Получите быстрые ответы, проверенные экспертами:
Ўзбекистонда йил бошидан буён товар ва хизматларни ихтиёрий экологик белгилашнинг ягона тизими – «Yashil belgi» («Яшил белги») изчил равишда жорий этилмоқда. 2026 йил январидан бошлаб "яшил" сертификатнинг мавжудлиги компанияларга давлат харидларида иштирок этишда афзалликлар беради.
Ушбу сертификатни қандай олиш мумкин? Адлия вазирлиги «Yashil belgi» маҳсулот ва хизматларини ягона ихтиёрий экологик белгилаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлади (25.07.2025 й. АВ рўйхат рақами 3652-сон). Янги ҳужжатнинг асосий қоидалари – buxgalter.uz шарҳида.
Материалда:
– сертификатга ўзгартиришлар киритиш;
– «Yashil belgi» белгисидан фойдаланиш;
– давлат харидларида иштирок этишда афзалликлар.
Қонунчиликдаги муҳим ўзгаришларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм каналимизга обуна бўлинг.
Сертификатлаш қандай ўтади
Ихтиёрий экологик белгилаш ISO 14024 халқаро стандарти, давлат ва давлатлараро стандартлар, миллий меъёрий ҳужжатлар асосида амалга оширилади. «Yashil belgi» ихтиёрий сертификатлаш тартиби фармацевтика ва тамаки маҳсулотларига, шунингдек экологик белгилашнинг миллий стандартлари мавжуд бўлмаган маҳсулот ёки хизматларга нисбатан қўлланилмайди.
Ихтиёрий экологик сертификатлаш тартиби:
- Экологик маркировкалаш органига ариза топшириш;
- Шартнома тузиш ва ариза берувчи томонидан сертификатлаш нархини тўлаш;
- Экспертлар гуруҳи томонидан стандартлар талабларига мувофиқликни текшириш: ҳужжатлар ва маълумотларни таҳлил қилиш, зарурат бўлганда – жойга чиқиб текшириш, намуналарни танлаш, шунингдек стандартда назарда тутилган бўлса, синовлар ўтказиш;
- Экспертлар гуруҳи томонидан хулоса тузиш;
- Экологик маркировкалаш органи раҳбари томонидан сертификат бериш ёки беришдан бош тортиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
- «Yashil belgi» сертификатини рўйхатга олиш ва бериш, у ҳақида маълумотларни реестрга киритиш.
Сертификатлашга ариза 5 иш куни мобайнида кўриб чиқилади. Агар у нотўғри расмийлаштирилган бўлса, ариза берувчи хабардор қилинади ва камчиликларни бартараф этгандан кейин уни қайта топшириши мумкин бўлади.
Сертификатлашни ўтказиш муддати – 3 ойдан ортиқ эмас.
Агар сертификатлаш жараёнида номувофиқликлар аниқланса:
- аҳамиятсизлари – ариза бергувчига уларни бартараф этиш учун 30 календарь кундан ошмайдиган муддат берилади;
- муҳимлари – сертификат беришдан бош тортилади, бу ҳақда сабабларини кўрсатган ҳолда ариза берувчига маълум қилинади.
Ижобий хулоса чиқарилгандан кейин сертификат ўша куни расмийлаштирилади ва 3 йил амал қилади. Сертификат муддатини узайтириш учун аризани унинг амал қилиш муддати тугашидан 60 календарь кун олдин топшириш керак.
Сертификатлар ўзбек тилида расмийлаштирилади, лекин ариза берувчиларнинг истагига кўра бошқа тилларда ҳам расмийлаштирилиши мумкин.
Buxgalter.uz тавсия қилади
«Yashil belgi» сертификатига ўзгартиришлар киритиш, тўхтатиб қўйиш ва бекор қилиш
Амалдаги сертификатга ўзгартиришлар киритиш қуйидаги ҳолларда мумкин бўлади:
- Маҳсулот номи, ариза берувчи ёки ишлаб чиқарувчининг ўзгариши;
- техник шартларни ўзгартириш;
- ишлаб чиқаришни кўчириш. Бу ҳолда қайта сертификатлаш амалга оширилади.
Агар ишлаб чиқариш тўхтатилган бўлса, сертификатнинг амал қилиши бекор қилинади (тўлиқ ёки қисман).
Сертификатнинг амал қилиш муддати давомида текширувлар ўтказилади:
- биринчи марта – берилган санадан 12 ой ўтмасдан;
- навбатдагилари – ҳар йили.
Режадан ташқари текширувлар қуйидаги ҳолларда ўтказилиши мумкин:
- технологиядаги ўзгаришлар бўлса;
- шикоятлар сабабли;
- давлат органларининг салбий текширувлари асосида.
Агар текширувлар давомида қоидабузарликлар аниқланса, сертификатнинг амал қилиш муддати 90 кунгача тўхтатиб қўйилиши мумкин. Агар ариза берувчи 60 иш куни ичида қоидабузарликларни бартараф этмаса, сертификат бекор қилинади. Бекор қилишга эътироз билдириш мумкин, лекин шикоят бекор қилиш ҳақидаги қарор олингандан кейин 1 ой мобайнида топширилиши керак.
Экологик белгилаш белгисидан фойдаланиш
Экологик тамғалаш белгисидан фойдаланишга фақат сертификат мавжуд бўлганда рухсат этилади. Белгилаш қуйидагича амалга оширилади:
- маҳсулотга, қадоққа, ёрлиқларга қўйилади;
- ҳужжатларда, реклама, хизмат кўрсатиш жойларида фойдаланилади.
Унинг ўлчами – 10 мм дан кам бўлмаслиги ва логотипнинг ярмидан кам бўлмаслиги керак. Белгилашдан фойдаланиш фақат сертификат амал қилиш муддати давомида рухсат этилади.
Сертификат қандай афзалликлар беради
- давлат харидларида экологик мезонлар мажбурий равишда энг яхши таклифларни танлаш ва тендерлар учун харид ҳужжатларига киритилади. Экологик белгилашнинг ҳар бир тури учун тўпланган балларнинг 5 фоизи миқдорида қўшимча баллар берилади. Мезонларга мос келмайдиган иштирокчилар харид тартиб-таомилидан чиқарилмайди, лекин камроқ афзалликларга эга бўлади;
- экологик белгилаш ҳужжатларига эга давлат харидлари иштирокчиларига брокерлик мукофоти миқдоридан 30 фоиз чегирма берилади, шунингдек улардан қўшимча закалат киритиш талаб қилинмайди;
- давлат буюртмачилари биринчи навбатда экологик белгилаш ҳужжатларига эга иштирокчилардан товар, иш, хизматларни бошланғич нархни пасайтирган ҳолда харид қилиш имкониятини ўрганади.
Ҳукумат томонидан бюджет харажатларида "яшил" давлат харидларининг мажбурий ҳажми белгиланган ва уни ҳар йили ошираверилади.
Buxgalter.uz тавсия қилади
Саида ЖАНИЗАКОВА тайёрлади
![]()
