Асосий воситани тугатиш натижасида олинган материаллар қандай кирим қилинади

preview

Корхона эскирган ишлаб чиқариш ускунасини тугатаётир. Ускунани қисмларга ажратишда олинган узеллар, деталлар ва бошқа материаллар қандай тўғри расмийлаштирилиши ва кирим қилинишини buxgalter.uz илтимосига биноан Молия вазирлиги Бухгалтерия ҳисоби ва аудит методологияси департаменти директори ўринбосари Асал ХАШИМОВА тушунтирди:

 

– Тикланиши мумкин бўлмаган ёки иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлмаган, шунингдек Асосий воситалар қийматини балансдан чиқариш тартиби тўғрисида низомнинг 6-бандида кўрсатиб ўтилган ҳолларда асосий воситалар тугатилиши керак.

Асосий воситаларни ҳисобдан чиқаришнинг бухгалтерия ҳисоби ва ҳужжат билан расмийлаштириш тартиби корхонанинг ҳисоб сиёсатида қайд этилган бўлиши керак.

АВни тугатиш муносабати билан уларни ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги қарор хўжалик юритувчи субъект раҳбари (унинг ўринбосари) ёки бош муҳандиси раислигидаги комиссия томонидан қабул қилинади. Комиссия таркибига бухгалтерия ходимлари мажбурий тартибда киритилади.

АВни тугатиш усулларидан бири - тўлиқ ёки қисман демонтаж қилиш. Уни ўз кучи билан бажариш ёки ташқаридан шахсларни жалб қилиш мумкин. Демонтаж қилгандан сўнг қолган материаллар бухгалтерия ҳисобида кирим қилинади.

Ҳисобдан чиқаришда Асосий воситалар қийматини балансдан чиқариш тартиби тўғрисида низом билан тасдиқланган АВни тугатиш тўғрисида далолатнома ва транспорт воситаларини тугатиш тўғрисида далолатномадан фойдаланинг.

Эътибор беринг
Тугатиш далолатномаси тасдиқлангунига қадар асосий воситаларни демонтаж қилиш мумкин эмас. АВни тугатиш тўғрисида далолатнома - АВ ҳисобдан чиқарилганлигини қайд этувчи бирламчи ҳужжат.

Объект тўлиқ демонтаж қилингандан кейин корхона бухгалтерияси асосий воситаларни тугатиш билан боғлиқ харажатлар ва уларни тугатишдан келган моддий бойликлар тўғрисида маълумотномани тузади.

Барча яроқли узеллар, деталлар, материаллар, рангли ва қимматбаҳо металлар бухгалтерия ҳисобига қабул қилиш санасида жорий қийматидан келиб чиқиб “Материаллар” 1000-гуруҳи счётига кирим қилинади.

Яроқсиз материаллар иккиламчи хом ашё (темир-терсак, қийқинди ёки ўтин) сифатида кирим қилинади ҳамда корхонанинг хоҳиши бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишлатилади.

Жорий қиймат - бу маълум бир санада амалда бўлган бозор нархлари бўйича ТМЗнинг қиймати ёки бир-биридан мустақил, хабардор ва бундай битимни амалга оширишни хоҳловчи тарафлар ўртасида битимни амалга оширишда активни сотиб олиш ёки мажбуриятни бажариш учун етарли бўлган сумма .

Мисол
АВнинг чиқиб кетиши натижасида материалларнинг келиб тушиши
Корхона ишлатишга яроқсиз бўлган ишлаб чиқариш дастгоҳини ўз кучи билан демонтаж қилади ва ҳисобдан чиқаради.
  • Дастгоҳнинг бошланғич қиймати - 15 000 минг сўм;
  • чиқиб кетиш пайтида ҳисобланган амортизация - 12 600 минг сўм;
  • қайта баҳолаш сальдоси - 1 600 минг сўм.

Темир-терсак жорий қиймати бўйича кирим қилинди - 410 минг сўм. Ходимга қисмларга ажратиш учун иш ҳақи - 340 минг сўм, 12% ставка бўйича ижтимоий солиқ - 40,8 минг сўм ҳисобланди.

Дастгоҳни ҳисобдан чиқаришдан кўрилган зарар 770,8 минг сўмни (15 000 – 12 600 – 1 600 – 410 + 340 + 40,8) ташкил этади.

Ўтказмалар: 

Хўжалик операциясининг мазмуни

Сумма,
минг сўм

Счётлар корреспонденцияси

Дебет

Кредит

Дастгоҳнинг бошланғич қиймати ҳисобдан чиқарилди

15 000

9210

0130

Дастгоҳнинг жамланган эскириши ҳисобдан чиқарилди

12 600

0230

9210

Дастгоҳни қайта баҳолаш сальдоси ҳисобдан чиқарилди

1 600

8510

9210

Темир-терсак кирим қилинди

410

1010 ёки 1090

9210

Дастгоҳни қисмларга ажратган ходимга иш ҳақи ҳисобланди

340

9210

6710

Ходимнинг иш ҳақидан ижтимоий солиқ ҳисобланди (12%)

40,8

9210

6520

Дастгоҳнинг чиқиб кетишидан олинган молиявий натижа (зарар) аниқланди

770,8

9430

9210

 

 

Асосий воситалар Асосий воситалар Асосий воситалар /ru/publish/doc/text181138_asosiy_vositani_tugatish_natijasida_olingan_materiallar_qanday_kirim_qilinadi