Полезное для бухгалтера в январе:
ТМБнинг йиллик инвентаризациясига қандай тайёрланиш керак
ТМБнинг йиллик инвентаризацияси одатда кўп вақт ва куч талаб қилади. Уни ўтказиш пайтига тўлиқ тайёр бўлиш учун buxgalter.uz амалий маслаҳатларидан фойдаланинг.
Материалда:
– инвентаризацияни нимадан бошлаш ва муддатларини қандай режалаштириш керак;
– уни бошлашдан олдин нима қилиш керак;
– инвентаризация якунлари бўйича нима қилиш керак;
– мажбурий инвентаризация ўтказилмаса нима бўлади.
Эътибор беринг
Экспертларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
Нимадан бошлаш, муддатларни қандай режалаштириш керак
Инвентаризация жараёнининг барчаси янгиланган 19-сонли БҲМС билан тартибга солинади.
Корхона раҳбари инвентаризация ўтказиш ҳақида буйруқ чиқариши, бир вақтнинг ўзида инвентаризация комиссиясини тайинлаши ва инвентаризация режасини тасдиқлаши керак. Лекин қандайдир режани тасдиқлаш учун, уни кимдир тузиши керак...
Шунинг учун дастлаб инвентаризация комиссияси аъзоларини тайинлаш керак. Улар биргаликда инвентаризация ўтказиш режасини тайёрлайдилар, унда қуйидагиларни кўрсатадилар:
- инвентаризация зоналари;
- бу зоналарда ҳисоб-китобларни ўтказадиган ходимлар (ҳисоб комиссиялари);
- кўрсатилган ҳар бир зонада ҳисоб-китоб вақти чегаралари.
Кейин эса корхона раҳбари буйруқ чиқаради ва шу буйруқ билан комиссия таркибини ҳамда у тузган инвентаризация ўтказиш режасини тасдиқлайди.
Кейинчалик буйруқни қайта тузмаслик учун инвентаризация ўтказиш муддатларини олдиндан режалаштиринг.
Инвентаризацияга қанча вақт керак бўлишини аниқланг – 10 кун ёки кўпроқ. Агар сизнинг йирик корхонангиз бўлса ва масалан, ҳудудларда кўп омборхоналар бўлса, комиссия таркибини ҳар бир ҳудуд учун алоҳида белгиланг.
БҲМС белгилаган инвентаризация ўтказиш муддатларини ҳисобга олган ҳолда, уни ТМЗ миқдори минимал қолган даврларда ўтказиш қулайроқ. Масалан, агар корхона 15 декабргача барча ТМЗни сотишни режалаштирган бўлса, мос равишда, инвентаризацияни шу санадан кейин ўтказган маъқул.
Бухгалтер учун эслатма: инвентаризация бошланишидан олдин нималарга эътибор бериш муҳим 1. Электрон шаклда артикул/штрихкод/номи устунларидан иборат максимал тўлиқ номенклатура маълумотнома-жадвалини шакллантиринг. Бу рўйхат омборхонада мавжуд бўлган барча ТМБни ўз ичига олиши керак. 2. Инвентаризация бошланишидан 1 кун олдин ТМБни тайёрланг: – барча ТМБда уларни идентификациялаш учун зарур бўлган ишлаб чиқарувчининг яхши ўқиладиган кодлари ва артикуллари борлигини текширинг;– маркировкасиз ёки ёмон ўқиладиган штрих кодли товарларни маркировкаланг; – юклагич ўтиши, нарвон ўрнатиш ва ҳ.к. учун стеллажлар орасидаги йўлакларни бўшатинг; – ёрлиқдаги штрих коднинг ТМБнинг ҳақиқий артикулига мослигини таъминланг; – ТМБни омборхонанинг бўш жойларига жойлаштиринг ёки қутиларга йиғинг (ҳисоблаш қулайлиги учун). 3. Инвентаризацияда қатнашадиган ходимлар ва уларнинг автотранспортини объектларга киришини таъминланг, рухсатномаларни расмийлаштиринг. 4. Инвентаризация бошланишига ва вақтида омборхона ходимларининг иштирокини таъминланг, ходимлар мажбуриятларини тақсимланг. Омборхона ходимлари инвентаризация комиссияси аъзоларига инвентаризация қилиниши керак бўлган ТМБ артикуллари бўйича маслаҳат бериши, инвентаризация давомида юзага келадиган саволлар бўйича тезкор маълумот тақдим этиши шарт. 5. Ҳисоблаш бошланадиган санада объектда нарвонлар, бўш қутилар ва бошқа ёрдамчи техник инвентарь, шунингдек товарга етишиш учун махсус техника мавжудлигини таъминланг. |
Раҳбар ўз буйруғи билан инвентаризацияларни кўпроқ ўтказилишини белгилаши мумкин. Қўшимча инвентаризациялар маълум бир ташаббус натижасида ўтказилиши мумкин. Улар мажбурий инвентаризациялар тартибидаги сингари ўтказилади.
Инвентаризация комиссияси:
1) товар-моддий бойликлар инвентаризация рўйхатларини тайёрлайди.
2) буйруқ билан қайта ҳисоб-китоб қилиш ва ТМБ инвентаризация рўйхатларини тўлдириш бўйича ишчи (ҳисоб) комиссияларига тайинланган ходимларга йўриқнома беради.
Комиссия раиси моддий жавобгар шахслардан инвентаризация бошланишига:
- товарга барча кирим ва чиқим ҳужжатлари бухгалтерияга топширилгани ёки комиссияга берилгани ҳақида;
- уларнинг жавобгарлигига келиб тушган барча ТМБ кирим қилингани, чиқиб кетгани эса – ҳисобдан чиқарилгани ҳақида тилхат олади.
Buxgalter.uz тавсия этади
Инвентаризация якунлари
Ҳисоблашдан сўнг комиссия ТМБ инвентаризация рўйхатлари тўғри тўлдирилганлигини текширади. Агар эътирозлар бўлмаса, маълумотлар инвентаризацияни қайта ишлаш дастурига киритилади. Агар камчиликлар аниқланса, ҳисоб ва инвентаризация комиссиялари аъзолари биргаликда ТМБни қайта ҳисоблайдилар.
Кейин инвентаризация комиссияси инвентаризация бўйича барча ҳужжатларни корхона бухгалтериясига кейинги қайта ишлаш учун топширади.
Агар инвентаризация натижалари ва бухгалтерия ҳисоби маълумотлари ўртасида тафовутлар аниқланса, бухгалтерия ходимлари инвентаризация натижаларини назорат текширувини ташаббус қилишлари мумкин.
Эътибор беринг
Инвентаризация ўтказишни чўзманг, чунки унинг натижалари солиқ оқибатларига эга бўлиши мумкин.
Мажбурий инвентаризация ўтказилмаса нима бўлади
Инвентаризация ўтказилмаганлиги учун маъмурий жавобгарлик – мансабдор шахсларга жарима назарда тутилган :
- биринчи марта – БҲМнинг 3 бараваридан 7 бараваригача;
- йил давомида такроран қилинган ҳуқуқбузарлик учун – БҲМнинг 7 бараваридан 10 бараваригача.