аввал топширилган ҳисоботларни қайта топширган кўп ҳолатларни биламан. Аммо ўзига ишончи бўлмаган, текширувчилар уларда бирор бир эътироз қилишга арзийдиган нарса топа оладиган бухгалтерлар шундай йўл тутишади. Улар тайинланган текширувлар пул ифодасида илгари топширилган ҳисоботни қайта топшириш бўйича талабномани бажаришдан кўриладиган харажатлардан катта суммага тушишини билишади.

Маълумотларни мослаштириш – бу ҳам энг яхши вариант эмас. Суммалар мос келиши учун бошқа маълумотларни бузиб  кўрсатиш – 22-сон БҲМС ёки СКнинг 320-моддаси қоидаларини бузиш керак. Бундай ижодкорлик оқибатда назорат қилувчи органнинг эътиборини тортиши ва текширувларни тайинлаш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Топширилган ҳисоботларда хатолар бўлмаса, мен тафовутларни асослашни тавсия қилман. Агар солиқчилар тақдим этилган маълумотларга шубҳа қилишса, майли, текширув тайинлашсин – бу уларнинг ҳуқуқи.

Солиқ органларига фикр-мулоҳазалар: автокамералнинг формулаларини улар амалдаги қоидалардан аниқ бўлган тафовутларни асослаш талаб қилинадиган хабарномаларни солиқ тўловчиларга йўлламайдиган тарзда ишлаб чиқилиши лозим.

 

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


Солиқ назорати Солиқ назорати Солиқ назорати /ru/publish/doc/text201106_kursdagi_farq_soliqchilar_hisobotlarni_qayta_topshirishga_undashsa_nima_qilish_kerak