Полезное для бухгалтера в ноябре:
Ваколатхона бош компаниянинг фармойишига биноан ускунани сотиши мумкинми
“Чет эл компаниясининг ваколатхонаси турли вақтларда бош компаниядан (Туркия) халқаро тўқимачилик кўргазмаларида иштирок этиш учун тикув саноат ускуналарини олган. Анча миқдорда турли модификациядаги тикув ускуналари намуналари йиғилиб қолди (ҳар бир моделдан – битта нусхадан). Уларнинг айримлари эскирган, Туркияга қайтариб жўнатишдан маъно – йўқ. Шунингдек, Ўзбекистонда ХК МЧЖ – ушбу Туркия компаниясининг шуъба корхонаси мавжуд. Биз бош компаниянинг фармойишига биноан ускунани сотишимиз ва олинган маблағлардан ўз эҳтиёжларимиз (офиснинг харажатлари) учун фойдаланишимиз мумкинми”.
Вазиятни “Норма” илтимосига биноан ДСҚ Солиқ солиш услубияти департаментининг халқаро солиқ солиш бўлими бошлиғи Раъно АЛИШАЕВА тушунтирди:
1. Божхона режими ва божхона тўловлари
– Саволдан келиб чиқсак, бу ерда ваколатхонага эга бўлган ва ускуналарни олиб кирган чет эл юридик шахси ҳақиқатда уни қандай қилиб Ўзбекистонга олиб кирганлиги тушунарсиз. Яъни – қандай божхона режими расмийлаштирилганлиги .
Ускуналарни кўргазмаларда иштирок этиш учун олиб киришганлиги боис, афтидан, вақтинча олиб кириш , вақтинча сақлаш ёки божхона омбори режимига расмийлаштиришган.
Шу тариқа, дастлаб ускуналар қайси божхона режимига жойлаштирилганлигини аниқлаш лозим.
Ускуналарни 40 “Эркин муомалага чиқариш (импорт)” режимига расмийлаштиришда божхона ҳудудига олиб кирилган товар уни қайтариб олиб чиқиш мажбуриятисиз шу ерда эркин муомалада қолади.
Яъни бош компанияда (чет эл корхонасида) божхона тўловларини тўлаш бўйича мажбуриятлар юзага келиши мумкин, башарти улар ускуналарни олиб киришда тўланмаган бўлса.
Чет эл компаниясининг ваколатхонаси юридик шахс ҳисобланмайди ва хўжалик ёки бошқа тижорат фаолиятини амалга оширмайди . Шунинг учун у мазкур ускуналарни балансга ҳам, балансдан ташқарига ҳам қабул қилиши, боз устига уларни тасарруф этиши – сотиши мумкин эмас.
Ускуналар реализация қилинган тақдирда битимни бош корхона – чет эл компаниясининг ўзи расмийлаштириши керак. Тегишинча, пул маблағлари (реализация қилишдан олинган даромад) бош компанияга тегишли бўлади. У уларни, масалан, ваколатхонанинг эҳтиёжлари учун йўналтирган ҳолда, тасарруф этишга ҳақли.
2. Доимий муассаса
Барча юқорида кўрсатилганлардан ташқари, чет эл компаниясида ускуналарни сотишда доимий муассаса (ДМ) юзага келади . Шу боис у Ўзбекистонда солиқ ҳисобига туриши шарт.
Фаолиятини ДМ ташкил этган ҳолда амалга ошираётган норезидент фойда солиғини умумий тартибда, бироқ – СКнинг 347-моддаси нормаларини ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда ҳисоблаб чиқаради ва тўлайди.
3. ТНБ
Кўриб чиқилаётган вазиятда бош компания ва ташкил этиладиган ДМда томонларнинг ўзаро алоқадорлиги ва трансферт нархни белгилаш (ТНБ) юзасидан аҳамиятли хавфлар юзага келади.
Ўзбекистоннинг солиқ резиденти бўлган ўзаро алоқадор шахслар ўртасидаги битим қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда биттаси мавжуд бўлганда назорат қилинадиган битим деб эътироф этилади :
- сиз ва контрагент ўртасидаги барча битимлар бўйича календарь йилдаги даромадлар суммаси 5 млрд сўмдан ошса;
- сиз ёки сизнинг контрагентингиз махсус солиқ режимини қўлласа ёки махсус иқтисодий зона иштирокчиси бўлса. Бунда битимнинг тарафларидан бирида кўрсатилган имтиёзлар мавжуд бўлмаса, календарь йилдаги барча битимлар бўйича даромадлар суммаси эса 500 млн сўмдан ошса;
- сиз ёки сизнинг контрагентингиз фойда солиғини тўлашдан озод этилган бўлса, пасайтирилган солиқ ставкасини ёки бошқа солиқ имтиёзларини қўлласа. Бунда битимнинг бошқа тарафи солиқни тўлашдан озод этилмаган бўлса ва имтиёзларни қўлламаса, календарь йилдаги битимлар бўйича даромадлар суммаси эса 500 млн сўмдан ошса;
- тарафлардан бири томонидан қазиб олинган фойдали қазилма битим предмети бўлса, агар унга нисбатан ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқнинг адвалор солиқ ставкаси назарда тутилган бўлса, календарь йилдаги ушбу битимлар бўйича даромадлар суммаси эса 500 млн сўмдан ошса.
Қуйидагилар ўзаро боғлиқ шахслар жумласига киради, хусусан :
- юридик шахслар, агар улардан бири бошқасида бевосита ёки билвосита иштирок этса ва устав капиталидаги бундай иштирокнинг улуши 20 фоиздан ортиқни ташкил этса;
- жисмоний шахс ва юридик шахс, агар жисмоний шахс ушбу юридик шахсда бевосита ёки билвосита иштирок этса ҳамда устав капиталидаги бундай иштирокнинг улуши 20 фоиздан ортиқни ташкил этса.
Агар юқорида санаб ўтилган шартларнинг ҳеч бўлмаганда биттасига роия қилинган тақдирда, битим назорат қилинадиган битим ҳисобланади ва назорат қилинадиган битимлар тўғрисида хабарномада акс эттирилган бўлиши керак .
Трансферт нархни белгилашнинг умумий қоидасига кўра, назорат қилинадиган битимлар бўйича тузатиш киритиш бу солиқ суммасининг камайишига ёки зарар суммасининг кўпайишига олиб келмаган тақдирда амалга оширилади . Кўриб чиқилаётган вазиятда ускуналарнинг нолга тенг бўлган умумий молиявий натижа билан сотилиши амри маҳолдир. Шу боис бундай назорат қилинадиган битим бўйича тузатиш киритиш ТНБ усулларини ҳисобга олган ҳолда – битим нархи бозор нархларидан четга чиққан тақдирда қўшимча ҳисоблаш билан қўлланилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, агар фаолиятини Ўзбекистонда ДМ орқали амалга ошираётган чет эл компанияси назорат қилинадиган битимларда иштирок этса, ДМ улар тўғрисида хабарнома топшириши керак. Назорат қилинадиган битимлар тўғрисидаги хабарнома шакллари 111-сон ВМҚга 2-иловага мувофиқ тўлдирилади.
- Норезидентнинг доимий муассасаси фойда солиғини қандай тўлаши керак;
- Трансферт нархини белгилашда қандай ҳолатларда солиқ назорати амалга оширилади;
- Трансферт нархини шакллантиришда солиқ назорати ўтказилишининг тартиби қандай бўлиши керак;
- Юкни божхонадан ўтказиш, божхона тўловларини ҳисоблаш ва бухгалтерия ҳисобида акс эттириш;
- Импорт операциялари бўйича ҳисоб-китоблар қандай амалга оширилади.