Молия вазирлигининг Солиқ кодексининг 244-моддасига киритилган ўзгартиришлар тўғрисида 31.03.2022 йилдаги 06/04-01-02-32/859-сон Ахборот хабари

preview

(PDF форматида юклаш)

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси

 Ўзбекистон Республикаси Марказий банки

Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси, 

давлат солиқ бошқармалари ва давлат солиқ инспекциялари

 

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 244-моддасига киритилган ўзгартиришлар тўғрисида

АХБОРОТ ХАБАРИ

31.03.2022 йилдаги 06/04-01-02-32/859-сон

 

Солиқ тўловчилардан банк операцияларига қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) солиниши масаласи бўйича келиб тушаётган сўровларни инобатга олиб, Молия вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади.

 

1. ҚҚСга тортиладиган молиявий операциялар 

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 244-моддаси биринчи қисми 1-бандига асосан 2022 йил 1 апрелдан бошлаб қиймати қатъий суммада белгиланган банк операциялари қўшилган қиймат солиғига тортилади.

Қатъий деб қатъий пул суммасида белгиланган (шу жумладан, базавий ҳисоблаш миқдорида (ёки миқдоридан) ифодаланган) ҳамда банк операцияси суммасидан фоизларда ҳисобланмайдиган банк операциялари бўйича хизмат қиймати тан олинади.

Агар солиқ тўловчи ўзининг нарх сиёсатидан келиб чиқиб, хизматга икки элементнинг комбинациясидан таркиб топган тариф (операция суммасидан фоизларда, бироқ бунда хизмат қиймати қатъий пул суммаси минимал (ёки максимал) миқдоридан кам (ёки кўп) бўлмаган) белгиласа, у ҳолда хизмат фақатгина фоизда ифодаланган хизмат қиймати қисмида ҚҚСдан озод қилинади.

Банк операцияларининг юқорида келтирилган солиқ солиш тартиби солиқ тўловчи Солиқ кодексининг 255-моддасига асосан чет эл юридик шахслари (солиқ органларида ҚҚС тўловчиси сифатида ҳисобда турмаган) томонидан хизматлар кўрсатиш жойи Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўлган молиявий хизматлар (банк операциялари қисмида) кўрсатилганда солиқ агенти бўлган ҳолларда ҳам қўлланилади.

Солиқ кодексининг 244-моддаси биринчи қисми 2-10-бандларида кўрсатилган молиявий хизматлар бўйича хизматлар қиймати шаклланиши шакли ва усулидан қатъий назар ҚҚСдан озод қилиниши сақлаб қолинади.

Бунда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда аввал тасдиқланган, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 29.05.2013 йилдаги 2460-сон билан рўйхатдан ўтказилган Қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган молиявий хизматларга тааллуқли операциялар Рўйхати қайта кўриб чиқилмоқда ҳамда Солиқ кодексининг қоидаларига мувофиқ келтирилмоқда.

 

2. Солиқ солиш мақсадларида ҳисоб сиёсатига ўзгартириш киритиш

Солиқ кодексининг 77-моддасига мувофиқ календарь йили давомида солиқ солиш мақсадларида ҳисоб сиёсати ўзгармайди. Солиқ тўловчининг ҳисоб сиёсатида ўзгартиришларга солиқ қонунчилиги ёки солиқ солиш шартлари ўзгарганда ҳамда фақатгина ушбу ўзгартиришларга тааллуқли бўлган қисми ўзгарганда йўл қўйилади.

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 29.12.2021 йилдаги ЎРҚ-741-сон Қонуни Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (www.lex.uz) 2021 йил 30 декабрда эълон қилинганлигини инобатга олиб, банк операцияларини амалга оширувчи солиқ тўловчилар 2022 йил 1 апрелга қадар солиқ солиш шартлари ўзгарганлиги муносабати билан солиқ солиш мақсадларида ҳисоб сиёсатига ўзгартириш киритиши ва ҚҚС суммасини ҳисобга олиш (алоҳида-алоҳида ва (ёки) мутаносиб) усулини танлашга ҳақли.

 

3. Электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш (ЭҲФ)

Солиқ кодексининг 242-моддаси 6-қисмига асосан молиявий хизматларни реализация қилишда хизматлар кўрсатилган календарь ойининг сўнгги куни хизматларни реализация қилиш бўйича айланмани амалга ошириш санаси ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 14.08.2020 йилдаги 489-сон қарори билан тасдиқланган Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан мижознинг шахсий ҳисобварағидан кўчирмани бериш орқали банк операцияларини расмийлашитиришда бевосита мижозга ҳисобварақ-фактурани тақдим қилиниши мажбурий ҳисобланмайди. Бунда, шундай хизматларни етказиб берувчи ҳар бир календарь ойи якунлари бўйича ушбу ойда кўрсатилган хизматларнинг бутун ҳажмига бир марта умумлаштирилган бир томонлама ЭҲФ шакллантиради.

Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришларни инобатга олиб, ўз мижозларининг талабларига кўра хизматларни етказиб берувчи солиқ тўловчилар ҳар бир календарь ойи якунлари бўйича кейинги ойнинг ўнинчи санасига қадар банк операциялари бўйича ЭҲФни расмийлаштиришлари ва тақдим этишлари шарт. Мазкур ҳолатда ушбу ЭҲФ бўйича айланмалар умумлаштирилган бир томонлама ЭҲФдан чиқариб ташланади.

 

4. Бошқа масалалар 

Солиқ кодексининг 239-моддаси 2-қисмига асосан бепул хизматлар кўрсатиш, агар бундай хизматлар иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди деб эътироф этилса, ҚҚС бўйича хизматларни реализация қилиш бўйича айланма ҳисобланмайди.

Бунда Солиқ кодексининг 239-моддаси 3-қисмида бепул хизматлар кўрсатиш қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда бирига риоя этилганда иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди деб эътироф этилиши белгиланган:

1) даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқарилган бўлса;

2) шундай тадбиркорлик фаолиятини сақлаш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқлиги асослантирилган бўлса;

3) қонунчиликнинг қоидаларидан келиб чиқса.

Бунда, мисол учун:

1) Солиқ кодексининг 90-моддаси 9-қисмига асосан банклар солиқ тўловчиларнинг топшириқномаларини ва солиқ органларининг инкассо топшириқномаларини кўрсатилган операциялар бўйича хизмат кўрсатганлик учун ҳақ ундирмаган ҳолда бажарадилар. Банклар томонидан солиқ тўловчиларга ва солиқ агентларига ортиқча тўланган (ундирилган) солиқлар, пенялар ва жарималар суммаларини қайтариш бўйича топшириқномаларини бажаришда кўрсатилган операциялар бўйича хизмат кўрсатганлик учун ҳам ҳақ ундирилмайди.

Кўрсатилган операциялар бўйича хизмат кўрсатганлик учун тўлов ундирмаслик қонунчиликнинг қоидаларидан келиб чиққанлиги сабабли, бундай бепул кўрсатилган хизматлар (операциялар) банкда иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди деб эътироф этилади ва ҚҚСни ҳисоблаб чиқаришда реализация қилиш бўйича айланма ҳисобланмайди.

2) Агар банк мижозга банк ҳисобрақамини (миллий ва бошқа валютада) очиб берса ва ушбу операция учун тўлов ундирмаса, у ҳолда бундай операция солиқ солиш мақсадларида иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди деб эътироф этилади ва ҚҚСни ҳисоблаб чиқаришда реализация қилиш бўйича айланма деб ҳисобланмайди, чунки у банк томонидан келгуси банк хизматларини кўрсатишда даромад олишга қаратилган фаолият мақсадида амалга оширилган.

Манбага қаранг.

Молия вазирининг ўринбосари

Д. СУЛТОНОВ