Полезное для бухгалтера в ноябре:
Товар алмаштиришни қандай қилиб онлайн-НКТ орқали ўтказиш мумкин
“Харидорнинг талабига биноан яроқсиз товарни алмаштириш амалга оширилди.
Ушбу тартиб-таомилни онлайн-НКМ орқали қандай тўғри ўтказиш керак? Қайтариш чеки расмийлаштирилиб, товар янгисига алмаштирилганидан сўнг, харидорга яроқсиз товар ўрнига берилган товарга сотиш чекини уриш керакми?”
Саволнинг ечимини buxgalter.uz илтимосига биноан “GAROV TARAQQIYOT NKM” МЧЖ таъсисчиси Владимир ГИБЕЛЬ айтиб берди.
– Яроқсиз товарни алмаштириш кассада иккита мустақил операция сифатида расмийлаштирилади:
1. Яроқсиз товар қийматига қайтариш чеки урилади;
2. Яроқсиз товар ўрнига харидорга берилган товар қийматига сотиш чеки урилади.
Нафақат сифатсиз товар алмаштирилганда, балки харидор битта сифатли товарни бошқасига (масалан, ашёнинг ўлчами тўғри келмаган вазиятда) алмаштирганида ҳам шундай ҳаракат қилиш керак.
Иккала чек: қайтариш ва сотиш чеклари – солиқ солиш базасини тўғри шакллантириш учун керак. Бу айниқса қайтарилган товарнинг қиймати унинг ўрнига берилган товарнинг қийматидан фарқ қилганда муҳимдир.
Қайтариш чеки сотувчи:
- товар таъмирланмайдиган ва сотиб бўлмайдиган нуқсон билан қайтарилганда – товарни ҳисобдан чиқара олиши учун;
ёки
- агар харидорга битта сифатли товар бошқасига алмаштириб берилган бўлса – кейинчалик реализация қилиш учун товарни кирим қила олиши учун расмийлаштирилади.
Сотиш чеки товар (харидорга қайтарилган товар ўрнига берилган) сотувини ҳисобга олиш учун расмийлаштирилади. Сотиш чеки харидорга товар сифатига нисбатан эътирозлар юзага келган тақдирда уни тақдим этиш ва Soliq мобиль иловасида кешбэк олиш учун керак.
Иккала чек “Асл белгиси” тизимида товарларни тўғри акс эттириш учун ҳам муҳимдир. Гап уларга нисбатан товарни кузатиб бориш қоидалари кучга кирган мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган товарлар ҳақида бормоқда (тамаки, алкоголь маҳсулотлари, маиший техниканинг айрим турлари). Маркировкаланган товарнинг ҳар бирлиги ноёбдир. “Асл белгиси” тизими тўғри ишлаши учун қайтариш чекини расмийлаштириш чоғида қайтарилаётган товардаги рақамли маркировкалаш кодини сканерлаш лозим. Харидорга товарнинг ўрнига берилаётган товарга сотиш чекини расмийлаштириш чоғида эса – шу маҳсулотдаги рақамли маркировкалаш кодини сканерлаш керак.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади