Полезное для бухгалтера в ноябре:
Контрагент тўламадими, сиздан ундиришади
Ўзбекистон ҚҚС узилишлари юзасидан масалани ҳал қилишнинг “Россия сценарийси” бўйича боради: оптималлаштириш схемаларининг ҳақиқий бенефициарини эмас, балки контрагентларни жазолашади
Солиқ инспекторларида оптималлаштириш схемаларининг ҳақиқий ташкилотчиларини излашга мотивация йўқ. Янги Солиқ кодекси лойиҳасига солиқ тўловчи шартнома муносабатларига киришишда “лозим даражада эҳтиёткорлик” кўрсатмаган тақдирда солиқ тўловчи контрагент ҳаракатлари учун жавобгарлик принципи тўғридан-тўғри киритилган. Бироқ, бу ҳам энг катта муаммо эмас... Аввал солиқ тўловчининг пулини олишади, кейин эса у ўз “эҳтиёткорлигини” исботлашни бошлайди. Аслида аксинча бўлиши керак.
Давлат органининг позицияси
Бюджетда пул йўқ – бир томондан. Бошқа томондан – бизнес ҳақиқатда фирибгарлик билан шуғулланмоқда. Фирибгарлик шаклларидан бири – “нақдлаштириш идоралари”дан товар ва хизматларни “сотиб олиш”. Солиқчилар камерал назорат, мониторинг дастакларига эга ва улар шу сингари вазиятларни аниқлашга киришдилар. Харидор бу солиқни ҳисобга олгани, сотувчи эса бюджетга тўламагани боис улар бу узилишни кўришса, бу суммани харидорнинг шахсий карточкасига қарз сифатида тақдим этишади. Банк эса бу суммани ундан ечиб олади.
Баъзан субъектни ундирув тўғрисида огоҳлантиришади, баъзида эса – йўқ. Баъзан унга: нима учун бундай бўлганлигини исботла, дейишади. Ва у келиб, ҳақиқатда мавжуд бўлган барча имзолар қўйилган ҳисобварақ-фактурани кўрсатиши лозим ва ҳ.к. У ишончлилигини текширганлигини исботлаши, қандайдир далилни тақдим этиши лозим. Агар солиқчилар харидордаги каби субъектда ҳаммаси жойида эканлигини кўришса ва у лозим даражада эҳтиёткорлик кўрган бўлса ҳамда буни исботлай олса, шунда улар пулларни қайтаришади, келгуси тўловлар учун ҳисобга олишади ва ҳоказо.
Бу амалиёт... Қонун бўйича қандай бўлиши керак?
Жазолашдан олдин тушунтирилиши лозим.
ДСХО унга талабнома юбориши керак, солиқ тўловчи аввал унга ҳаммасини тушунтириши керак. Агар у тушунтирмаса, ҳеч қандай жавоб бермаса, ундан пул ечиб олинишига рози бўлганлигини билдиради.
Ҳужжатлар ва тушунтиришлар солиқчиларда ишонч ҳосил қилмаган тақдирда, улар судга мурожаат қилишлари лозим. Суд эса қарор қабул қилади.
Амалиётда эса солиқ органлари вақтни тежашади. Сабаби барча муҳокамалар ва тартиб-таомилга қонунга асосан тахминан 4 ой талаб этилади. Шу боис ДСХО аввал “қарзни” ҳисоблаб ёзади ва уни ечиб олади. Ва солиқ тўловчи ҳаракатга тушиб қолса, шикоят ёзса ва унда ҳужжатлар мавжуд бўлса, пулларни унга қайтариб беришади.
Агар у сукут сақласа, солиқчиларнинг айтишича, кўпинча шундай ҳам бўлади, демак, бу суммани қўшимча ҳисоблаб ёзишга қараганда янада қийинроқ оқибатлардан қўрқаяпти.
Нима қилиш зарур?
Ҳа, иқтисодий суд –бу тадбиркор билан давлат ўртасидаги ҳар қандай низоли масаланинг маданий ечими. Ва Ўзбекистон сўнгги йилларда ушбу маданий механизмларни режали тарзда барпо этди. Ҳозир биз бундай маданийликни йўқотаётганимиз жуда ачинарли ҳолатдир.
Бироқ, сиёсий ечим шундай бўлса ва давлат юзага келган муносабатлар тизимини қайта барпо этиш зарур, деб ҳисобласа, дастлаб норматив базани ўзгартириш ва фақат шундан кейин – ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўзгартириш лозим. Давлат органлари биринчи навбатда қонунга риоя қилиш билан ўрнак кўрсатишлари керак.
Юлия ЯШИНА
Солиқ қўмитасининг ушбу мавзу бўйича тушунтиришларини бу ерда ва бу ерда ўқинг.