2022 йил 1 ноябрдан текширувларни ўтказишда нималар ўзгаради

preview

13 сентябрь куни Президент томонидан “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказишни мувофиқлаштириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор имзоланди. Buxgalter.uz тадбиркорларни қандай ўзгартиришлар кутаётганлигини аниқлаштирди:

 

2022 йил 1 ноябрдан бошлаб:

  • барча текширувлар “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олинади. Рўйхатга олинмаган текширувларни ўтказиш ноқонуний ҳисобланади;
  • текширувларнинг натижалари ҳамда профилактика тадбирлари тўғрисида маълумот текширув ёки профилактика тадбирлари тугаган кундан бошлаб 3 кун муддатда тизимга киритилади;
  • назорат қилувчи органлар “хавфни таҳлил этиш” тизими натижаларига асосан ўтказиладиган текширувларнинг бошланиши ҳақида камида 10 иш куни олдин тадбиркорлик субъектини хабардор қилади;
  • тадбиркорлик субъектининг илгари текширилган фаолият давридаги предмети ва объекти бўйича қайта текширув ўтказишга ва тадбиркорлик субъекти томонидан аввал тақдим этилган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади;
  • ҳар қандай профилактика тадбирларини фақат Бизнес-омбудсман билан келишилган режа асосида тадбиркорлик субъектлари молия-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда амалга ошириш мумкин.

2023 йил 1 январдан бошлаб назорат қилувчи органларга “Ягона давлат назорати” ахборот тизимидаги давлат назорати функциялари реестрига киритилмаган функциялар бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш тақиқланади.

Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади