Депозит бўйича фоизлар суммасига ЭҲФ тақдим этиш керакми (давоми)

preview

21 июнь куни buxgalter.uz экспертнинг вазият бўйича тушунтиришини эълон қилганди: “Умумбелгиланган солиқлар тўловчиси бўлган компания банкларда депозитларни фоизга жойлаштиради. Ой якуни бўйича банк фоизлар тўлайди ва ҳисобланган фоизлар бўйича маълумотнома тақдим этади. Мазкур маълумотнома асосида компания ҳисобда олинган даромадни акс эттиради. Банк томонидан ҳисобланган фоизларга бир томонлама ЭҲФ тақдим этиш керакми?”. Муаллиф мазкур ҳолда ЭҲФ керак эмас, деган фикрда. Мазкур материал кўп баҳсларга сабаб бўлди.

Мавзу давомида солиқ идораси вакилининг мазкур масала бўйича фикрини, телеграм-каналимиз ўқувчилари илтимос қилишганидек, “Норма” экспертларининг материал юзасидан фикрларини эълон қиламиз:  

Солиқ маслаҳатчиларининг тушунтиришларини тезкор тарзда олиш учун бизнинг  телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Солиқ қўмитасининг Солиқ солиш услубияти департаменти директори Йигитали НАРЗИЕВ:

– Бундай вазиятда корхона – депозит бўйича фоизларни олувчи ҚҚС бўйича имтиёзли айланмани акс эттирган ҳолда банкка икки томонлама ЭҲФ тақдим этиши керак   .

ЭҲФда МХИК “10403003002000003 – Бошқа банклардаги ҳисобварақлар бўйича фоизли даромадлар (Ҳисобварақ – 40400) Бошқа банклардаги депозитлар бўйича фоизли даромадлар (имтиёзли даромадлар)”ни кўрсатинг.

Имтиёзни қўллаш учун ариза бериш керак эмас.

Эътибор беринг
ҚҚСни ҳисобга олишнинг мутаносиб усулини қўллашда мазкур имтиёзли айланма ҚҚСни ҳисобга олишни камайтиради.

Корхона ҚҚСни ҳисобга олишнинг қайси усули унга фойдалироқ эканлигини ҳисоблаб чиқариши лозим. Агар унда бошқа имтиёзли айланмалар бўлмаса, эҳтимол, унга ҳисобга олишнинг алоҳида-алоҳида усулини қўллаш манфаатлироқ бўлади. Сабаби депозитларни жойлаштириш ҳеч қандай сотиб олишларни талаб қилмайди ва мазкур айланма учун кирувчи ЭҲФ мавжуд эмас, компания асосий фаолият бўйича ҳисобга оладиган бутун ҚҚС камаймайди ва тўлиқ ҚҚС ҳисоб-китобига 3-илованинг 0301-сатрида акс эттирилади.

 

Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА:

– СКнинг 47-моддаси ва 244-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан икки томонлама ЭҲФ тақдим этиш лозим, деб ҳисоблайман. Ҳеч ким учун истиснолар мавжуд эмас.

Банк кўчирмаси – банк ўзининг фоизли даромадини олганда ЭҲФни ўрнини босувчи ҳужжат (банк операциялари мижознинг шахсий ҳисобварағидан кўчирма ҳужжат бериш билан расмийлаштирилганда ЭҲФ тақдим этилиши мажбурий эмас)  . Кўриб чиқилаётган вазиятда банк учун бу – харажат, депозит бўйича фоизлар тарзида даромад олувчи корхона эса олувчи – банкнинг номига ЭҲФ тақдим этиши шарт.

 

Татьяна БЕЛОУСОВА, солиқ маслаҳатчиси, “Норма” эксперти:

– Банк омонати (депозити) – бу омонатчи томонидан кредит муассасасига (банкка) омонат билан боғлиқ молиявий операциялар чоғида ҳосил бўладиган фоизлар тарзидаги даромадни олиш мақсадида топширилган пуллар суммаси. Фоизларни ҳисоблаш омонат бўйича шартномада баён этилган шартларда содир бўлади.

Ҳисобварақ-фактура – бу товарлар ҳақиқатда жўнатилганлигини ёки хизматлар кўрсатилганлигини ва уларнинг қийматини тасдиқловчи ҳужжат, уни товарларни (хизматларни) сотувчи (етказиб берувчи) расмийлаштиради.

Ўз маблағларини банкка топширган омонатчини “етказиб берувчи” деб ҳисоблаш мумкин. Банк томонидан ҳисобланган фоизлар – бу омонатчининг даромади.

Ўзининг молиявий операциялари чоғида омонатчининг маблағларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлган банк “харидор” деб эътироф этилади. Омонатчига ҳисобланган фоизлар бу банкнинг харажатидир.

Агар “етказиб берувчи” – юридик шахс (шу жумладан фаолиятини Ўзбекистонда доимий муассаса орқали амалга оширадиган норезидент бўлган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор) бўлса, у “харидорга”, қоидага кўра, икки томонлама ЭҲФ тақдим этиши шарт. Кўриб чиқилаётган вазиятда – ҳисобланган фоизли даромад суммасига.

Муайян ҳолларда “етказиб берувчи” умумлаштирилган ЭҲФ тақдим этиши мумкин. Лекин банк омонат бўйича фоизлар ҳисобланган тақдирда “етказиб берувчи” ҳисобланмайди, бинобарин, у умумлаштирилган ҳолда бир томонлама  электрон ҳисобварақ-фактура расмийлаштириши мумкин эмас.

Бинобарин, агар ўз маблағларини банкдаги омонатларга жойлаштирган омонатчи фоизли даромад олса, икки томонлама ЭҲФ расмийлаштириш лозим.

Ҳисобварақ-фактурани омонатчи расмийлаштириши шарт, башарти у Ўзбекистоннинг юридик шахси ёки фаолиятини Ўзбекистонда доимий муассаса орқали амалга оширадиган норезидент бўлса.

 

Якун чиқарамиз:

амалиётда мазкур масала бўйича фикрлар фарқ қилиши мумкин. Шу боис қонун чиқарувчи органлар солиқ тўловчилар томонидан тўғри қўлланилиши учун мавжуд НҲҲларга ойдинлик киритишлари лозим.

 

 

ЭҲФ ЭҲФ ЭҲФ /ru/publish/doc/text191682_depozit_buyicha_foizlar_summasiga_ehf_taqdim_etish_kerakmi_davomi