ПҚ-190-сон қарор бўйича мажбурий маркировкалаш соҳасидаги 9 та асосий ўзгариш

preview

Президентнинг 23.05.2025 йилдаги ПҚ-190-сон қарори мажбурий рақамли маркировкалаш соҳасидаги қонунбузарликлар учун прогрессив жарима тизимини жорий этади – тўртинчи жаримадан сўнг солиқ тўловчи бир йил давомида ҚҚСни қоплаш ҳуқуқини йўқотади.

Шунингдек, у дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фаолиятини лицензиялаш талабларини ва маркировка кодлари билан ишлашнинг айрим жиҳатларини ўзгартиради.

Энг муҳим тафсилотлар – buxgalter.uz шарҳида қисқача бандлар бўйича:

Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун, Телеграм каналимизга обуна бўлинг.

 

Материалда:

– маркировкалаш соҳасидаги янгиликлар;

– 2025 йил 1 июлдан дори воситаларини реализация қилишнинг янги қоидалари;

– солиқ хавфи ва назоратни кучайтириш;

– янги жарима тизими;

– фармацевтика фаолияти ва дори воситалари ҳамда тиббий буюмларнинг чакана савдосини лицензиялаш.

«Мажбурий рақамли маркировкалаш тизими самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ПҚ-190-сон қарор билан:

  • сотиб олинган маркировка кодларини маҳсулотларга қўллаш учун 90 календарь кунлик муддат бекор қилинади. Фойдаланилмаган маркировка кодлари учун тўловлар янги маркировка кодларини сотиб олишда ҳисобга олинади;

 

  • аввал маркировка коди маҳсулотга қўлланади, кейин хўжалик субъекти у учун тўлайди;

 

  • рақамли маркировкаланган маҳсулотларни агрегациялашда маркировка кодлари бепул тақдим этилади;

 

  • маркировкалаш масалалари бўйича 24 соат ишлайдиган Call-марказ фаолият кўрсатади;

 

  • 2025 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистонга олиб кирилган дори воситаларини улгуржи ва чакана савдо субъектлари томонидан реализация қилиш импорт қилувчи ёки унинг расмий дилерлари томонидан ЭҲФ асосида амалга оширилади;

 

  • рақамли маркировкаланган маҳсулотларни улгуржи реализация қилиш фақат нақд пулсиз шаклда мумкин;

 

  • 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб:

– хавфни таҳлил қилиш тизимида мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш ҳолатлари солиқ хавфи даражасини «юқори» деб баҳолаш учун асос бўлади;

– маркировкаланган маҳсулотларни реализация қилишда маркировка коди кўрсатилмаган ҳолда ЭҲФ расмийлаштиришга йўл қўйилмайди;

- бундай маҳсулотларни чаканада реализация қилишда онлайн-НКТнинг касса чеки маркировка коди киритилгандан сўнг шаклланади. Илгари ишлатилган маркировка коди киритилганда касса чекини шакллантиришга йўл қўйилмайди;

 

  • 2026 йил 1 январдан бошлаб мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузишни аниқлаш бўйича солиқ текширувлари масофавий – солиқ органларининг ахборот тизими орқали ўтказилади. Бунда текширув учун махсус гувоҳнома олиш талаб этилмайди.

Қоидабузарликлар аниқланган тақдирда, қоидабузарликни бартараф этиш тўғрисида икки марта огоҳлантириш берилади, икки огоҳлантиришдан кейин эса жарималар қўлланилади:

– бир ой мобайнида биринчи марта - реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг (кейинги ўринларда СТ деб аталади) 0,2 фоизи;

- бир йил давомида иккинчи марта - 0,4% СТ;

- бир йил давомида учинчи марта - СТнинг 1%и;

- бир йил давомида тўртинчи ва ундан кейинги маротаба - 2% СТ.

Тўртинчи жаримадан сўнг солиқ тўловчи бир йил давомида ҚҚСни қоплаш ҳуқуқини йўқотади;


  • 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб фармацевтика фаолияти, шунингдек дори воситалари ва тиббий мақсадлардаги буюмларни чакана реализация қилиш фаолиятини лицензиялаш талабларига қуйидагиларни назарда тутувчи қўшимча шартлар киритилади:

– янгидан ташкил этилган субъектларга лицензия беришда – фаолиятни амалга ошириш учун кўчмас мулк бўйича ижара ёки бепул фойдаланиш шартномаларини солиқ органларида ҳисобга қўйиш;

– дори воситаларини реализация қилишда харидорлардан тўловларни қабул қилиш учун электрон тўлов воситаларидан фойдаланиш имкониятини яратиш;

– солиқ текширувларида кирим ҳужжатларисиз (контрафакт) ва (ёки) маркировкаланмаган дори воситаларини сотиб олиш, ташиш, сақлаш ёки реализация қилиш ҳолатлари аниқланганда хўжалик субъектининг лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш.

 

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text208528_pq-190-son_qaror_buyicha_majburiy_markirovkalash_sohasidagi_9_ta_asosiy_uzgarish