2023 йил 1 майдан нималар ўзгаради

preview

1 майдан қонун ҳужжатларига ўзгартиришларнинг навбатдаги тўплами кучга киради. Buxgalter.uz улардан энг муҳимларининг шарҳини тайёрлади:

 

Демак, 2023 йил 1 майдан бошлаб:

 

1. МҲЭКМ ва БҲМ оширилади

28.03.2023 йилдаги ПФ-45-сон Фармонга асосан:

  • меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори  ойига 980 минг сўмни ташкил этади;
  • БҲМ – 330 минг сўм;
  • бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори 7%га оширилади.

 

2. Айрим қурилиш материаллари божхона божидан озод қилинади

2025 йил 1 январга қадар импорт қилишда айрим қурилиш материаллари ва хом ашёларга божхона божининг ноль ставкаси қўлланилади. Гап қуйидаги ТИФ ТН кодлари бўйича товар номенклатураси ҳақида бормоқда: 2523, 4407 1998 00, 4410 1110 00, 4411 1390 00, 4412 3900 00, 4418 4000 00, 6806 1000 08, 7005 2925 00, 7005 2935 00, 7005 2980 00 .

 

3. Қуёш панелларини ўрнатиш бўйича талаблар кучга кирмоқда

16.02.2023 йилдаги ПҚ-57-сон қарорга асосан:

  • фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйлар томлари бўш қисмининг камида 50 фоизини қуёш панеллари эгаллаши керак;
  • барча АЁҚШда маиший-техник эҳтиёжлар ва ёритиш учун электр энергияси таъминотининг камида 50%и қуёш панеллари орқали қопланиши керак.

 

4. Янги иссиқхона хўжаликлари ҳамда айрим қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар табиий газ тармоқларига уланмайди

16.02.2023 йилдаги ПҚ-57-сон қарорга асосан янги ташкил этиладиган иссиқхона хўжаликлари, цемент, ғишт ва оҳак маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар газ тармоқларига уланмайди.

 

5. Солиқ маъмуриятчилигига доир ўзгартиришлар кучга киради

10.02.2023 йилдаги ПФ-21-сон Фармонга асосан:

  • автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари ва автомобилларга газ қуйиш станцияларида солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинган электрон ўлчаш ускуналари ва онлайн видео камералари ўрнатилган бўлиши керак;
  • пахта хом ашёси, ғалла ёки шолини қабул қилиш ва ҳисобини юритиш бўйича ахборот тизимларининг операторлари ўз тизимларини солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилишлари керак;
  • тўлов хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмалари амалга оширилганда, ЭҲФ расмийлаштиради.

 

6. ЯТТ ва юридик шахслар масофадан туриб ҳисобварақларни очишлари ва коммунал хизматларни етказиб берувчилар билан шартномалар тузишлари мумкин

Қуйидагиларга рухсат берилди :

  • тижорат банкларига  – ариза берувчини масофадан туриб идентификация қилиш учун зарур шарт-шароитлар мавжуд бўлганда, таъсисчилари Ўзбекистон резидентлари бўлган юридик шахслар ҳамда ЯТТларга банк ҳисобварағини масофадан туриб очишга;
  • юридик шахсларга  – қуйидагиларни электрон шаклда расмийлаштиришга:

– электр энергияси, табиий газ, иссиқ сув, ичимлик сув таъминоти, оқова сув ва телекоммуникация хизматлари кўрсатиш бўйича шартномаларни;

– уларнинг истеъмоли тўғрисидаги ҳисоботларни ва келгуси давр учун шартномавий миқдорлар тўғрисидаги бир марталик ва даврий ҳужжатларни.

 

7. Иш берувчиларга 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ қоплаб берилади

Бу ҳақда биз бу ерда ёзганмиз:

Ижтимоий солиқ суммаси еттинчи ойдан бошлаб ва фақат 25 ёшдан ошмаган ва мазкур иш берувчида 6 ой давомида узлуксиз меҳнат фаолиятини амалга оширган ходимлар бўйича қопланади.

 

8. Давлат кўчмас мулклари ва акция пакетлари Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилади

24.03.2023 йилдаги ПҚ-101-сон қарорнинг 2-бандига асосан:

  • давлат кўчмас мулклари ва давлат акция пакетлари (улушлари) Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилади, бундан Стратегик ислоҳотлар агентлиги, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тегишли улушлар ҳамда Президентнинг қарорларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;
  • давлат кўчмас мулк объекти ва бўш ер участкалари негизида амалга ошириладиган ДХШ лойиҳалари тўғрисидаги маълумотлар "Давлат мулки" ахборот тизимида жамланади;
  • давлат кўчмас мулки негизида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва уларни бегоналаштириш ҳамда давлат иштирокидаги корхоналарга инвестиция киритишга оид барча келишувлар бўйича Давлат активларини бошқариш агентлигининг хулосасини олиш керак бўлади.

 

9. Чакана дорихоналар нархларни оширганлик учун жаримага тушади

26.10.2022 йилдаги ПҚ-411-сон қарорнинг 5-бандига асосан:

  • фискал чекни Soliq мобиль иловасида рўйхатдан ўтказишда дори воситаларининг нархлари  Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг ахборот тизимидаги дори воситаларининг чакана референт нархлари билан автоматик тарзда солиштирилади;
  • чакана нархларга белгиланган устамалар ошириб қўлланилганлиги аниқланган тақдирда, бу ҳақда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига автоматик равишда хабар юборилади;
  • агар ҳуқуқбузарлик текширув чоғида тасдиқланса, бу дорихона учун жаримага сабаб бўлади.

 

10. “Маъмурий жаримага чегирма” олиш мумкин

18.04.2023 йилдаги ЎРҚ-830-сон Қонуннинг 1-моддасига асосан, агар маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб 15 кун ичида жарима миқдорининг 50%ини ёки 30 кун ичида – жарима миқдорининг 70%ини тўласа, жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилинади.

“Жаримага чегирма” қуйидагилар учун қўлланилмайди:

  • транспорт воситаларини, кичик ҳажмли кемаларни  маст ҳолда бошқарганлик;
  • маст ҳолдаги ҳайдовчиларнинг ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқаришига йўл қўйганлик;
  • транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаганлик.

Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади


Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text189893_2023_yil_1_maydan_nimalar_uzgaradi