ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича Ҳисоб-китобни қандай тўлдириш керак

preview

13 августда ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича Ҳисоб-китоб шаклида баъзи ўзгаришлар аниқланди. Аммо 15 августда Солиқ қўмитаси ҳисоботни тўлдиришнинг аввалги тартибига мос келадиган Ҳисоб-китобни тўлдириш бўйича йўриқномани эълон қилди.

Buxgalter.uz илтимосига кўра, ушбу вазият бўйича ўз хулосалари билан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА ўртоқлашди:

Мутахассиснинг муҳим тушунтиришини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– 13 август куни тушга яқин ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича Ҳисоб-китоб шаклига огоҳлантиришсиз ўзгартиришлар киритилди. Кўп бухгалтерлар июль ойи учун ҳисоботни топшириб бўлган, бошқалари эса уни тайёрлашни якунлаётган эди. Табиий савол: ҳаммасини қайтадан қилиш керакми?

14-сана - бу ҳисоботни топшириш учун охирги кун ва кўплаб ташкилотларда 100 ва ундан ортиқ одам ишлайди. Агар ҳисоботни қайта ишлаш керак бўлса, бу - катта ҳажмдаги иш. Ахир жорий ишлар ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишлар ҳам бор. Ва бу ерда ҳаммасини қайта ишлаш осон эмас, чунки ҳеч қандай аниқ расмий тушунтиришлар йўқ. Тахминан тўлдириб бўлмайди-ку... Табиийки, вазият кўплаб норозиликларга сабаб бўлди, ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозаралар бошланди.

Аниқроқ айтганда, шаклда имтиёзларни ҳисобга олмаган ҳолда ЖШДС текшириш суммаси пайдо бўлди. Бу сумма 4-сонли ва 5-сонли иловалардаги маълумотлар билан мос келиши керак (жисмоний шахслар кесимида ҳисобланган даромаднинг умумий суммаси). Бу иловаларда одатдаги қоидаларга кўра ЖШДС суммаси имтиёзларни ҳисобга олган ҳолда кўрсатилгани сабабли, my.soliq.uz ҳисоботни қабул қилмади.

Солиқ қўмитасининг колл-марказида 4-сонли ва 5-сонли иловалардаги маълумотларни ўзгартиришни - даромад суммасини 12%га кўпайтиришни, солиқ бўйича имтиёзларни ҳисобга олмасликни маслаҳат беришди. Шу билан бирга, имтиёзнинг умумий суммасини бевосита Ҳисоб-китоб шаклида акс эттириш керак эди.

Бироқ, менда бу ўзгартиришларга солиқ маслаҳатчиси сифатида саволлар пайдо бўлди. Улар бизни ҳар бир ходим бўйича муҳим таҳлилий маълумотлардан маҳрум қилади. Амалда, биз муайян ходим қайси имтиёзлардан фойдаланаётгани ҳақида муҳим маълумот манбасини йўқотамиз.

Аммо, энг муҳими - норозиликлар эшитилди. Ва 14 август кечқурунга келиб Солиқ қўмитаси ҳисоботнинг аввалги одатий шаклини қайтарди. 15 августда барчани яна бир бор тинчлантирдилар, Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ бўйича ҳисобот илгари амалда бўлган қоидаларга мувофиқ топширилиши тўғрисида хабар чиқариб.

Расмий хабарда "...Мавзу бўйича янгиликларни солиқ органларининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида кузатиб боринг" деган сўзлар эътиборни тортади. Эҳтимол, солиқчилар кейинроқ ўз ғоясига қайтишар. Умид қиламизки, бу сафар қўмита аввал ўзгаришлар ҳақида эълон қилади ва бухгалтерларга йўл-йўриқ кўрсатади, кейин эса жорий этишни бошлайди.

 

Ҳисоботда нимани яхшилаш мумкин (солиқ маслаҳатчисининг фикри)

Эҳтимол, солиқчилар солиқ агенти томонидан имтиёзларни қўлламасдан тўланиши мумкин бўлган солиқ суммасини кўришни истайдилар. Бу - уларнинг ҳуқуқи.

Вариант сифатида, ҳисоботнинг 4 ва 5-сонли иловаларида жадвалнинг 5 ва 6-устунлари орасига яна 2 та устун қўшишни таклиф қиламан: бири - ходим фойдаланадиган имтиёзни акс эттириш учун, иккинчиси - имтиёзли сумма учун. Имтиёзга ҳақли бўлган ходимлар сони ўсиб бормоқда: кимдир ўқиш учун тўлайди, кимдирда - ипотека, учинчисида - яна қандайдир имтиёзлар бор. Ва бу қўшимчани ҳисоб-китоб шаклига киритиш аллақачон сўралаётган эди.

Агар солиқчилар шу йўлдан борсалар, ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича Ҳисоб-китоб ўзининг ахборот бериш хусусиятини йўқотмайди. Аксинча, ҳисоб-китобларнинг тўғрилиги, шу жумладан имтиёзларнинг қўлланилишини назорат қилиш учун муҳим бўлган маълумотлар билан тўлдирилади.

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ /ru/publish/doc/text202125_jshds_va_ijtimoiy_soliq_buyicha_hisob-kitobni_qanday_tuldirish_kerak