Фойда солиғи ҳисоб-китобида хизмат автомобилига харажатлар ҳисоби

preview

Хизмат автотранспортидан фойдаланиш жараёнида турли харажатлар юзага келади. Бухгалтерга фойда солиғи ҳисоб-китобида улардан қайсиларини чегириш мумкин, қайсиларини эса чегириш мумкин эмаслигини тушуниш ҳар доим ҳам осон эмас. 

Молия вазирлиги Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти директори Иродахон АББОСХОНОВА бу борада ўз тавсиялари билан ўртоқлашди:

 

– Фойда солиғи ҳисоб-китобида жами даромаддан даромад олиш билан боғлиқ барча харажатлар чегириб ташланади, бундан чегирилмайдиган харажатлар мустасно .

Чиқимлар, башарти улар ҳужжат билан тасдиқланган ва асосланган (иқтисодий жиҳатдан ўзини оқласа) бўлса, яъни ҳеч бўлмаганда қуйидаги шартлардан бирига мувофиқ келган тақдирда, чегирилади:

  • даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида қилинган бўлса;
  • шундай тадбиркорлик фаолиятини сақлаб туриш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ёхуд хизмат қилса ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан алоқаси аниқ асосланган бўлса;
  • қонун ҳужжатларининг қоидаларидан келиб чиқса.

Қуйидаги харажатлар чегирилмайди :

  • солиқ солинмайдиган даромад олиш билан боғлиқ харажатлар;
  • ҳақиқатда хизматлар кўрсатмасдан, товарларни жўнатмасдан туриб амалга оширилган операциялар бўйича харажатлар, агар бундай факт суднинг қонуний кучга кирган қарори билан аниқланган бўлса;
  • даромад олишга қаратилган фаолият билан боғлиқ бўлмаган харажатлар, агар қонун ҳужжатларига мувофиқ бундай харажатларни амалга ошириш мажбурияти солиқ тўловчининг зиммасига юклатилмаган бўлса.

 

Амортизация харажатлари

Ҳисобланган амортизация суммасини автотранспорт воситалари бўйича бошланғич қийматининг 20%и миқдорида энг юқори нормани ҳисобга олган ҳолда чегириладиган харажатларга киритинг .

Солиқ тўловчи амортизацияни энг юқори нормалардан пастроқ нормалар бўйича ҳисоблашга ҳақли . Шу боис, агар ҳисоб сиёсатингизда амортизация нормаси 20%дан кам белгиланган бўлса, бухгалтерия ҳисобида ҳисобланган эскириш суммаси чегириладиган харажат бўлади.

Эътибор беринг

Фойда солиғи учун амортизация ҳисоб-китобида 2021 йил 1 январь ҳолатига кўра (шу санага қадар ўтказилган қайта баҳолашларни ҳисобга олган ҳолда) бухгалтерия ҳисоби маълумотларига кўра АВнинг қиймати бошланғич қиймат бўлади.

2021 йил 1 январдан кейин ўтказилган қайта баҳолаш натижаларини ҳисобга олманг .

Вазият
Амортизация нормаси ҳисоб сиёсатига кўра 20%дан ошади

Енгил автомобилнинг бошланғич қиймати - 120 млн сўм.

Ҳисоб сиёсати бўйича амортизация нормаси - 25%.

Бир йил учун амортизация суммаси:

120 х 25% = 30 млн сўм.

Фақат 24 млн сўмни (120 х 20%) чегириш мумкин.

6 млн сўм (30 -24) миқдоридаги фарқ бу вақтинча фарқ ва мазкур йил учун фойда солиғи ҳисоб-китобида чегириладиган харажат ҳисобланмайди .

Вазият
Ҳисоб сиёсати бўйича амортизация нормаси 20%дан кам

Енгил автомобилнинг бошланғич қиймати - 120 млн сўм.

Ҳисоб сиёсати бўйича амортизация нормаси - 15%.

Бир йил учун амортизация суммаси:

120 х 15% = 18 млн сўм.

18 млн сўмни чегирамиз.

 

ЁММга харажатлар

Ёнилғи-мойлаш материалларига (бензин, газ, мой ва ҳ.к.) харажатлар, агар автотранспорт тадбиркорлик фаолиятида фойдаланилса, жами даромаддан чегирилади.

Йўл варақаси ва ЁММни ҳисобдан чиқариш далолатномаси ҳужжатли тасдиғи бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Йўл варақасидан мажбурий фойдаланиш автомобиль транспортида шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро мунтазам йўловчилар ташувларини амалга оширувчи юридик шахслар учун белгиланган .

Қолган ташкилотлар ушбу ҳужжатлар шаклларини мустақил равишда ишлаб чиқиш ва уларни солиқ ҳисоб сиёсатига киритишга ҳақли.

Эътибор беринг
Автомобиль хизмат мақсадларида фойдаланилаётганлигини тасдиқлаш учун йўл варақасида транспорт воситасининг белгиланган амалга оширадиган сафарини кўрсатишни тавсия қиламиз. Улар ташкилот фаолиятининг хусусиятига мос келиши керак.

 

Техник кўрик ва суғурта харажатлари

Техник кўрик ва транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қонунчиликда назарда тутилган. Бинобарин, ушбу харажатлар - чегириладиган харажатлар ҳисобланади.

Харажатлар қуйидагилар билан тасдиқланади: тўлов ҳужжатлари, техник кўрик ўтказилганлиги ҳақида белги, суғурта полиси.

Автотранспортни ихтиёрий суғурта қилиш харажатларини, агар сиз уларнинг иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлашини асослаб берсангиз ва солиқ ҳисоб сиёсатида акс эттирсангиз, чегириш мумкин.

 

Таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш харажатлари

Даврий техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш зарурати ва асосланганлигини эркин шаклда тузилган нуқсон далолатномаси билан ҳужжатлаштириш мумкин.

Қуйидагилар қилинган харажатларни тасдиқлайди:

  • ҳисобварақ-фактура ва хизматлар кўрсатиш далолатномаси (агар ташқи ташкилотни жалб қилган бўлсангиз);
  • ҳисобдан чиқариш далолатномаси (агар мустақил равишда эҳтиёт қисмларни алмаштирган бўлсангиз).

 Агар автотранспорт тадбиркорлик фаолиятида фойдаланилса, ушбу харажатларни ҳам чегириш мумкин.

 

Агар автомобиль хизмат мақсадларида фойдаланилмаса

Агар автомобилдан жисмоний шахс, айтайлик - ташкилот таъсисчиси шахсий мақсадларида фойдаланса, фойдаланиш бўйича харажатлар - бу жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромадлари ҳисобланади .

Моддий наф тарзидаги даромадлар фойда солиғи ҳисоб-китобида чегирилмайди .

 

 

Асосий Воситалар Асосий Воситалар Асосий Воситалар /ru/publish/doc/text179681_foyda_soligi_hisob-kitobida_hizmat_avtomobiliga_harajatlar_hisobi