Нима учун депозит бўйича фоизлар суммасига ЭҲФ тақдим қилиниши солиқларга таъсир қилмайди

preview

Солиқчиларнинг депозит бўйича фоизлар суммасига ЭҲФ тақдим қилиш талабига buxgalter.uz илтимосига кўра аллақачон Солиқ қўмитаси ходимлари ҳам, солиқ маслаҳатчилари ҳам изоҳ беришган. Фикрлар иккига бўлинди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ушбу низога чек қўйиши керак, дейди «ICONSULTANT» солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Иродахон Аббосхонова:

 

Профессионал ҳамжамият муаммолари ва уларнинг ечимлари ҳақидаги мақолаларни ўтказиб юборманг – телеграм-каналимизга аъзо бўлинг.

 

– Шундай вазиятни тасаввур қилинг: сиз бизнес бошлашга ва компания очишга қарор қилдингиз. Табиийки, бунинг учун банкда ҳисобварақ очилиши керак. Маълум рақобат муҳити амал қиладиган ва турли жозибадор тарифлар таклиф қилинадиган 36 та банк филиалларидан бирида ҳисоб очишни танлаш керак. Масалан, банк  шахсий ҳисобварақдаги пулнинг кредит қолдиғи учун фоизларни тўлашни таклиф қилиши мумкин (ҳисобварақ кундалик ҳаётда шундай номланади; бу ҳисобрақамни "талаб қилиб олинадиган депозит счёти"деб аташ тўғри бўлади). Бундай ҳолда банк сизнинг пулингизни ишлатишдан манфаатдор, бу банкнинг корреспондентлик счётидаги қолдиқни (ва унинг ликвидлигини) оширади ва ўз навбатида банк сизнинг шахсий ҳисобварағингиздаги пул қолдиғи учун фоизларни тўлашга тайёр. Буларнинг барчаси шартнома асосида амалга оширилади.

Савол: бундай вазиятда компания банкка хизмат кўрсатадими? Ишончим комилки, жавоб "йўқ" бўлади. Аммо бунга шубҳа қиладиганлар учун далил келтираман.

Солиқ кодексига кўра бир вақтнинг ўзида қуйидаги мезонларни қаноатлантирадиган ҳаракат хизмат деб эътироф этилади ;

  • бу тадбиркорлик фаолиятининг тури;
  • ушбу тадбиркорлик фаолияти натижасида маҳсулот (моддий ёки номоддий) ишлаб чиқарилади;
  • бу маҳсулот бошқа шахс томонидан истеъмол қилинади.

Бизнинг вазиятимизда ҳисобварақ очиш ва кредит қолдиғининг бўлиши тадбиркорлик фаолияти тури саналмайди.

Ҳисобварақдаги кредит қолдиғи учун банкдан фоизларни олиш натижасида компания маҳсулот ишлаб чиқармайди (фоизларнинг пайдо бўлиши –  компания томонидан яратилган маҳсулот ҳисобланмайди).  Ҳар қандай вазиятда банк ҳисобварағидаги пул, ҳатто фоизларни тўламасдан ҳам банк томонидан пул муомаласи жараёнида фойдаланилади.

Шунинг учун бундай операция ҚҚС бўйича айланма саналмайди. Солиқ кодексининг 238-моддасига мувофиқ миллий валюта ёки чет эл валютаси муомаласи билан боғлиқ операцияларни амалга ошириш солиқ солиш объекти ҳисобланмайди. Тегишинча, ЭҲФни фоизга фақат ҳисобварақ-фактуралар тўғрисидаги Низомнинг 59-1-бандига риоя қилиш учун ёзиб бериш талаб қилинади (14.08.2020 й. 489-сон ВМҚга 2-илова). Аммо ЭҲФни расмийлаштириш ҚҚС ҳисобини камайтиришга таъсир қилмаслиги керак, чунки бу компания учун хизмат саналмайди.

Фараз қилайлик, шахсий ҳисобварақда етарли миқдорда пул маблағлари тўпланган. Дивидендлар йилига бир мартa тўланади ва пул ҳеч қандай фойда келтирмасдан ҳисобварақда "ётади". Банк ҳисобварақдаги кредит қолдиғи бўйича фоизларни кам тўлайди ёки умуман тўламайди, аммо банк муддатли депозитга пул қўйилганлиги учун фоизларни тўлашга тайёр. Аслида пул ҳали ҳам ўша банкда, банкнинг корреспондентлик ҳисобварағи  ўзгармайди, фақат фоизлар миқдори ва сизнинг пулдан фойдаланишинггизга оид  шартлари ўзгаради. Агар шахсий ҳисобварақдаги пулни исталган вақтда сарфлашингиз мумкин бўлса, муддатли депозитдаги пуллар бўйича депозит муддати давомида зиммангизга уларни ҳисобдан ечмаслик мажбуриятини  оласиз.

Умуман олганда Солиқ кодекси нуқтаи назаридан иқтисодий моҳият ўзгармади:

  • пулни дезозитга қўйиш  тадбиркорлик фаолиятининг тури саналмайди;
  • депозит бўйича фоизларни олиш натижасида компания маҳсулот (моддий ёки номоддий) ишлаб чиқармайди;
  • ушбу маҳсулот бошқа шахс томонидан истеъмол қилинмайди, лекин пул муомаласи билан узвий боғлиқ бўлган операция саналиб, банк хизматларини яратиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Бундан ташқари, "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги Қонуннинг 6-моддасида  омонат (депозит) хизматларга киритилмаслиги аниқ кўрсатилган. Банк омонати натижасида фаолият омонатчи томонидан эмас, балки банк томонидан амалга оширилади, чунки омонатлар (депозитлар)га пул маблағларини жалб қилиш бўйича фаолият билан фақат банклар шуғулланишга ҳақли. Бундан келиб чиқадики, омонатчиларнинг пулларини омонатга қўйиш омонатчининг эмас, балки банкнинг касбий фаолияти ҳисобланади. Яъни, депозитга пул қўйиш ва ундан фоизларни олиш омонатчи томонидан хизматни реализация қилиш саналмайди, негаки у Солиқ кодексининг 45-моддаси 8-қисмида келтирилган "хизмат" тушунчасининг таърифига мос келмайди.

Шунинг учун такрор айтамиз – бундай операция ҚҚС айланмаси саналмайди. Тегишинча, фоизларга ЭҲФни фақат ҳисобварақ-фактуралар тўғрисидаги Низомнинг 59-1-бандига риоя қилиш учун ёзиб бериш талаб қилинади. Аммо ЭҲФнинг берилиши  ҚҚС ҳисоби камайишига таъсир қилмаслиги керак, чунки бу компания учун хизмат саналмайди.

Пул депозитини киритганлик учун банкдан фоизларни олиш компания томонидан хизматлар кўрсатилиши натижаси эмас, балки компенсация ёки мукофот шакли сифатида кўриб чиқилиши кераклигини тасдиқловчи яна бир нечта далилларни келтираман:

  1. Фаол ҳаракатларнинг йўқлиги: депозит киритаётган компания фаол ҳаракатларни ёки банк учун ишларни бажармайди. У шунчаки ўзининг пул маблағларини вақтинча сақлаш ва банк томонидан фойдаланиш учун тақдим қилади. Компания фоизларни олиш эвазига банкка кўрсатадиган конкрет хизматлар мавжуд эмас. Пул бошқа мол-мулкдан фарқли ўлароқ (масалан, ижарага берилган бинолар) эскирмайди ва ҳоказо;
  2. Ихтисослашган кўникмаларнинг йўқлиги: депозит киритганлик учун банкдан фоизларни олиш учун компания махсус кўникмалар ёки билимларга эга бўлиши шарт эмас. Масалан, маълум билим ва тажриба талаб қилинадиган молиявий маслаҳат ёки инвестицияларни бошқаришдан фарқли ўлароқ, депозит киритиш компаниядан махсус кўникмалар ёки фаолиятни талаб қилмайди;
  3. Банкка ўз пул маблағларидан фойдаланиш имкониятини тақдим этиш орқали компания банкка доимий равишда валюта муомаласи ва молиявий банк хизматларини яратиш имкониятини беради, бунинг эвазига компания ушбу имкониятни тақдим этганлиги учун компенсация сифатида фоизларни олади.

 

P. S. Солиқ кодексининг 45-моддасида тадбиркорлик фаолиятининг турлари солиқ солиш мақсадларида хизмат сифатида эътироф этилиши аниқ кўрсатилган...

Агар омонатни депозитга қўйиш ва фоизларни олиш тадбиркорлик фаолиятининг бир тури сифатида эътироф этилса, унда бу ҳолда қуйидагилар билан қандай йўл тутиш керак:

  • Жисмоний шахслар билан? Демак, жисмоний шахс учун омонот киритиш ва фоизларни олиш хизматлар кўрсатиш ва тадбиркорлик саналадими?
  • Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан-чи? Ушбу органлар ўзларининг бўш турган маблағларини ҳамма жойда депозитларга жойлаштирадилар ва уларга қонунан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланган.

(Иккала ҳолатда ҳам бу ерда савол солиқ оқибатларининг пайдо бўлиши нуқтаи назаридан эмас, балки умуман солиқ солиш мақсадлари учун бундай фаолият улар учун тадбиркорлик деб эътироф этилиши кераклиги ҳақида)

Энг муҳими. Агар мамлакатдаги барча корхоналар харажатлар бўйича кирувчи ҚҚСни ҳисобга олишда чекловларга дуч келса, бу инфляция ва ЯИМ, шунингдек конкрет вазият ва ушбу чекловлар кўламидан келиб чиқиб инвестицияларга таъсир қилиши мумкин.

Инфляцияга таъсири: агар компаниялар ўз харажатларига кирувчи ҚҚС ҳисобини ололмаса, бу товарлар ва хизматлар ишлаб чиқариш таннархининг ошишига олиб келиши мумкин. Агар компаниялар ушбу қўшимча харажатларни  қилмаса, уни истеъмолчиларга товарлар ва хизматларга нархнинг ошиши шаклида ўтказадилар.

Бу инфляцион босимга олиб келиши мумкин, айниқса, агар кирувчи ҚҚСни ҳисобга олиш бўйича чекловлар кенг доирадаги корхоналар ва товарларга татбиқ қилинса.

ЯИМга таъсири: агар кирувчи ҚҚСни ҳисобга олишни чеклаш ишлаб чиқариш таннархининг ошишига ҳамда товарлар ва хизматлар нархининг кўтарилишига олиб келса. Бу истеъмолчиларнинг харид қобилиятини ҳамда товарлар ва хизматларга бўлган талабни камайтириши мумкин. Талабнинг пасайиши ишлаб чиқариш ва иқтисодиётда инвестицияларнинг қисқаришига олиб келади, бу эса ЯИМга таъсир қилиши мумкин.

Инвестицияларга таъсири: агар компаниялар нархларни ошира олмасалар, кирувчи ҚҚСни ҳисобга олишни чеклаш соф фойдани камайтиради ва инвестиция салоҳиятини пасайтиради. Бу янги корхоналарни ташкил этиш ва мавжудларини кенгайтириш имкониятларининг қисқаришига олиб келади. Ҳар қандай беқарорлик ва кўп сонли солиқ тўловчилар учун кирувчи ҚҚСни ҳисобга олишни тақдим этишда бир вақтнинг ўзида ретроспектив чекловларнинг пайдо бўлиши хорижий инвесторларни чўчитади ва ҳар қандай йўл билан маҳаллий компанияларнинг ҚҚС тўлашга ихтиёрий ўтишига тўсқинлик қилади, яширин иқтисодиётни янада жозибадор қиладиган шароитларни яратади.

Бироқ талабнинг эгилувчанлиги, бозор рақобати, пул-кредит сиёсати ва ушбу таъсирларни юмшатиши ёки кучайтириши мумкин бўлган иқтисодий омиллар каби бошқа омилларни ҳисобга олиш керак. Бундан ташқари, инфляция ва ЯИМга таъсири кирувчи ҚҚСни ҳисобга олиш  бўйича чекловлар кўлами ва давомийлигига боғлиқ бўлади.

Умуман олганда, харажатларга кирувчи ҚҚСни ҳисобга олишни чеклаш инфляция ва ЯИМга ўзининг нархлар, истеъмол, ишлаб чиқариш ва инвестицияларга самараси орқали таъсир қилиши мумкин. Бироқ якуний натижалар иқтисодиётдаги турли омиллар ўртасидаги мураккаб ўзаро муносабатларга боғлиқ бўлади.

Шу муносабат билан ҳозирги вазиятда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (иқтисодий ва солиқ сиёсати учун масъул орган сифатида) ушбу масалани аниқлаштиришдан манфаатдор бўлишига ишонаман, чунки ҳар бир чеклов инфляция ва ЯИМга ўз таъсирини кўрсатади. Ушбу масалани ҳал қилишни кечиктириш корхоналарнинг банк депозитларига бўлган қизиқишини қисман йўқотишига олиб келади ҳамда бу банк тизимига босим ўтказиши мумкин.

 

Мавзуга доир мақолалар:

 

 

 

ЭҲФ ЭҲФ ЭҲФ /ru/publish/doc/text196309_nima_uchun_depozit_buyicha_foizlar_summasiga_ehf_taqdim_qilinishi_soliqlarga_tasir_qilmaydi