2023 йилда ҚҚСни қандай тўлаймиз

preview

Солиқ ставкаси ва ҚҚСни қоплашда камерал текширув муддатлари ўзгарди, айрим солиқ имтиёзлари бекор қилинди. СКнинг ҚҚС қисмидаги ўзгартиришлар ва 2023 йил 1 январдан бошлаб  уларни қандай қилиб қўллаш тўғрисида бизнинг шарҳимизда ўқинг:

 

ҚҚС ставкаси пасайтирилмоқда

2023 йилнинг 1 январидан бошлаб солиқ ставкаси 15%дан* 12%гача, яъни 1,25 бараварга пасайтирилмоқда.

*ҚҚСнинг 15 фоиз ставкаси 20%дан пасайтирилгандан кейин 2019 йилнинг 1 октябридан бошлаб амал қилган.

2023 йилнинг 1 январидан бошлаб ҚҚС ставкасининг пасайтирилиши қуйидагиларни билдиради:

  • 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб реализация қилинадиган   товарлар (хизматлар) бўйича шартномалар тузилган сана ва улар бўйича тўловдан қатъи назар ҚҚС ставкаси 12% миқдорда қўлланилади;
Мисол
ҚҚС ставкасининг ўзгариши муносабати билан шартнома шартларини ўзгартириш
Корхона 2022 йилнинг декабрь ойида 15% ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда 115 млн сўм суммада етказиб беришга доир шартнома тузди. Шу ойда шартнома бўйича 40% (46 млн сўм) миқдорида олдиндан тўлов олди. Товарни етказиб бериш 2023 йилнинг январь ойига мўлжалланган.

Январь ойида товарни реализация қилиш ва ЭҲФ расмийлаштиришда корхона ҚҚСнинг 12% ставкасини кўрсатади. Бунда у харидор билан етказиб беришга доир шартномага – ҚҚС ставкасини 15%дан 12%га ўзгартириш ва шунга мувофиқ шартноманинг умумий суммасини ўзгартириш ёки  илгаригидек қолдириш тўғрисида қўшимча келишув тузиши керак.

Бу ерда бу ҳақда батафсил ўқинг:

  • илгари 15% ставка бўйича, шунингдек ТМЗ қолдиқлари ва 2023 йилнинг 1 январи ҳолатига балансда ҳисобда турган узоқ муддатли активлар бўйича ҳисобга олинган ҚҚСга – тузатиш киритилмайди;
Мисол
ҚҚС ставкаси ўзгаргандан сўнг ТМЗ ва АВни реализация қилиш
2023 йилнинг 1 январи ҳолатига корхонанинг балансида 15% ставка бўйича ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда сотиб олинган товарлар ва асосий воситалар ҳисобда туради. Улар бўйича “кирувчи” ҚҚС ҳисобга олишнинг барча шартларига риоя қилинганда ҳисобга қабул қилинган. Шунингдек, балансда тайёр маҳсулотлар ҳисобда туради, уларни ишлаб чиқаришда 15% ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда сотиб олинган хом ашё, материаллар ва хизматлардан фойдаланилган.

Товарлар, маҳсулотлар ёки асосий воситаларни 2023 йилнинг 1 январидан кейин реализация қилишда корхона ҚҚСнинг 12% ставкасини қўллайди.

  • 2023 йилнинг 1 январидан ҚҚС тўлашга ўтишда (ихтиёрий ёки мажбурий тартибда) ёки имтиёзлар бекор қилинганда ТМЗ қолдиқлари ва узоқ муддатли активлар бўйича ҚҚСни ҳисобга қабул қилиш ЭҲФга асосан улар расмийлаштирилган пайтда амалда бўлган ставкалар бўйича амалга оширилади. Бунда фақат 2022 йил давомида сотиб олинган ТМЗ қолдиқлари ҳисоб-китобга олинади ;
Мисол
ҚҚС тўлашга ўтишда ТМЗ қолдиқлари бўйича ҚҚСни ҳисобга қабул қилиш
Корхона 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб ихтиёрий тартибда ҚҚСни тўлашга ўтади. 1 январь ҳолатига балансда 15% ставка бўйича ҚҚС билан сотиб олинган ТМЗ қолдиқлари мавжуд:
  • 2022 йил давомида – 115 млн сўм;
  • 2022 йилга қадар – 46 млн сўмга,

шунингдек 2021-2022 йилларда 15% ҚҚС билан сотиб олинган, қолдиқ қиймати қайта баҳолашни ҳисобга олмаган ҳолда 138 млн сўмни ташкил этадиган асосий воситалар.

2023 йилнинг январь ойи учун ҚҚС бўйича ҳисоботда корхона 33 млн сўм ((115 + 138) : 115 х 15) миқдорида ТМЗ қолдиқлари ва асосий воситалар бўйича ҚҚСни ҳисобга қабул қилишни акс эттиради.

  • ҚҚС бўйича солиқ базасига қўшимча ҳисобварақ-фактура асосида тузатиш киритишда товарлар (хизматлар)ни реализация қилиш пайтида амал қилган солиқ ставкаси қўлланилади.
Мисол
ҚҚС ставкаси ўзгаргандан сўнг солиқ базасига тузатиш киритиш
Корхона 2022 йилнинг декабрь ойида товарларни 15% ставка бўйича ҚҚС ҳисоблаган ҳолда реализация қилди. 2023 йилнинг январь ойида харидор нуқсон туфайли товарнинг бир қисмини қайтарди. Корхона январь ойида товарни қайтариш санасида қўшимча ЭҲФ расмийлаштириши ва унда январь ойида 12% ставка бўйича ҚҚС амал қилишига қарамай, ҚҚС бўйича солиқ базасига салбий тузатишни 15% ставка бўйича ҚҚС ҳисоблаган ҳолда акс эттириши керак.

 

ҚҚСнинг ўрнини қоплашда камерал текширув ўтказиш муддати қисқаради

2023 йилнинг 1 январидан бошлаб камерал солиқ текшируви натижалари бўйича ҚҚС бўйича салбий фарқнинг ўрнини қоплаш муддати солиқ органларини солиқ суммасини қайтариш тўғрисида хабардор қилиш санасидан эътиборан 60 кундан 30 кунгача қисқартирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз

Солиқ тўловчи солиқ органларини ҚҚС бўйича салбий фарқнинг ўрнини қоплаш тўғрисида солиқ ҳисоботини топширишда хабардор қилади. Камерал текширув ўтказиш натижалари бўйича солиқ органи ўрнини қоплаш ёки ўрнини қоплашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Айрим тоифадаги солиқ тўловчилар учун ўрнини қоплашнинг тезлаштирилган тартиби назарда тутилган – 7 кун давомида ва дастлабки камерал текширувсиз.

ҚҚСни ўрнини қоплаш ҳуқуқидан фойдаланиш учун солиқ тўловчи хавфнинг “яшил ҳудудида” бўлиши керак .

 

ҚҚС бўйича айрим имтиёзлар бекор қилинмоқда

2023 йилда ҚҚС бўйича қуйидаги имтиёзларнинг амал қилиши тўхтайди:

  • бюджет маблағлари ҳисобидан ҳар йиллик минерал хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш давлат дастурлари доирасида кўрсатиладиган геология хизматлари бўйича ;
  • почта маркалари, маркали откриткалар, конвертларни реализация қилиш бўйича ;
  • бюджет маблағлари ҳисобидан бажариладиган илмий-тадқиқот ва инновацион ишларни реализация қилиш бўйича .

Мазкур имтиёзлар 2023 йилнинг 1 апрелидан бошлаб бекор қилинади;

  • Миллий гвардиянинг қўриқлаш бўлинмалари хизматлари бўйича .

Мазкур имтиёз 2023 йилнинг 1 июлидан бошлаб бекор қилинади.

 

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҚҚСни тўловчиларга айланиши мумкин

2023 йилга қадар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш доирасида ҚҚСни тўловчилар ҳисобланмаган. Истисно – Ўзбекистоннинг божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишда божхона ҚҚСни тўлаш .

2023 йилдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари Президент ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан ҚҚСни тўловчилар деб эътироф этилиши мумкин.

 

ҚҚС тўловчиси гувоҳномасининг амал қилиши тўхтатиб турилган давр учун ҚҚСни ҳисобга қабул қилиш

2023 йилнинг 1 январидан бошлаб гувоҳноманинг амал қилиш муддати тўхтатилганлиги муносабати билан илгари ҳисобга қабул қилинмаган “кирувчи” ҚҚС унинг амал қилиш муддати тикланган тақдирда, ҳисобга қабул қилиниши мумкин.

Эслатиб ўтамиз

ҚҚС тўловчиси гувоҳномасини тўхтатиб туриш тартиби ҚҚС тўловчиларини солиқ органларида махсус рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган.

Ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚСни ҳисобга қабул қилиш фақат амал қилаётган ҚҚС тўловчиси гувоҳномасига эга етказиб берувчиларнинг ЭҲФ асосида амалга оширилади.

ҚҚС тўловчиси гувоҳномаси тўхтатиб турилгунга қадар ҳисобга қабул қилинган ҚҚСга тузатиш киритилмайди.

ҚҚС тўловчиси гувоҳномасининг амал қилиш муддати тикланган тақдирда, тўхтатиб турилган даврда ҳисобга қабул қилинмаган “кирувчи” солиққа тузатиш киритилади – ҳисобга қабул қилинади. Бу гувоҳноманинг амал қилиш муддати тикланган тақдирда “кирувчи” ҚҚСни ҳисобга қабул қилиш ҳуқуқи тикланишини билдиради. Шу жумладан – гувоҳноманинг тўхтатиб турилиши асосида ҳисобга қабул қилинмаган солиқ суммаси бўйича.

Мазкур тартиб ҚҚС тўловчиси гувоҳномаси тўхтатиб турилган солиқ тўловчи ҳамда унинг контрагентларига татбиқ этилади.

Мазкур ўзгартиришлар киритилгунга қадар солиқ тўловчининг ўзи ҳам, унинг контрагентлари ҳам гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатиб турилган давр учун – ҳатто у тикланганидан кейин ҳам “кирувчи” ҚҚСни ҳисобга қабул қилишга ҳақли бўлмаганлар.

Мисол
Тўловчи гувоҳномасининг амал қилиши тиклангандан кейин “кирувчи” ҚҚСни ҳисобга қабул қилиш
Солиқ органи ҚҚС бўйича солиқ қарзи учун ҚҚС тўловчиси гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатиб турибди. Гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш даврида корхона 12% ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда 112 млн сўмлик товарларни реализация қилди. Гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатиб турилганлиги туфайли ҳисобга қабул қилинмаган “кирувчи” ҚҚС 10 млн сўмни ташкил этди. Корхона томонидан реализаия қилиш бўйича ҳисобланган 12 млн сўм миқдорида ҚҚС ҳам унинг харидорлари томонидан ҳисобга қабул қилинмаган.

ҚҚС тўловчиси гувоҳномаси тиклангандан сўнг корхона ҳисобга қабул қилиш суммасига 10 млн сўмга тузатиш киритиш (ошириш)га ҳақли. Унинг контрагентлари (харидорлари) ҳам ҳисобга қабул қилишга 12 млн сўмга тузатиш киритишга (оширишга) ҳақли.

 

Йирик солиқ тўловчилар “импорт” ҚҚС тўлови ҳисобига ҚҚС бўйича қоплашни ҳисобга қабул қилишлари мумкин

Йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган ва Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясида ҳисобда турадиган солиқ тўловчилар товарларни импорт қилиш чоғида ҚҚС тўлови ҳисобига бюджетдан қопланиши лозим бўлган ҚҚСни ҳисобга қабул қилишлари мумкин.

Юридик шахсларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритишнинг мезонлари махсус Низомда белгиланган.

ҚҚСни ўзаро ҳисобга олиш солиқ ва божхона органлари томонидан автоматик тарзда амалга оширилади. Бунинг учун импорт қилувчи-солиқ тўловчи БЮДни расмийлаштираётганда импорт қилиш чоғида ҚҚС қопланиши лозим бўлган сумма ҳисобидан тўлангани (ҳисобга олингани) тўғрисида белги қўйиши лозим.