СК-2022: юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича 5 та муҳим ўзгартириш

preview

Солиқ кодексига киритиладиган тузатишларни ўрганишда давом этамиз. Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича асосий ўзгартириш - солиқ базаси объектнинг баланс қийматидан, бироқ белгиланган минимал қийматдан паст бўлмаган қийматдан ҳисоблаб чиқарилади. Яна нима ўзгаради?

 

Эътибор беринг
“Имтиёзлилар” учун солиқдан ҳисобланган сумманинг 1%ини ундириш тартибини жорий қилиш тўғрисидаги 5-бандга муҳаррир тузатишлари киритилди.

 

1. Солиқ базасини аниқлашнинг янги тартиби жорий қилинади

2022 йилдан бошлаб кадастр органларида давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган бинолар ва иншоотлар (шу жумладан - тўлиқ амортизация қилинган) бўйича солиқ базаси қуйидаги миқдорларда 1 кв. метр учун мутлақ миқдорда белгиланган минимал қийматдан паст бўлиши мумкин эмас:

  • Тошкент шаҳрида - 2,5 млн сўм;
  • Нукус шаҳрида ва вилоят марказларида - 1,5 млн сўм;
  • бошқа шаҳарларда ва қишлоқ жойларда - 1 млн сўм.

Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларига энг кам қийматга туманларнинг иқтисодий ривожланишига қараб  0,5 гача бўлган камайтирувчи коэффициент киритишга рухсат берилди.

Агар объектнинг 1 кв. метри қиймати белгиланган минимал қийматдан паст бўлса, солиқ тўловчи кўчмас мулк объектлари қийматини мустақил баҳолашни амалга оширишга ҳақли. Мустақил баҳолаш натижалари солиқ базаси сифатида эътироф этилади

Агар мустақил баҳолаш натижалари қиймати 1 кв.метр учун белгиланган минимал қийматдан кўп бўлиб чиқса, ушбу ҳолда солиқ тўловчилар солиқни ҳисоблаб чиқиш мақсадида, 1 кв.метр учун белгиланган минимал қийматни қўллаш ҳуқуқига эга .

 

2. Бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиш ва биринчи тўловни тўлаш муддатлари узайтирилди

2022 йил учун ҳисобот тақдим этишнинг қуйидаги тартиби жорий этилмоқда :

1) 2022 йил 1 февралга қадар 2022 йил учун юридик шахслар мол-мулкига солинадиган солиқ суммаси тўғрисидаги маълумотнома кўчмас мулк объектларининг 1 кв.метр минимал қиймат миқдорини ҳисобга олмаган ҳолда тақдим этилади.

2022 йил 1 апрелга қадар пеня ҳисоблаш кўринишидаги жавобгарлик чорасини қўлламасдан аниқлаштирилган маълумотнома топшириш мумкин.

ҚҚС ва фойда солиғи тўловчилар мол-мулк солиғи бўйича биринчи бўнак тўловини 2022 йил 1 февралга қадар тўлашлари мумкин.

2) 2022 йил 1 апрелга қадар солиқ тўловчилар кадастр органлари билан кўчмас мулк объектлари майдонларини таққослашни амалга оширишга ҳақли. Улар кўчмас мулк объектларини мустақил баҳолашни ўтказиш режалаштирилганлиги тўғрисида солиқ органларини хабардор қилишлари шарт.

3) 1 кв. метр объектнинг қиймати белгиланган минимал қийматдан кам бўлган тақдирда, солиқ тўловчилар кўчмас мулк қийматини 2022 йил 1 октябрга қадар мустақил баҳолашни ўтказишга ҳақли.

2022 йил учун аниқлаштирилган маълумотномани, шунингдек баҳолаш натижаларини мустақил баҳолаш якунлангандан кейин 30 кун давомида тақдим этиш зарур.

 

3. Янги нефть ва газ қудуқлари бўйича имтиёз жорий қилинди

2022 йилдан бошлаб янги нефть ва газ қудуқлари улар фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб дастлабки 2 йил муддатга мол-мулк солиғидан озод қилинади.

Имтиёзнинг амал қилиш муддати якунлангандан кейинги 3 йил давомида белгиланган солиқ ставкасининг 50%га камайтирилган ставкаси қўлланилади.

 

4. Солиқ ставкалари ўзгартирилди 

2022 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги солиқ ставкалари белгиланди:

  • умумий ставка - 1,5% (2% эди);
  • норматив муддатда тугалланмаган курилиш объектлари бўйича - 3% (4% эди);
  • умумий фойдаланишдаги темир йўллар, магистраль қувурлар, алоқа ва электр узатиш линиялари, шунингдек мазкур объектларнинг ажралмас технологик қисми бўлган иншоотлар - 0,5%  (0,4% эди);
  • консервация қилиниши тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган кўчмас мулк ва тугалланмаган қурилиш объектлари - 0,5%  (0,4% эди). 

 

5. “Имтиёзлилар” учун солиқдан ҳисобланган сумманинг 1%ини ундириш тартиби жорий қилинади

Молия вазирлиги ва ДСҚнинг мол-мулк солиғи ва ер солиғи тўлашдан озод этилган солиқ тўловчилардан ушбу солиқлардан ҳисобланган сумманинг 1%ини ундириш тартибини жорий этиш ҳақидаги таклифи маъқулланди. Ушбу тартибни жорий этиш учун қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш зарур .

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text177412_sk-2022_yuridik_shahslarning_mol-mulkiga_solinadigan_soliq_buyicha_5_ta_muhim_uzgartirish