Получите быстрые ответы, проверенные экспертами:
6 декабрга қадар ҚҲТБТда «Ижара тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири муҳокама қилинади.
Қонун 34 йил олдин қабул қилинган, унинг кўплаб нормалари эскирган, ижара соҳасида бошқа НҲҲлар билан тафовутлар мавжуд (ижара, иккиламчи ижара шартномаларини тузиш, ижара муддати давомида ижарага олувчилар томонидан мол-мулкдан фойдаланиш ва ҳ.к.лар қисмида). Унинг янги таҳририда барча ҳақиқатлар ҳисобга олинганми ёки йўқми, текшириб кўриш керак. Хусусан, биз унда ижара тўловининг энг кам ставкаларига пасайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни ҳар йили эълон қилишнинг аниқ муддатларини топа олмадик.
Тафсилотлар – buxgalter.uz шарҳида:
Қонунчиликдаги муҳим ўзгаришларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
Янги қонунни ишлаб чиқиш орқали ижара тўғрисидаги қонунчиликни янгилаш Президентнинг 19.08.2025 йилдаги ПФ-138-сон Фармонида назарда тутилган. У қабул қилингандан кейин Фуқаролик кодексига ва «Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги Қонунга тузатишлар киритилади.
Янги қонунда – 87 та модда (амалдаги таҳрирдаги 32 та модда ўрнига). Мулк ижараси шартномасини тузиш, муддатини узайтириш ва бекор қилиш тартиби тўлиқ янгиланди, ижарага берувчи ва ижарага олувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи янги нормалар киритилмоқда. Ижара тўловларини, шу жумладан давлат мулки учун ижара тўловларини белгилаш, ҳисоблаш, тўлаш ва тақсимлаш қоидалари қайта кўриб чиқилмоқда.
Янгиликлар ҳақида қисқача:
- Қандай мулкни ижарага олиш мумкин эмаслиги белгиланди. Булар – тугалланмаган қурилиш объектлари, барча турдаги пул маблағлари, қимматли қоғозлар ва акциялар; давлат ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ моддий бойликлар ва товарлар, шу жумладан қурол-яроғ ва ўқ-дорилар, пиротехника; ядровий қурилмалар ва сақлаш пунктлари; портловчи ва заҳарловчи моддалар; халқ истеъмоли моллари, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар, гиёҳвандлик воситалари ва заҳарловчи моддалар; кўчмас мулкнинг тўлиқ ижарага бермасдан туриб фойдаланиш мумкин бўлмаган қисмларидир. Рўйхат тўлиқ эмас, чунки бошқа қонун ҳужжатларида ижарага беришга йўл қўйилмайдиган мол-мулкнинг бошқа турлари ҳам белгиланиши мумкин.
- Ижарага олинган мол-мулкдан фойдаланганлик учун тўлов миқдори тарафларнинг келишувига кўра шартномада кўрсатилган муддатларда, бироқ йилига кўпи билан бир марта ўзгартирилиши мумкинлиги тўғрисидаги янги норма киритилмоқда.
- Давлат мулки объектлари учун ижара тўлови бўйича қарздорликни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тижорат банклари орқали инкассо топшириқномалари бериш йўли билан мажбурий ундириш тартиби аниқлаштирилмоқда.
- Ўз мажбуриятларини лозим даражада бажарган ижарачиларга худди шу давлат мулкини электрон аукцион ўтказмасдан такроран ижарага бериш бўйича имтиёзли ҳуқуқ берилади.
- Давлат мулкини ижарага беришнинг, шу жумладан – текин фойдаланишнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисидаги янги нормалар киритилмоқда. Президент ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига биноан давлат мулки стратегик, ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган ва аҳолининг турмуш даражасини оширишга хизмат қиладиган лойиҳаларни амалга ошириш учун текин фойдаланишга берилиши мумкин.
- Нодавлат нотижорат ташкилотларининг мол-мулкини ижарага бериш тартиби аниқлаштирилмоқда. Шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотининг хусусий мулкида бўлган мол-мулкни ижарага бериш ижарага олувчи билан келишилган шартларда, нодавлат нотижорат ташкилотларига бириктирилган давлат мулкини ижарага бериш эса давлат мулкини ижарага бериш тартибида амалга оширилиши назарда тутилмоқда.
- Банкротлик таомилида бўлган корхоналар мол-мулкини ижарага беришнинг ўзига хос хусусиятларига оид янги нормалар киритилмоқда. Бундай корхоналарнинг активлари электрон онлайн-аукцион орқали жисмоний шахслар ва хусусий корхоналарга ижарага берилади. Агар ижарага олинган мол-мулк банкротлик таомили жараёнида реализация қилинса (кредиторларга қарзни узиш ҳисобига берилса), мол-мулк ижараси шартномаси янги мулкдорнинг ихтиёрига кўра бекор қилинади ёки муддати узайтирилиши мумкин.
- Кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартибига оид янги норма киритилмоқда. Агар кўчмас мулкни ижарага бериш шартномаси камида 1 йил муддатга тузилган бўлса ёки шартнома тарафларидан бири юридик шахс бўлса, ижара шартномаси ижарага олувчи ҳисобидан қонунда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим. Ижара шартномасининг нотариал шаклига ва уни давлат рўйхатидан ўтказиш талабига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига сабаб бўлади.
- Белгиланишича, ваколатли давлат органи (Давактив агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш маркази):
– ҳар йили 1 ноябргача навбатдаги йил учун давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкалари ҳисоб-китобларини тайёрлайди ва уларни тасдиқлаш учун Агентлик ва Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этади;
– 15 декабрга қадар давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкалари бўйича келишилган ҳисоб-китобларни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига тақдим этади.
Қонун лойиҳасида Жўқорғи Кенгес ва халқ депутатлари кенгашлари томонидан ижара тўловининг энг кам ставкаларига пасайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни тасдиқлашнинг назорат саналари белгиланмаган. Ушбу қисмда «қонун ҳужжатларига мувофиқ» деган умумий ҳавола нормаси берилган.
Амалиётда аниқ муддатларнинг йўқлиги қийинчилик туғдириши мумкин. Масалан, халқ депутатлари пойтахт Кенгашининг 15 апрелдаги қарори билан Тошкент шаҳрида 2025 йилда нотурар жой объектлари учун ижара тўловининг энг кам ставкалари фаолият турлари бўйича табақалаштирилди. Ва табиийки, бу йил бошидан буён тузилган ижара шартномалари бўйича жуда кўплаб саволларни келтириб чиқарди.
- Ижарага олувчи мол-мулкни ижарага бериш шартномаси бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар ва преференциялар қўлланилишини таъминлаши шарт.
- Ижарага олувчи ижарага олинган мол-мулкда қонун билан тақиқланган фаолиятни амалга оширган ҳолларда ижарага берувчи жавобгар бўлмайди.
- Ижарага олинган ҳудудда ижарага берувчининг ёзма розилиги билан ижарага олувчи ҳисобидан қурилган ва бошқа жойга кўчирилмайдиган бинолар, иншоотлар ва бошқа қурилмалар, агар ижара шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ижарага берувчига тегишли бўлади. Шартноманинг муддати тугагач, у муддатидан олдин бекор қилинганда ёки ҳақиқий эмас деб топилганда ижарага олувчи ижарага берувчидан уларнинг қийматини қоплашни талаб қилишга ҳақли.
Ижарага олинган ҳудудда ижарага олувчининг маблағлари ҳисобидан ижарага берувчининг ёзма рухсатисиз қурилган бинолар, иншоотлар ва бошқа қурилмалар, агар уларни бошқа жойга кўчириш мумкин бўлмаса, ижарага берувчига ҳам тегишли бўлади. Ижарага берувчининг талабига кўра ижарага олувчи уларни ўз ҳисобидан бузиши ёки бузиш билан боғлиқ харажатларни тўлаши шарт.
- Шунингдек, ижарага олинган мол-мулкни яхшилаш бўйича айрим талабларга аниқлик киритилди. Хусусан:
– хусусийлаштириш дастурлари доирасида оммавий савдоларга қўйиладиган кўчмас мулк объектларига яхшилашлар киритилишига йўл қўйилмайди;
– мол-мулкдан ажратилиши мумкин ва мумкин бўлмаган амортизация ажратмалари ҳисобига ижарага олинган мол-мулкка нисбатан амалга оширилган яхшилашлар ижарага берувчининг мулки бўлиб қолади.
- Мулк ижараси шартномасини ижарага берувчининг ташаббуси билан муддатидан олдин бекор қилиш шартлари батафсил кўрсатилган, агар ижарага олувчи:
– ижарага берувчининг ёзма огоҳлантиришига қарамай, мол-мулкдан шартнома шартларини ёки мол-мулк эгасининг мажбуриятларини қўпол равишда ёки бир неча бор бузган ҳолда фойдаланса;
– мол-мулкка жиддий зарар етказса;
– шартномада белгиланган тўлов муддатини кетма-кет 2 мартадан ортиқ бузган ҳолда мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақ тўламаса;
– баъзи бошқа ҳолларда.
Ва – ижарага олувчининг талабига кўра қуйидаги вазиятларда мол-мулк ижараси шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш шартлари амалга оширилади:
– ижарага берувчи мол-мулкни шартнома шартларига ёки мол-мулкнинг вазифасига мувофиқ фойдаланишга бермаса ёхуд ундан фойдаланишга тўсқинлик қилса;
– ижарага олувчига топширилган мол-мулкда ундан фойдаланишга тўсқинлик қиладиган, ижарага берувчи шартнома тузиш чоғида айтиб ўтмаган, ижарага олувчига олдиндан маълум бўлмаган ва мол-мулкни кўздан кечириш чоғида ёки шартнома тузиш пайтида унинг ҳолатини текшириш чоғида аниқланиши мумкин бўлмаган камчиликлар бўлса;
– ижарага берувчи мол-мулкни капитал таъмирлашни шартномада кўрсатилган муддатларда, агар шартномада муддат кўрсатилмаган бўлса, оқилона муддатларда амалга ошириш мажбуриятини бажармаса;
– мол-мулк ижарага олувчи жавобгар бўлмаган ҳолатларга кўра фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолган бўлса.
Янги таҳрирдаги «Ижара тўғрисида»ги Қонун 2027 йил 1 январдан кучга киради. Қонун лойиҳаси бўйича бошқа янгиликлар билан ҚҲТБТ порталида танишинг > > >
Ўз фикрингизни биз билан ҳам баҳам кўришингиз мумкин, бундан миннатдор бўламиз!
Buxgalter.uz тавсия қилади
- Мол-мулкни ижарага беришдан олинадиган даромадни аниқлаш тартиби;
- Давлат кўчмас мулкини қандай ижарага олиш мумкин;
- Асосий воситаларнинг оператив ижараси қандай ҳисобга олинади;
- Ижарачи ижарага олинган мулкка капитал қўйилмаларни қандай ҳисобга олади;
- Кўчмас мулк ижара шартномасини солиқ органларида қандай ҳисобга қўйилади;
- Автомобиль ижараси шартномасини солиқ органларида қандай ҳисобга қўйиш керак.
![]()