ДТ ишлаб чиқувчилар ва картографлар картографик маълумотлар учун қандай ҳақ тўлашади

preview

ҚҲТБТда Кадастр агентлигининг фазовий маълумотлари ва метамаълумотларидан жисмоний ва юридик шахслар учун фойдаланиши тартиби ва бундай имконият учун тарифларни тасдиқловчи лойиҳа жойлаштирилган. Батафсил - Buxgalter.uz шарҳида.

 

Янги Низом, асосан, дастурий таъминот буюртмачилари ва ишлаб чиқувчиларига дахл қилади. Фазовий маълумотлар соҳасидаги ишлар қуйидагиларни ўз ичига олади :

  • фазовий маълумотларни ва метамаълумотларни яратиш, йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, янгилаш, визуаллаштириш, улардан фойдаланиш, уларни тақдим этиш, тарқатиш ва узатиш;
  • турли мақсадларга мўлжалланган фазовий маълумотлар ва геоахборот тизимлари сервисларини ишлаб чиқиш ҳамда тақдим этиш;
  • фазовий маълумотларга ишлов бериш учун фойдаланиладиган техник ва дастурий воситаларни яратиш;
  • геопорталларни яратиш ва уларнинг фаолият кўрсатишини таъминлаш ва ҳоказо.

Лойиҳада фазовий маълумотлардан фойдаланувчилар билан ҳисоб-китоб қилиш формуласи таклиф қилинади:

Нарх = К х П х C х Н х Ч х БҲМ, бунда:

К – тақдим этилган фазовий маълумотлар миқдорининг ҳисоб бирлиги;

П – фазовий маълумотларни учинчи шахсларга тақдим этиш ҳуқуқи билан боғлиқ коэффициент;

C – фазовий маълумотларнинг долзарблик коэффициенти;

Н – фазовий объектлар сонига нисбатан коэффициент;

Ч – чегирма коэффициенти;

БҲМ – базавий ҳисоблаш миқдори.

Формуланинг ҳар бир элементи ҳужжатда батафсил берилади.

Фазовий маълумотлардан фойдаланишнинг якуний қиймати харид қилинаётган фойдаланиш ҳуқуқининг тури ва муддати, қамраб олинадиган майдон ва ундаги объектлар сонига боғлиқ.

Чегирма коэффициенти (0,1) таълим муассасаларидаги талабалар, магистрантлар, докторантлар, ўқитувчи ҳамда илмий ходимлар учун қўлланилади.

Метамаълумотлар (мазкур объектдан ким, қачон, қаерда, нима учун ва қандай фойдаланиши тўғрисида ахборот) лойиҳага асосан бепул тақдим этилади. Бироқ Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасининг геопорталига кириш учун йиллик абонент тўловни белгилаш режалаштирилмоқда, унинг миқдори фойдаланувчининг мақоми (резидент ёки резидент эмас, жисмоний шахс ёки юридик шахс) ва унинг фаолият турига боғлиқ.

Низом давлат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар ва метамаълумотларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Лойиҳани муҳокама қилишда 7 июлга қадар иштирок этиш мумкин.

 

Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади