Нима учун солиқ тўловчиларга “узилиш коэффициенти” керак эмас

preview

“Солиқ узилиши коэффициенти тўғрисидаги маълумотлар (ҳисобварақ-фактураларда, солиқ тўловчининг шахсий кабинетида) фақат ахборот функциясини бажаради, солиқ муносабатини билдириш чораларига эга эмас ва ҚҚСни қайтаришда ҳисобга олинмайди” - деб хабар беришди ДСҚ вакиллари 2021 йил 27 январь куни бўлиб ўтган Жамоатчилик кенгашининг аъзоларининг давра суҳбати мажлисида. Бунда солиқ солиш бўйича экспертларнинг узилиш коэффициенти ҳисоблаб чиқиладиган формулани қайта ишлаш зарурлиги борасида фикрлари бир хил. Қайта ишлаш даврида эса  - ДСҚ сервисларидаги узилиш тўғрисидаги ахборотни махфий тутиб туриш керак, деб ҳисоблашмоқда экспертлар. Эҳтимол, уни умуман ошкор қилмаса ҳам бўлади. 

Buxgalter.uz илтимосига биноан ушбу позицияни “TRI-S-AUDIT” аудиторлик компанияси директори Светлана ГОЛОСОВА тушунтириб берди:

 

Формула қайта ишланаётган пайтда коэффициентни яширган маъқул

 

– “ДСҚ раиси Шерзод КУДБИЕВ ўз чиқишида таъкидлаганидек, бугунги кунда ҳисобварақ-фактураларда акс эттириладиган узилиш коэффициенти қайтариладиган сумма ҳисоб-китобида ҳисобга олинмайди. Бу ҳақиқатан тинчлантиради.

Бироқ контрагентларнинг узилиш коэффициентлари солиқ тўловчи шахсий кабинетининг “Ўз контрагентингизни билинг” сервисида мавжуд. Солиқ тўловчининг шахсий кабинетининг бошқа янги - “Солиқ узилиши” сервисидан бир неча соат фойдаланиш имконияти мавжуд бўлди, унда солиқ узилиши коэффициентини ҳисобга олган ҳолда ҳисобга олиш суммаси тақдим этилди.

Буларнинг барчаси жилла қурса, ДСҚ солиқ маъмуриятчилигининг ушбу технологиясини режалаштириб, жорий этишга тайёрланаётганидан далолат беради.

ДСҚнинг тушунтиришича, буларнинг барчаси ахборот тусига эгадир. Бироқ аслида бундай ахборотдан ҳеч қандай фойда йўқ. У фақат солиқ тўловчиларни ғазаблантириб, асабини бузади.

Назаримда, ҳозирча узилиш коэффициенти қайтариладиган суммалар ҳисоб-китобида қўлланилмаяпти, ушбу ахборот сервислари ҳам ҳозирча керак эмас, уларни яшириш лозим.

Кўпинча бухгалтерлардан қуйидагиларни эшитишга тўғри келади: “Эрталаб “яшил” эди, ҳисобварақ-фактурани имзолагандик - “қизил”га айланди, “Биз таваккалчилик қилиб узилиш коэффициенти “тўқ қизил” рангда бўлганлар билан ҳисобварақ-фактураларни имзоламаймиз ва ҳ.к. Бунда уларда - нима учун бундай бўляпти, деган саволга жавоб олиш имконияти йўқ. Буларнинг барчаси бизнесни заифлаштиради, унинг барқарорлиги ва ривожига салбий таъсир кўрсатади.

Яна бир муҳим жиҳат: мажлисда айтилишича,  қуйидагилар узилиш коэффициенти миқдорига таъсир этади:

  • айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар ва имтиёзлардан фойдаланадиган тадбиркорлик субъектлари билан муносабатлар;
  • ҚҚС гувоҳномасини тўхтатиб туриш.

Натижада ДСҚ раиси узилиш коэффициенти ҳисоб-китоби формуласини қайта ишлашга кўрсатма берди. Формула қайта ишланар экан, демак, коэффициентлар ҳам ўзгаради... Бу формулани ишлаб чиқиш вақтида узилиш коэффициенти ҳақида маълумот берувчи барча сервисларни олиб ташлаш фойдасига яна бир далилдир.

 

Нима учун узилиш коэффициенти керак эмас

Афсуски, биз ҳали формулани ҳам, у ҚҚСни ҳисобга олиш суммаси ҳисоб-китобида қўлланиладиган мезонларни ўз ичига олган регламентларни ҳам кўрмадик.

ДСҚ тақдимотларидан биз шуни биламизки, ҳатто узилиш битим иштирокчиларида эмас, балки контрагентлардан бирида, эҳтимол, қайсидир авлоддаги уларнинг  контрагентларида рўй берган тақдирда ҳам, тизим узилиш мавжудлигини ҳисобга олади... Умуман, бундай ёндашувдан воз кечиш керак, деб ҳисоблайман.

Агар ДСҚ ўзининг ахборот тизимлари ёрдамида занжир айнан қаерда узилганини кўрса, бунинг нима сабабдан содир бўлганини аниқлаб берсин.

Агар ёвуз ният исботланса, аниқ айбдорларга санкциялар қўллаш, уларни жавобгарликка тортиш лозим.

Бундан ташқари, ҚҚС бўйича имтиёзга эга бўлганлар, айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар билан битим иштирокчилари, шунингдек ҚҚСни бюджетга ёки етказиб берувчига тўлаган занжир иштирокчилари зиён кўрмаслиги керак.

Мана шунда бу иш самара беради, бизнес қонунни бузмай фаолият кўрсатишга ҳаракат қилади.

Агар аниқ битим тарафларига ҚҚС тўлаш борасида эътирозлар бўлмаса, у ҳолда ҳисобга олиш ҳам тўлиқ ҳажмда амалга оширилиши керак.

Узилиш коэффициентини эътиборга олган ҳолдаги ҳисоб-китоб суммаси эса яхшиликка олиб келмайди. Бу - тўғридан-тўғри нарх ўсиши сари йўл.

Коэффициентдан зарар кўрган тадбиркорлар йўқотишлар ўрнини шунчаки ўз маҳсулотларига нархни ошириб тўлдиришади. Ёки, агар маҳсулот нархини ошириш имкони бўлмаса - банкрот бўлишади ёки “яширин схемалар”га ўтишади. Вақти келиб бундай “тузатишлар” кўлами ўсиб бориши хавфи мавжуд.

Узилиш коэффициенти формуласи ва уни ҚҚСни ҳисобга олиш суммаси ҳисоб-китобида қўллаш масаласида Молия вазирлиги ва ДСҚ бош қотириши лозим бўлган нарсалар бор, деб ҳисоблайман”.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади